Жаҳон | 15:42 / 13.02.2026
3566
5 дақиқада ўқилади

Исроилга қурол: Германия конституциявий суди шикоятни қабул қилмади

Ғазо секторида яшовчи фаластинлик Германия томонидан Исроилга қурол экспорт қилишга берилган рухсатга қарши даъво киритган. ГФР Федерал конституциявий суди бу масалада Гессендаги суд қарорини қайта кўриб чиқиш учун асос топмади.

Фото: AP

ГФР Федерал конституциявий суди Ғазо секторида яшовчи фаластинликнинг Исроилга қурол-яроғ экспорт қилишга берилган рухсатга қарши йўлланган шикоятини кўриб чиқишга қабул қилмади. Бу ҳақда пайшанба, 12 феврал куни суд сайтида хабар қилинди.

“Асосий қонундан Германия давлатининг халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти келиб чиқади. Айрим шартларда бу мажбуриятдан чет элда яшайдиган одамларни ҳам ҳимоя қилиш мажбурияти келиб чиқиши мумкин, — дейилади қарор асослантирилган хабарда. — Давлат органлари, одатда, ҳимоя қилиш бўйича умумий мажбуриятни ва эҳтимолий аниқ ҳимоя мажбуриятларини қандай бажариш ҳақида мустақил қарор қабул қилади. Шунинг учун, одатда, муайян бир аниқ чорага бўлган ҳуқуқ мавжуд эмас”.

Федерал конституциявий суд таъкидлашича, айрим истисно ҳолатлардагина ушбу қоидадан четга чиқиш мумкинлиги ҳақида қарорни ихтисослашган судлар қабул қилади. Бироқ мазкур ҳолатда даъвогар ихтисослашган судлар унга нисбатан ҳимояни таъминлаш эҳтимолий мажбуриятини англамагани ёки уни ўзбошимчалик билан рад этганини етарлича ишончли исботлай олмаган.

Шунингдек, Федерал конституциявий суд ихтисослашган суднинг қуйидаги талқинига эътироз билдирмагани кўрсатилган: ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ва ташқи иқтисодий фаолият бўйича низом қоидалари учинчи шахслар манфаатини ҳимоя қилувчи таъсирга эга эмас, асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мажбуриятидан эса мудофаа товарларини экспорт қилиш рухсатномаларини бекор қилишга тўғридан тўғри ҳуқуқ келиб чиқмайди.

Фаластинлик Гессен федерал ерида Германиянинг мудофаа корхоналаридан бирига қарши даъво киритган: мазкур корхона Федерал иқтисод ва экспорт назорати идораси рухсатига мувофиқ Исроилга танклар учун эҳтиёт қисмларни экспорт қилган эди. Аммо бу даъво қаноатлантирилмаган.

Dpa агентлиги хабар беришича, Гессен маъмурий суди 2025 йил сентябрида Франкфурт-Майн маъмурий судининг шошилинч қароридан кейин берилган фаластинликнинг шикоятини жараённи бошлаш учун шартлар йўқлигига таяниб рад этган.

Аввал ҳам Германиянинг Исроилга мудофаа маҳсулотлари экспорт қилиши атрофида баҳслар келиб чиққан. 2023 йил октябрда Евроиттифоқ ва АҚШ томонидан террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан кейин Германия бундай экспорт ҳажмини сезиларли оширган ва Исроил давлати билан ҳамжиҳатликни намойиш этиш учун тегишли буюртмаларни устувор тарзда кўриб чиққан.

Dpa ҳисоб-китобича, ўша пайтдаги Германия канцлери Олаф Шолц ҳукумати 2025 йил 6 май куни ҳокимиятдан кетгунига қадар Исроилга 0,5 млрд евро қийматида қурол экспорт қилишга рухсат берган. Шу билан бирга, Германия судларига бундай экспорт рухсатларига қарши бир қатор шикоятлар келиб тушган.

2025 йил ёзида Германия канцлери Фридрих Мерц ҳукумати Исроилнинг Ғазо секторида тобора тажовузкор ҳаракатлари ва Фаластин ҳудудларидаги оғир гуманитар аҳвол фонида, Ғазодаги урушда ишлатилиши мумкин бўлган қуролларни Исроилга экспорт қилишга рухсат бермасликка қарор қилган. Кейинчалик бу қисман эмбарго бекор қилинган. 2025 йил 10 октябрда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирган.

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескин ёмонлашди. ҲАМАС Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирди. Жангчилар Исроилга оммавий ракета зарбалари берди, унинг ҳудудига кириб бориб тахминан 1200 кишини ўлдирди. Улар, шунингдек, қарийб 250 нафар гаровга олинганларни тутиб, Ғазо секторига олиб кетган. Гаровдагиларнинг бир қисми алмаштирилган ёки озод қилинган, бир қисми эса ҳалок бўлган.

Исроил жавобан ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Ғазо секторидаги қуруқлик операцияси ва бомбардимонлар натижасида 71 000 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган. 2025 йил октябрда ўт очишни тўхтатиш режими бошланганидан кейин ҳам 450 нафардан ортиқ киши ўлдирилган. Топилган жасадлар орасида қурбонларнинг 90 фоизидан зиёдининг исми-шарифи ва шахси аниқланган. 

2026 йил 29 январда ЦАҲАЛ илк бор Ғазодаги уруш давомида тахминан 70 000 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Исроил ҳарбийлари айтишича, шу сонинг тахминан 25 000 нафари ҲАМАС жангчилари бўлган. Бундан ташқари, уларнинг маълумотига кўра, 2024 йилнинг илк ойларигача Ғазодан жангчилар учирган ракеталарнинг тахминан 13 фоизида техник носозлик бўлган ва улар сектор ҳудудига тушган, бу эса кўплаб фаластинликларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид