Жаҳон | 08:04 / 28.10.2025
12268
2 дақиқада ўқилади

Туркияда кучли зилзила рўй берди

Немис Геология фанлари тадқиқот маркази (GFZ) хабарига кўра, душанба куни соат 22:48 да Туркия ғарбида магнитудаси 6,1 бўлган зилзила содир бўлди, деб ёзади Reuters.

Фото: DHA

GFZ маълумотларига кўра, зилзила эпицентри 10 км чуқурликда бўлган. Туркиянинг Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар агентлиги (AFAD) эса зилзила эпицентри Балиқесир вилоятидаги Синдирги шаҳрига тўғри келганини ва 5,99 километр чуқурликда жойлашганини маълум қилди.

Силкинишлар Истанбул, Измир, Бурса, Маниса ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, вайрон бўлган бинолар бор, жабрланганлар ҳақидаги маълумот аниқланмоқда.

Дастлабки зилзиладан бир неча дақиқа ўтгач, магнитудаси 4,2 бўлган афтершок (кейинги силкиниш) қайд этилди.

Туркия йирик тектоник ёриқлар устида жойлашган ва ўз тарихи давомида кучли сейсмик фаолликни бошдан кечириб келган. Дунёдаги энг сейсмик фаол зоналардан бири — Шимолий Анатолия ёриғи — мамлакатнинг шимолий қисми, Мармар денгизи минтақасига яқин ҳудуддан ўтади, бу ерда Истанбул жойлашган.

2023 йилда магнитудаси 7,8 бўлган зилзила Туркияда 53 мингдан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган, мамлакатнинг жанубий ва жануби-шимолий шарқдаги 11 вилоятида юз минглаб бинолар вайрон ёки шикастланган. Қўшни Суриянинг шимолий ҳудудларида яна 6000 киши ҳалок бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид