Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оғир вазиятда қолган хотин-қизлар учун яна 40 шелтер очилади
2019 йилнинг I чорагида Ўзбекистонда ҳаётий оғир вазиятда қолган аёллар мурожаат қилиши учун яна 40 та ижтимоий мослашув маркази (шелтер) очилади. Республика Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ҳисоботи тингланиб, ҳамкор ташкилотлар иштирокида брифинглар ташкил этилган. Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятидан хабардор қилишга бағишланган.
Бугунги кунга келиб жойларда хотин-қизлар қўмиталари ҳузурида "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари"ни босқичма-босқич ташкил этиш ишлари олиб борилиб, жами 160 марказ ўз фаолиятини бошлаган. 2019 йилнинг I чораги давомида туман, шаҳарларда яна 40 марказнинг очилиши режалаштирилмоқда.
Брифингда аёллар ижтимоий мослашув марказлари томонидан келгусида амалга ошириладиган вазифалар хусусида ҳам маълумотга эга бўлишди.