Жаҳон | 14:00 / 26.06.2025
3950
10 дақиқада ўқилади

Киевга “Patriot” бермоқчи бўлган Трамп, НАТОнинг тарихий келишуви ва Эрон ядро дастури атрофидаги баҳслар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

НАТОчилар нимага келишди?

Ўтган кун жаҳон сиёсатининг диққат марказидан турган ҳодиса — НАТО етакчиларининг йиллик саммити бўлди. Унда НАТО давлатлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг бир неча ойлик босимидан сўнг, 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олди.

АҚШ президенти Ҳаагадаги саммитдаги бу қарорни «Европа ва Ғарбий цивилизация учун катта ютуқ» деб атади. Қўшма баёнотда аъзолар «чуқур» хавфсизлик таҳдидларига қарши бирлашганликларини таъкидлаган, хусусан, «Россиянинг узоқ муддатли таҳдиди» ва терроризм алоҳида кўрсатиб ўтилди. Бу йилги баёнотда, ўтган йилдагидан фарқли равишда, Россиянинг Украинага бостириб кириши қоралаб ўтилмаган. НАТОнинг 2026 йилги саммити Туркия бўлиши маълум қилинди.

Шунингдек, НАТО етакчилари «бир аъзога ҳужум – барчага ҳужум» тамойилига бўлган мустаҳкам садоқатини тасдиқлади. Аввалроқ, Доналд Трамп айни шу тамойил акс этган НАТО шартномасининг 5-моддаси ҳақида «уни турлича талқин қилиш мумкин», дея гапириб, аъзоларда шубҳа уйғотганди. Бироқ у саммитдан сўнг «Мен бешинчи моддани қўллаб-қувватлайман. Шу сабабли бу ерда турибман», — деди.

НАТО шартномасининг «юраги» бўлган 5-моддаси мазмуни шундай: «агар НАТОга аъзо бирор давлатга кимдир ҳужум қилса, бу барча НАТО аъзоларига ҳужум қилинган ҳисобланади ва қолган аъзолар заруратга кўра — сиёсий, иқтисодий ёки ҳарбий йўл билан — жавоб беришлари шарт».

Амалда бу модда фақат бир марта, 2001 йил 11 сентябрда АҚШга уюштирилган террористик ҳужумдан сўнг ишга туширилган. Шундан сўнг НАТО илк бор коллектив мудофаа чораларини қўллаган эди.

Ҳаагадаги саммитни бир нечта етакчилар «тарихий» деб атаётганининг асосий сабаби, барибир мудофаа харажатларини ошириш масаласи бўлиб турибди. Айниқса ижтимоий харажатлари катта бўлган Европа давлатлари учун ЯИМнинг 5 фоизи жуда катта маблағ ҳисобланади.

Трамп эса европаликлар ҳам мудофаа учун кўпроқ пул сарфлашини адолатли бўлади, деб ҳисобламоқда. Саммит олдидан Испания, Бельгия ва Словакия бу харажатларга қарши чиққан бўлса-да, охирида барибир келишувни имзолади.

Франция президенти Эммануэл Макрон эса Трампнинг Европа Иттифоқига нисбатан бож тарифлари борасидаги қарши курашига норозилик билдирди ва келишувга чақирди: «Биз иттифоқдошлар ўлароқ бир-биримизга «кўпроқ сарфлашимиз керак» деб туриб, савдо уруши олиб бораётган бўлсак, бу мутлақо мантиқсиздир», деди Макрон.

НАТО бош котиби Марко Рютте Трампни Эрон-Исроил можаросидаги ҳаракатлари учун мақтади. Трамп сулҳдан кейинги воқеаларни эса «Бу икки давлат ўзини мактаб ҳовлисидаги икки бола каби тутди» деди. Рютте эса «ва баъзида ота қатъий сўз ишлатишга мажбур бўлади», дея уни оқлаб қўйди.

Трамп ва Зеленский учрашуви

АҚШ президенти саммит доирасида асосий йиғилишда қатнашмаган, лекин Ҳаагага таклиф қилинган Украина президенти Володимир Зеленский билан ҳам учрашди.

«Зеленскийнинг бироз қийинчиликлари бор, у яхши йигит. Мен Путин билан кўп гаплашганман... у менга Эрон бўйича ёрдам таклиф қилди. Мен айтдим: бир илтимос, Эронмас, Россия бўйича ёрдам бер», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда BBC.

Трамп урушни 24 соат ичида тўхтатиш ваъдаси «сарказм» бўлганини маълум қилди. У ушбу уруш «бошқа барчаларидан қийинроқ бўлиб чиққанини» тан олди. Трамп яна бир бор Путин билан гаплашишга уринишини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Зеленский ҳам 25 июнь куни унга барчаси тезроқ якунланишини хоҳлаётганини айтган.

Bloomberg манбасининг сўзларига кўра, Трамп иттифоқчиларга Украина билан боғлиқ вазиятни нимадир қилиш кераклигини айтган. У ортиқча тафсилотларга тўхталмаган бўлса-да, бу Украина учун ижобий сигнал сифатида қабул қилинган.

Хусусан, Трамп Киевга қўшимча Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаларини топшириш имкониятини кўриб чиқишини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ушбу қуроллар АҚШнинг ўзига ҳам, Исроилга ҳам керак. Аммо у Украина учун имконият топилишига умид билдирган.

Зеленский ҳам Трамп билан суҳбатда ўз халқини ҳимоя қилиш учун Америка ҳаво мудофаа тизимларини харид қилиш ҳақида гаплашганини ёзди.

«Украина бу ускуналарни сотиб олишга ва АҚШнинг қурол-яроғ ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга тайёр. Европа бу борада ёрдам бера олади. Шунингдек, дронларни биргаликда ишлаб чиқариш имконияти ҳам муҳокама қилинди. Биз жанг майдонидаги вазият ҳақида ҳам гаплашдик. Путин аниқ ютаётган эмас. Мен президент Трампга бу ерда ҳақиқатан нима бўлаётгани ҳақида фактларни тақдим этдим», деган Зеленский.

НАТОнинг якуний коммюникесида аъзо давлатлар Украинани қўллаб-қувватлашга содиқликларини таъкидладилар: «унинг хавфсизлиги бизникига ҳам дахлдор», — дейилади унда. Шунингдек, Киевга тўғридан-тўғри мудофаа ёрдами ва мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаш харажатлари иттифоқдошларнинг умумий мудофаа сарфини ҳисоблашда инобатга олиниши қайд этилди.

Эрон ядро дастури атрофидаги воқеалар

АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳужумлар натижасида Эроннинг ядровий объектлари «жиддий зарар» кўрди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий баёнот берди.

Зарба оқибатлари ҳақида гапирар экан, Бақоий АҚШ ва Исроил ҳужумлари мамлакат ядровий иншоотларига жиддий зарар етказганини тасдиқлади. Бироқ у зарарларнинг аниқ тафсилотларини келтирмади.

22 июнь куни АҚШ авиацияси Эроннинг учта ядровий объектига — Фордо, Исфаҳон ва Натанзда жойлашган объектларга — авиазарбалар берган эди. Трамп бу зарбалар мисли кўрилмаган, дея баҳолаган ҳамда Эрон ядро иншоотлари яксон қилинганини айтганди. Пентагон генераллари эса «жиддий зарар» дейишган.

Кейин, йирик ОАВлар: NYT ва CNN Америка разведкасидаги манбаларига таяниб, бу зарбалар Эроннинг ядровий дастурининг асосий инфратузилмасини йўқ қилмагани, эҳтимол, унинг ривожланишини бир неча ой орқага сургани ҳақида ёзди.

Шундан сўнг Трамп Ҳаагадаги матбуот анжуманида Эронга берилган зарба самарадорлигига шубҳа билдирган нашрларни ҳақорат қилди

«CNN — бу пасткашлар. MSBNC — пасткашлар. New York Times — пасткашлар. Улар ёмон одамлар. Улар касал. Улар қилаётган иш — бу ақлга сиғмайдиган ғалабани арзимас нарсага айлантиришга уриниш. Лекин уларнинг ўзи ҳам бу жойга қаттиқ зарба берилганини тан оляпти», деди Трамп.

Эрон АЭХА билан ҳамкорликни тўхтатди

Эрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Эрон парламенти – Мажлис томонидан маъқулланди.

Теҳроннинг Mehr ахборот агентлиги ёзишича, йиғилишда қатнашган 223 депутатдан 221 нафари ҳужжатни қўллаб-қувватлаган. Қонун лойиҳаси Ислом Республикаси ҳукуматига халқаро ядровий тартибга солувчи орган билан ҳамкорликни тўхтатиш мажбуриятини юклайди. Эрон парламенти президиуми матбуот котиби Алиризо Салимий, агар Эрон ядро иншоотлари хавфсизлиги ва тинч ядровий фаолияти кафолатланмаса, АЭХА ходимлари текширув ўтказиш учун мамлакатга кира олмаслигини айтган.

Қонун лойиҳаси ҳали муҳофизлар кенгаши ва Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. Аввалроқ Мажлис раиси Муҳаммад Бағир Ғолибаф бу чора АЭХАнинг «сиёсийлашган позицияси» билан боғлиқ, деб тушунтирган эди. У ташкилотни ўз мажбуриятларини бажара олмай, «сиёсий восита»га айланиб қолганликда айблади.

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилишга тайёр эмас – Рубио

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россияга қарши янги санкцияларни жорий қилишга ҳозирча тайёр эмас. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио НАТО саммитида айтиб ўтди.

«Агар биз бу ерда ҳамма хоҳлаётган нарсани қилсак, яъни уларни янада кўпроқ санкциялар билан яксон қилсак, эҳтимол улар билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида гаплашиш имкониятидан маҳрум бўламиз», деб таъкидлади Рубио.

Рубио қўшимча қилдики, Трамп янги санкциялар мақсадга мувофиқ бўладиган «қулай вақт ва ўринни билади». Аммо у огоҳлантирди: «Бу содир бўлганда, Россия билан музокаралар ойнаси ёпилишини англатади».

Шу кунларда, хусусан 24 июнь куни Россия Украинанинг Днепр шаҳрига йўллаган баллистик ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 18 кишига етди. Днепрга қўшни Самар шаҳрида яна 2 киши ҳалок бўлган.

«Ҳужумлар сабаб умумий ҳисобда деярли 300 киши жабрланди», – деди Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.

Днепр шаҳрида кўплаб вайронагарчиликлар қайд этилган. Портлаш тўлқини Одессадан Запорижжяга кетаётган йўловчи поездига ҳам зарар етказган.

Россия ҳарбийлари Днепрга берилган ҳужум юзасидан расмий изоҳ бермади.

Мавзуга оид