Ўзбекистон | 23:13 / 09.05.2020
34145
3 дақиқада ўқилади

«Матонат мадҳияси» — Машъум урушда беш фарзандидан жудо бўлган она шарафига ўрнатилган ёдгорлик

Бугун мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни ушбу шонли сана муносабати билан барпо этилган Ғалаба боғига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. 

Бу ёдгорлик қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа – мўътабар она ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат асос қилиб олинган. 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг сўзларига кўра, Иккинчи жаҳон урушида бир оиладан беш нафар фарзанд урушга кетиб ҳеч бири қайтмаган оила дунёда учта бўлиб, иккитаси Беларусь ва АҚШда, яна бири Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова оиласидир. Она Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган. 

“Биз ўзбек адиблари Зулфия Зокирова олдида қарздормиз. Бу аёл ҳақида қўшиқ, достон ёзса бўлади, роман ёзса бўлади”, дейди у.

Ўтган йилги Хотира ва қадрлаш кунида президент Шавкат Мирзиёев Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга “Матонат мадҳияси” деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади. Шу мавзуда мақолалар, шеърлар ва бадиий фильм яратилди. 

Бугун ушбу обида Ғалаба боғининг марказида қад ростлаган. 

– Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади.

Мавзуга оид