Жамият | 23:00 / 04.11.2024
20710
9 дақиқада ўқилади

“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди

Тошкент ҳавоси ифлосланиш бўйича рекорд даражага чиқди. Муаммо яна жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Бойсунда портлаган кон атрофидан гўёки "ҳаммаси жойида" дея репортаж тайёрлаган Шерзодхон Қудратхўжа Юнусободда заҳарли газ чиқараётган иссиқхоналарни "йўқ қилиш"ни талаб қилди. Фаоллар эса масаланинг бошқа жиҳатларига эътибор қаратишди.

IQAir маълумотларига кўра, ноябрнинг дастлабки 3 куни давомида пойтахтимизда ҳаво сифати ўта ёмон даражага тушган. Хусусан, 3 ноябрь куни Тошкент Покистондаги Лоҳур шаҳри ва Ҳиндистон пойтахти Деҳлидан сўнг дунёнинг ҳавоси энг ифлос учинчи шаҳри бўлди.

Заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошиб, ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробар кўп бўлди. Ҳавонинг бундай “носоғлом” тоифага киргани сабаб кўчага чиқиш тавсия қилинмади, зарурат бўлганда фақат ниқоб билан чиқиш шартлиги эслатилди.

4 ноябрдаги ҳолатга кўра эса Тошкент рейтингда 28-ўринни эгаллади, PM2,5 дисперсли зарралари билан ифлосланиш даражаси ЖССТ тавсиясидан 5,8 марта юқори бўлиб турибди.

Айни муаммо фонида тармоқларда жамоатчиликнинг кескин эътирозлари янграй бошлади. Баъзи дискуссиялар яна бошқа муҳокамаларни ҳам юзага келтирди. Kun.uz шуларнинг айримларини келтиради.

“Виждон борми? – Шерзодхон Қудратхўжа

“М25” конидаги авариядан кейин сентябр ойи охирларида Бойсунга бориб, репортаж тайёрлаган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Facebook'да пост қолдирди. Сиёсатшунос Юнусобод туманида заҳарли газ чиқараётган иссиқхоналар фаолиятини тўхтатишни талаб қилди.

“Қизил даража!!! Дрон учириб Юнусобод Ҳасанбойида иссиқхоналарни йўқ қилиш вақти келди! Шина ва хазон ёқилмоқда! Ҳаво йўқ! Виждон борми?” – дея ёзган ректор.

Ҳозирда бу пост ўчириб юборилган, уни кўришнинг имкони мавжуд эмас. Аммо постдан олинган скринлар деярли барча тармоқларда тарқалиб, кескин дискуссияларни келтириб чиқаришга улгурди.

Устоз “ёпиқ қозонлар”нинг очилишига сабаб бўлдилар” – Муҳрим Аъзамхўжаев

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг айтишича, Қудратхўжанинг фикри ортидан тармоқларда ноқулай саволлар берилиши бошланган.

Устоз Шерзодхон Қудратхўжа ижтимоий тармоқларни портлатиб, "ёпиқ қозонлар"нинг очилишига, ноқулай саволларнинг юзага чиқишига сабаб бўлдилар. Чин журналистлик иши шудир, эҳтимол”, – дейди у.

Шунингдек, Аъзамхўжаев Бойсундан тайёрланган материалга ишора қилиб яна бир истеҳзоли пост ҳам қолдирган.

Фейсбукдаги айюҳаннослар қанчалик асосли эканини ўрганиш мақсадида бойсунлик бир журналист экология вазири матбуот котиби ва Юнусобод ҳокими билан бирга Ҳасанбойга келса-да, аҳоли фикрини ўрганамиз деб юрганида йўлларидан ҳасанбойлик оқсоқоллар чиқиб қолса. Уларга: “Юнусободда иссиқхоналар дастидан ҳаво қолмади дейишяпти, шу гап ростми?” деб савол беришганида, ҳалиги мўйсафидлар: “Бўлмаган гап, мана, нафас олиб турибмиз-ку, бунақа зўр ҳаво Шароф ака Рашидов даврида ҳам бўлмаган, мўътабар муҳтарамларимизга раҳмат! Интернетда ўтирган виждонсизлар гапираверади, улар ўзи Ҳасанбойга келганми-кўрганми? Фейсбуклардаги айюҳанносларга ишонманг”, деб қолса...

Бунақа репортаж бўлмайди, албатта. Ҳеч ким бунақа репортаж қилмайди. Чунки... виждон бор. Кунлар совиши билан ҳаво сифати ёмонлашганини ҳамма кўриб, билиб турибди. Лекин бўлаётган гап-сўзлар қизиқ-да. Яшайверсак кўраверарканмиз”, – дейди у.

Маълумот учун, 24 сентябрь куни Шерзодхон Қудратхўжаев Бойсун тумани Кофрун маҳалласида бўлиб, у ерда яшовчи бир гуруҳ кекса одамлар билан суҳбатлашганди. Репортаж мазмунига кўра, кондаги авариядан кейин маҳаллий аҳоли билан “ҳаммаси жойида” бўлган.

“Асл ўчоқларни бартараф этиш керак” – иқтисодчилар

Ўзбек иқтисодий таҳлилчилари ҳаво сифати билан боғлиқ муаммонинг туб илдизини энергетика соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлашган. Жумладан, Беҳзод Ҳошимов Telegram-каналида шундай деб ёзади:

Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Тошкентдаги абгор ҳаво муаммоси - бу ўнлаб йиллар давомида кечиктириб келинаётган энергетика ислоҳоти масаласи”.

Ботир Қобилов эса бу масала ҳал қилинмагунча экология ҳозирги ҳолатида яхшиланмаслигини, ёмонлашиши мумкинлигини айтмоқда.

Асл ўчоқларни, сабабларни аниқлаш, қўл билан ишора қилиш ва уларни бартараф этиш керак.

Унгача Ўзбекистон ва Тошкентда ҳаво сифати ва экология яхшиланишидан аввал бунданда ёмонлашиши табиий”, – деган Қобилов.

Газ экспорти тақиқланиши ва ўзбек гази иссиқхоналарга берилиши керак” – Отабек Бакиров

Отабек Бакиров эса Қудратхўжанинг фикрларига оптимистик муносабат билдирган ҳолда, Ўзбекистонда газ экспорти тўхтатилиб, иссиқхоналарга берилиши лозимлигини илгари сурган.

Махфий қарорлар билан ўзбек газ конлари ва ўзбек газ инфратузилмасини эгаллаб олган олигархия ўтган 10 ойда 2,6 млрд кубдан ортиқ, ўзбек иссиқхоналари эҳтиёжи учун камида 2 йилга етадиган ўзбек газини экспорт қилган ва ноябрдаям газ экспортини қасирлатиб давом эттирмоқда.

Албатта, кипрликми, швейцарияликми ёки гонгконглик олигархия билан эти ва тирноғини ажратиш имконсиз даражага етган шонли энергетиклар қаторида Бойсунга борганда Бойсун ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олган Шерзодхон Қудратхўжанинг Юнусобод ҳавосидан нафаси бўғилаётганини тушуниш керак. (40 кунда фалак шунақа айланишини ким туш кўрибди?)

Мен яхши гумондаман барибир. Шерзодхон ака газсиз қолиб, шина ва хазон ёқаётган Ҳасанбойдаги иссиқхоналарни дрон билан йўқ қилишни назарда тутмаган. Келаси ҳафта пойтахт қозонхоналарида газ ўрнига мазут ёқилиб, нафақат Юнусобод, бутун шаҳарни тутун қопласа, Шерзодхон ака мазут ёқилаётган қозонхоналарни дрон билан уриб тушириш керак демайди-ку!

Келинг, соғлом ақлга бир ўйлайлик, Қудратхўжа "Газ экспорти тақиқланиши ва ўзбек гази иссиқхоналарга берилиши керак" демоқчи бўлган бўлса-чи?

Виждон борми”, дея шонли энергетиклар ва олигархияга мурожаат қилган бўлса-чи?”– дейди у.

Афсус, «виждон» иссиқхонада ўсмайди-да, бўлмаса уни ҳам етиштирардик...” – Абдураҳим Абдувалиев

Қолаверса, Шерзодхон Қудратхўжанинг постига мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиев ҳам изоҳ бериб, иссиқхоналарга оид бир қанча рақамларни қайд этган. Маълумотларга кўра, 2022 йилда 2047 гектарни эгаллаган жами иссиқхоналар 487 млн куб газ ёққан, бу жами мамлакат газ харажатининг 0,8 фоизини ташкил этади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳозирда 6000 (баъзи маълумотларда 6500) гектардан ошиқроқ иссиқхона мавжуд. Бу иссиқхоналарда 60 мингдан зиёд доимий, 80 мингга яқин мавсумий ишчилар ишлайди. Йилига 200 млн доллардан ошиқроқ маҳсулот экспорт қилинади. 15 турдан ошиқ: помидор, бодринг, болгар қалампири, бақлажон, қалампир, лимон, қулупнай, турли кўкатлар, банан ва бошқа маҳсулотлар йил бўйи етиштирилади.

Иссиқхоналарда шунча нарса бор-у, лекин «виждон» йўқ экан. Афсус, «виждон» иссиқхонада ўсмайди-да, бўлмаса уни ҳам етиштирардик...”,– деган у.

Эслатиб ўтамиз, шу йил бошида Тошкент шаҳар ҳокимияти экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқаётганини, бу бўйича тақдимот қилинишини маълум қилганди. Аммо йил тугаб қолдики, режанинг боши ҳам кўрингани йўқ. Kun.uz'нинг бу борадаги сўрови эса жавобсиз қолдирилганди.

Феврал ойида Kun.uz'га интервю берган Экология вазирлиги бўлим бошлиғи Баҳром Холхўжаев экологик муаммолар, жумладан, ҳаво ифлосланишининг камайишида ижро ҳокимиятидаги бошқа вазирлик ҳамда ташкилотларнинг ўрни катта экани, ишлаб чиқилган тавсиялар асосида нима ишлар қилинаётгани очиқланиши кераклигини айтганди. Масъул вакил бу борада Эковазирлик ҳар қандай дебат, анжуман, брифинг ўтказилишига тайёрлигини, бошқа ташкилотлар берадиган керакли таклиф ҳамда тавсиялар қўллаб-қувватланишини ҳам таъкидлаганди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади

Мавзуга оид