Бугун сайловчилар ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз берадиган, сиёсий партиялар эса ҳар бир овоз учун курашадиган кун. Мамлакатда тонгги соат 08:00 сайлов жараёнларига старт берилган. Kun.uz мухбири Юнусобод туманида жойлашган 520-сайлов участкасидаги жараёнлар билан танишди.
Ушбу сайлов участкасидаги илк сайловчилардан бири Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бўлди. У оиласи билан келиб, ўзи танлаган номзодга овоз берди.
Кун ярмига қадар сайловчиларнинг келиб-кетиши бироз пассив ўтди. Мазкур жараённи Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа тошкентликларнинг кеч уйғониши билан изоҳлади:
“Йирик шаҳарлар, хусусан, пойтахт аҳолиси бошқа жойларда истиқомат қилувчиларга нисбатан бироз кечроқ уйғонади. Дунёнинг барча мегаполисларида ўтказилган сайловларда ҳам овоз берувчилар кун ярмига яқин, яъни 11:00-12:00 лардан кейин фаоллашади. Айни дамда турган сайлов участкамиз Марказ 5 ҳудудида жойлашган. Шу боис, сайловчиларнинг катта қисми тушдан кейин келишини кутяпмиз”, – деди у.
Сайлов участкасида фуқароларнинг овоз бериши учун алоҳида кабиналар ташкил этилган. Сайловчилар яширин овоз бериш йўли билан 5 сиёсий партия номзодларидан бирини танламоқда. Мазкур сайловда иштирок этаётганлар ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ҳам маҳаллий (вилоят, шаҳар ва туман) кенгаш депутатлигига номзодлар учун овоз бермоқда.
520-сайлов участкасида жами 2381 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Сайлов участкаси раҳбари Равшан Райимжоновнинг айтишича, бу ерда 16-23 октябр кунлари муддатидан аввал овоз берганлар сони 92 нафарни ташкил қилади.
Парламент сайловига жами 851 нафар хорижий кузатувчилар аккредитациядан ўтган, улар сайлов округларига бориб, жараёнларнинг қандай бўлаётганини кузатяпти. Жаҳон савдо марказлари ассоциацияси директори Вижай Калантрининг таъкидлашича, Ўзбекистондаги бу йилги парламент сайловлари юқори савияда, тизимли ташкиллаштирилган:
“4 дан ортиқ сайлов участкасига бордим, ҳудудларда ушбу демократик жараёнлар шаффофлик билан ўтяпти. Овоз бераётган одамлар алоҳида кабиналарга кириб, номзодларни танлаяпти, кузатувчилар сайловни диққат билан назорат қилиб турибди. Ўйлашимча, Ўзбекистонда бундай демократик жараёнлар фаоллик билан давом этади”, ¬ дейди у
Қирғизистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Назарбек Шерматалиев эса жараёнда ҳеч қандай низом бузилиши ҳолатини аниқланмаганини, сайловчилар участкаларга ихтиёрий тарзда ташриф буюриб, ўзи истаган номзодларга овоз бераётганини билдирди.













