Ўзбекистон | 18:34 / 18.10.2024
10736
2 дақиқада ўқилади

М25 конини ёпиш учун портлатиш режалаштирилмаган — ҳокимлик

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Бойсундаги олтингугурт гази чиқаётган кон портлатилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди. “Ҳозирда бундай чораларни амалга ошириш режалаштирилмаган”, дейилади баёнотда. Октябр бошида энергетика вазири конни жиловлаш учун 2-3 кунлик тайёргарлик ишлари қолгани, режа иш бермаса, бошқа сценарийларга ўтилишини айтганди.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги М25 конидан таркибида водород сулфид юқори бўлган газ чиқишини тўхтатиш учун портлатиш усулидан фойдаланиш режалаштирилмаган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни вилоят ҳокимлиги рад этди.

“Бугун турли Telegram-канал ва гуруҳларда Бойсун туманидаги М25 конида газ чиқишини тўхтатиш мақсадида енгил портлатиш ишлари амалга оширилиши ҳақида ёлғон хабарлар тарқалди. Мазкур хабар асоссиз бўлиб, ҳозирда бундай чораларни амалга ошириш режалаштирилмагани маълум қилинади ҳамда бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликни ва тарқатмасликни сўраймиз”, – дейилади расмий баёнотда.

Вилоят ҳокимлиги аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи ёлғон ва асоссиз хабарларни тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини эслатган.

М25 конидаги техноген офат 1 сентябр куни рўй берди. 15 сентябр куни кон тўлиқ жиловлангани маълум қилинди, лекин икки кун ўтиб, такрорий авария содир бўлиши натижасида 4 киши ҳалок бўлиб, 11 киши жабрланди. Қудуқдан олтингугурт гази сизиб чиқиши давом этиб, ҳамон аҳоли саломатлигига хавф солмоқда.

Октябр ойи бошида “Лолазор” подкастига интервью берган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тузилган режа бўйича конни жиловлаш учун яна 2–3 кунлик тайёргарлик ишлари қолганини айтганди.

“Қўшимча ускуналар олиб келинган, уларни ўрнатиш жараёни кетмоқда. Агар бу сценарий иш бермаса, яна бошқаларига ўтилади ва бу 2–3 ой вақт олиши мумкин”, – деган эди вазир. У бошқа сценарийлар нимадан иборатлигига тўхталмаган.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат бўйича Бош прокуратура, Экология вазирлиги ва Контехназорат инспекцияси ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирган, бу идоралардан ҳеч бири ҳозирча ўз ўрганишлари хулосасини тақдим қилмади.

Мавзуга оид