I Халқаро Зиёрат туризми форуми ўз ишини бошлади
22 февраль куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Бош вазир ўринбосари йиғилганларга Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, қуйидагиларни маълум қилди:
"45 та мамлакатга визасиз режим жорий қилинди, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сони 64 тага етди; 76 та мамлакат фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлдилар. 2018 йилда 50 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун қарийб 22 мингта электрон кириш визалари расмийлаштирилди; Ўзбекистон ҳудудидан транзит билан ўтаётган 101 давлат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилди", - деди у.
Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча кириш визалари тоифалари («Vatandosh», «Academic visa», «Medical visa», «Student visa») жорий этилгани тўғрисида маълумот берди. Форум мавзуси ва меҳмонларимизга бевосита алоқадор бўлган янги виза тури - «Pilgrim visa» айнан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида жорий этилганини алоҳида қайд этди.
Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари «Буюк ипак йўли» мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилувчи сайёҳларга қулайлик яратиш, бир ташриф доирасида Марказий Осиёдаги бир нечта мамлакатларда бўлиш имкониятини берувчи «Silk visa» тизимини ҳам жорий қилиш масаласи кўзда тутилаётганини таъкидлади.
"Охирги икки йил ичида муҳтарам Президентимиз томонидан туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, жумладан, ушбу соҳадаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 20 дан ортиқ имтиёз ва преференцияларни беришни кўзда тутувчи қарорлар қабул қилинди. Туризм инфратузилмаси, жумладан, меҳмонхоналар қурилиши лойиҳаларига хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорларни кенг жалб қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда", - деди у.
Тадбирда Ўзбекистон асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келгани таъкидланди.
"Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган олим ва мутафаккирларнинг ватани сифатида Ўзбекистон замини бутун дунёдан ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида сайёҳларни чорлаб келмоқда. Сўзимизнинг яққол далили сифатида бир неча асрлардан буён ислом маданияти пойтахти сифатида намоён бўлиб келган “Қуббатул Ислом” - Бухоро шаҳри Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ИСЕСКО) томонидан Бухоро бошқа шаҳарлар қаторида Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилинганлигини таъкидлаш жоиз", - деди Абдуҳакимов.
Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари Ўзбекистоннинг бой илмий-тарихий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилаётгани қайд этилди. Зиёрат туризми учун тарихий-маданий объектлар, зиёратгоҳларнинг ўзи етарли эмаслиги, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми жозибадорлигини ошириш учун тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилиши билан бирга зиёратчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиши кераклигига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда умумий овқатланиш масканлари ва ресторанларда “Ҳалол” стандарти жорий этилаётгани таъкидланди. Туризм хизматлари ва мусулмон меҳмондўстлиги талаблари бўйича стандартлар ишлаб чиқилди. Халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва меҳмонхоналарда намозхоналар ва таҳорат хоналари ташкил этилгани қўшимча қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўз нутқида зиёрат сафарларининг инсон саломатлиги ва руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишига урғу берди.
"Ҳазрати Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи вассалам) бир ҳадиси шарифларида “Сафар қилинглар, шунда соғлом ва ризқу насибали бўласиз”, деб марҳамат этганлар", - деди у.
Усмонхон Алимовнинг сўзларига кўра, сафарнинг фойдали жиҳати унинг нима мақсадда эканига боғлиқ. Бунга мисол сифатида машҳур ҳадис илми намоёндаси Имом Ал-Бухорийнинг ҳаёти келтирилди.
Халқаро Зиёрат туризми форуми доирасида шунингдек Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Туркия дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Осман Тирасчи, Деҳли бош масжиди имоми Саид Бухорий, Россия муфтийлар кенгаши раиси биринчи ўринбосари Рушан Аббасов, Индонезиядаги Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Эко Шри Маргианти, Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмита раиси Абдулҳадий Ал-Касабий ва бошқалар сўзга чиқишди.
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024