Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент давлат тиббиёт университетининг 8 та магистратура йўналиши халқаро аккредитациядан ўтди
Аккредитация жараёни Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси (World Federation for Medical Education — WFME) стандартлари ҳамда Евросиё давлатлари тиббиёт муассасаларини аккредитация қилиш ва таълим сифатини таъминлаш маркази (ECAQA) талаблари асосида амалга оширилди.
Фото: Тошкент давлат тиббиёт университети
2025 йилнинг 3–8 ноябрь кунлари ECAQA халқаро экспертлари томонидан университетда кенг қамровли баҳолаш жараёнлари ўтказилди. Унда олийгоҳдаги магистратура таълим дастурлари мазмуни, ўқув жараёни ташкил этилиши, клиник тайёргарлик даражаси, илмий фаолият, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳамда таълим инфратузилмаси каби қатор мезонлар таҳлил қилинди.

Шундан сўнг қуйидаги магистратура йўналишлари халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди:
• Эндокринология
• Оториноларингология
• Офтальмология
• Педиатрия
• Болалар анестезиологияси ва реаниматологияси
• Болалар кардиологияси ва ревматологияси
• Болалар неврологияси
• Болалар ва ўсмирлар гинекологияси

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур аккредитация таълим дастурларининг халқаро стандартларга мослигини англатади. Бу эса олий таълим муассасасининг халқаро академик майдонда ишончлилиги ва рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Шунингдек, бундай аккредитация тиббиёт соҳасида тайёрланаётган мутахассисларнинг билим ва кўникмалари замонавий талаблар ҳамда глобал стандартларга мос шакллантирилаётганини тасдиқлайди.
Маълумот ўрнида, халқаро аккредитация сертификатлари WFME ҳамда ECAQA маслаҳатчиси Фарида Нурманбетова томонидан соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродовга тантанали равишда топширилди.
Реклама ҳуқуқи асосида