Спорт | 12:06 / 19.10.2025
9945
3 дақиқада ўқилади

Катанецнинг ёрдамчилари ЎФАдан 350 минг евро талаб қилмоқда

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Сречко Катанецнинг уч нафар ёрдамчиси ФИФАга ариза билан мурожаат қилиб, 350 минг евро товон пули талаб қилди. ЎФА бунга жавобан Катанец кетганидан сўнг уларнинг шартномалари автоматик бекор қилингани, бу халқаро амалиётга тўғри келишини таъкидлади.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Сречко Катанецнинг уч нафар ёрдамчииси Ўзбекистон футбол ассоциациясидан (ЎФА) 350 минг евро ундирмоқчи, деб хабар тарқатди Asia_SportUZ Telegram канали.

Манбага кўра, словениялик мутахассислар Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Низоларни ҳал қилиш палатасига шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, уларга тахминан 350 минг евро берилиши кераклигини айтган.

Улар билан шартнома муддати 2026 йил ёзига қадар мўлжалланганди, бироқ бу келишув Фабио Каннаваро бошчилигидаги янги мураббийлар штаби тайинланганидан кейин бекор қилинган.

Уларга ёшлар жамоалари билан ишлаш имконияти таклиф қилинган, бироқ улар келишув миллий жамоани жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун махсус тузилганини айтиб, рад жавобини беришган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бунга жавобан собиқ бош мураббий ёрдамчиларининг шартномалари шартномалардаги «бош мураббийнинг меҳнат шартномаси бекор бўлганда ёрдамчи мураббийларнинг ҳам шартномаси бир вақтнинг ўзида бекор бўлиши» бандига мувофиқ автоматик тарзда бекор қилинганини маълум қилди.

«Собиқ бош мураббий шартномасининг тарафларнинг розилиги билан бекор бўлиши ва жамоага янги мураббийлар штабининг келиши собиқ мураббийлар штаби аъзоларининг шартномаларининг ҳам бекор бўлишига олиб келади»,  дейилади хабарда.

Ассоциация бундай банднинг меҳнат шартномаларига киритилиши ФИФА ва Спорт арбитраж суди (CAS) юриспруденциясига кўра одатий амалиёт ҳисобланишини таъкидлаган.

Спорт ташкилоти штабнинг собиқ аъзоларига бошқа ёш гуруҳлари билан ишлашни давом эттириш таклиф қилинганини тасдиқлади, аммо «улар таклифни рад этган».

Маълумот учун, Сречко Катанецнинг мураббийлар штабига словениялик беш нафар мутахассис: ассистентлар Алеш Чех ва Владо Радманович, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Мартин Магистер, дарвозабонлар мураббийи Нихад Пейкович ва физиотерапевт Иан Катанец киритилган.

Сречко Катанец Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига 2021 йил август ойида келганди, аммо 2025 йил январида соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли у ишини давом эттира олмади. Унинг ўрнига Тимур Кападзе вақтинча бош мураббийга айланди, у Катанец штаби аъзолари билан бирга Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқди.

Аммо ЎФА мундиалга хорижлик таниқли мутахассис билан боришга қарор қилди ва октябр ойида италиялик Фабио Каннаваро билан 2+3 кўринишида шартнома тузилди, Кападзе эса унга ёрдамчи мураббий сифатида олиб қолинди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид