Жаҳон | 19:15 / 12.01.2026
5559
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Украина учун янги баллистик ракета ишлаб чиқади

Бундай ракета Москвагача етиб бориши мумкин бўлади.

Буюк Британия Киевга «Путиннинг ҳарбий машинасидан ҳимояланиш»да ёрдам бериш мақсадида Украина учун янги тактик баллистик ракета яратиш устида ишламоқда. Бу ҳақда якшанба куни кечқурун Буюк Британия ҳукумати расман маълум қилди.

Nightfall деб номланадиган ракета 200 килограммлик жанговар каллакка эга бўлади ва унинг учиш масофаси 500 километрни ташкил этади – шу тариқа, у назарий жиҳатдан Украина ҳудудидан Москвагача етиб бориши мумкин. Тизим мураккаб шароитларда, жумладан,

радиоэлектрон кураш воситалари қўлланган ва GPS навигацияси чекланган ҳолатларда ҳам ишлаш учун мўлжалланган бўлади.

Ҳукумат томонидан эълон қилинган танлов доирасида учта пудратчи компания 12 ой ичида дастлабки учта ракетани лойиҳалаштириб, синовлар учун етказиб бериши керак. Шартномалар март ойидаёқ тузилиши кутилмоқда.

Кейинчалик Буюк Британия ойига камида 10 та тизим ишлаб чиқариши ва битта ракетанинг максимал нархи 800 минг фунт стерлинг (920 минг евро) бўлиши тахмин қилинмоқда.

Буюк Британияда янги баллистик ракеталарни ишлаб чиқиш режалари ҳақида илк бор 2025 йил ўрталарида маълум бўлганди. Ўшанда янги қуролнинг асосий афзаллиги мобиллик бўлиши ҳақида хабар берилганди – шунда учириш қурилмаси экипажи бир неча дақиқа ичида ўз жойлашувини ўзгартириши ва жавоб зарбасидан қочиши мумкин бўлади.

Ҳозирда Украинада хорижда ишлаб чиқарилган узоқ масофали ракеталарнинг икки тури мавжуд – Американинг ATACMS ва Британиянинг Storm Shadow. Ғарбдаги иттифоқчилар узоқ вақт мобайнида Киевга улардан Россиянинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларига зарба йўллашда фойдаланиш учун рухсат бермай келганди.

Бу тақиқ фақат 2024 йил охирига келиб олиб ташланди, аммо Оқ уйда маъмурият алмашганидан кейин Пентагон РФ бўйлаб зарба йўллашдан олдин буни муҳокама қилишни талаб қила бошлади – шундан буён бундай зарбалар деярли тўхтади. Киевдагилар нафақат ATACMS, балки Storm Shadow ракеталари орқали зарба йўллашни ҳам АҚШ билан келиши шарт бўлади (уни ишлаб чиқаришда Американинг ҳам иштироки борлиги туфайли).

Украинанинг ўзида уч минг километргача уча оладиган «Фламинго» ракеталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ноябр ойи бошида Зеленский йил охиригача «Фламинго»ни оммавий ишлаб чиқариш бошланишини айтганди. Украина қуролли кучлари бош штаби май ойида бундай ракета жанговар шароитда ҳам синовдан ўтказилганини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид