Ўзбекистон | 20:39 / 10.12.2025
6621
5 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши курашиш кластери йўлга қўйилади

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган йиғилишда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари тақдимот қилинди. Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш кластерини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 декабр куни коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишди.

Қайд қилинишича, БМТ ташаббуси билан 2004 йилдан бошлаб ҳар йили 9 декабрда Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни бутун дунёда нишонланади. Ушбу сана мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарасини баҳолаш, амалий натижаларни таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш учун муҳим фурсат.

Таъкидланишича, ўтган даврда 793 миллиард сўмлик маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши олди олинган, қарийб 2 триллион сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган, 478 миллиард сўмлик зарар ундирилган.

354 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди, 1397 та манфаатлар тўқнашуви ҳолати ҳамда қарийб 550 миллиард сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинган. Мансабдор шахсларга нисбатан 26 та жиноят иши қўзғатилиб, 24 нафари маъмурий ва 148 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.

Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш кластерини йўлга қўйиш таклиф этилди. Таъкидланишича, бу тизим Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ҳисоб палатаси ва Давлат молиявий назорати инспекцияси, идораларнинг ички назорат бўлинмалари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида мазкур иллатга қарши курашиш бўйича яқин ҳамкорлигини ўрнатиш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади.

Кластер доирасида ахборот алмашиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, мониторинг ва баҳолаш орқали яхлит экотизим яратилади, ишларнинг самарадорлиги ошади.

Тақдимотда соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Турли идораларнинг маълумот базаларини интеграция қилиш асосида Хавф-таҳлил марказини ташкил этиб, коррупцион хавфларни ҳамда давлат харидларида аффилланганлик ҳолатларини автоматик аниқлаш режалаштирилган. Шунингдек, комплаенс бўлимларнинг ишини тўлиқ рақамлаштириш, коррупциявий омиллар ва хавф-хатарларни аниқлаш тезкорлигини ошириш бўйича режалар тақдимот қилинди.

Қарорлар қабул қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда “E-qaror” тизимида ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши устидан назоратни ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишда жамоатчилик назорати имкониятларини кенгайтириш топширилди.

Превентив чораларнинг кўлами ва таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор берилди.

Соҳа ва тармоқларда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш таклиф қилинди. Бунда коррупция жиноятлари статистикаси ва бюрократия даражаси юқори, фаолияти бўйича фуқаролардан энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган ҳамда рақамлаштириш даражаси паст бўлган соҳалар билан манзилли ишлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай соҳа ва тармоқларда лойиҳа офислари ташкил этилиб, фаолият якунлари бўйича ҳисобот тайёрланади ва жамоатчиликка эълон қилинади.

Умуман, коррупцияга қарши курашиш жараёнига кенг жамоатчиликни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада инвестиция лойиҳаларининг ижросини назорат қилувчи ташаббускор гуруҳларни кўпайтириш, қурилиш ишларини назорат қилишда маҳалла фаолларининг иштирокини таъминлаш таклиф қилинди.

Коррупция ҳақида хабар бераётганлар сонини ошириш мақсадида уларга ҳимоя ордери беришни йўлга қўйиш, рағбатлантиришнинг реал механизмини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. «Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.

Шунингдек, давлат раҳбарига қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигидаги суиистеъмолчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, турли соҳалардаги иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши кўрилаётган чоралар ҳақида ҳисобот берилди.

Мутасаддиларга бу борада фақат жиноятнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш, фаолиятни рақамлаштириб, масофавий назорат механизмлари ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан топшириқлар берилди. Профилактика ишларини кучайтириш, молиявий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, қонунбузарликларга имкон берувчи бўшлиқларга йўл қўймаслик мақсадида қонунчилик ҳужжатларини доимий равишда такомиллаштириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид