Технология | 07:23 / 23.02.2026
8791
2 дақиқада ўқилади

Honda ўзининг биринчи хусусий самолётини тақдим қилди: у мустақил равишда қўна олади

Икки двигателли Honda самолёти ўз тоифасида биринчи бўлиб АҚШнинг Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси (FAA) томонидан Garmin’нинг фавқулодда ҳолатда автоматик қўндириш тизими — Emergency Autoland (EAL) учун сертификат олди.

Elite II Фото: Honda Aircraft Company

Honda Aircraft компанияси маълум қилишича, Elite II самолёти Garmin’нинг фавқулодда автоматик қўниш тизими (EAL) билан жиҳозланади — бу тизим зарурат туғилганда самолётни автоном тарзда қўндириш имконини беради. У FAA томонидан мазкур тизимга сертификат олган ўз сегментидаги илк енгил, икки двигателли реактив самолёт ҳисобланади.

Honda таъкидлашича, бу хавфсизлик технологиясини ўрнатиш самолёт эгалари ва операторлари томонидан “жуда кутилаётган” янгилик эди. Шу боис компания EAL тизимини бошқа бозорлардаги назоратчи органлардан ҳам сертификатлаш устида иш олиб бормоқда — мақсад хориждаги пилотлар учун ҳам парвоз вақтида худди шундай хотиржамликни таъминлаш.

2019 йилда тақдим этилган EAL тизими самолётни фавқулодда қўниш учун энг яқин аэропортга йўналтиради. Аввало у об-ҳаво шароити, ер релъефи, ёнилғи захираси ва учиш-қўниш йўлаги (УҚЙ)нинг узунлигини баҳолаб, энг мақбул аэропортни танлайди. Кейин самолётни қўнишга тайёр ҳолатга келтиради, уни хавфсиз тарзда ерга олиб тушади ва УҚЙда тўлиқ тўхтагунига қадар тормозларни ишга туширади. Тизимни бир тугмани босиш орқали осон фаоллаштириш мумкин, аммо пилот жавоб қайтармаса, у автоматик равишда ҳам ишга тушади. Бундан ташқари, у фавқулодда вазият ҳақида ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматларини автоматик тарзда хабардор қилади.

Бу — Elite II 2022 йилда ишга туширилганидан бери орттирган ягона фойдали автоном функция эмас. 2024 йилда у ўз турида Garmin Autothrottle — двигател “гази”ни автоматик бошқариш тизими билан жиҳозланган биринчи самолётга айланди. Ушбу тизим парвознинг учишдан тортиб қўнишгача бўлган босқичларида двигател режимларини автоматик тарзда бошқаради ва пилотнинг иш юкини камайтиради. EAL ва Autothrottle тизимлари биргаликда самолётни якка пилот томонидан бошқариш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид