Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
Сурия Теҳрон барпо этган «қаршилик ўқи»даги муҳим бўғин эди. Энди Эрон бошқаларнинг қўли билан АҚШ ва Исроилга қарши курашиши қийин бўлади. Бу нимани англатади?
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи шитоб билан Сурияда ҳокимиятни ўз қўлига олишини Эрон ташқи сиёсати учун камида Эрон-Ироқ уруши бўлиб ўтган 1980 йиллардан буён рўй берган энг жиддий муваффақиятсизлиги деб аташ мумкин. Ислом республикаси таъсири шу қадар заифлашган бўлиб кўринмоқдаки, бу Эрон элитасини ҳам қўрқитмоқда. Бундай шароитда Теҳрон ўзининг омон қолишини кафолатлаш имкониятларини қидиради ва экстремал чораларга қўл уриши ҳам мумкин. Шарқшунос, Эрон ҳақидаги китоблар муаллифи Никита Смагин «Медуза» учун тайёрлаган материалида Эрон «қаршилик ўқи» қандай қулагани ва бундан бутун дунёга қандай таҳдидлар борлигини кўриб чиққан.
Эрон нима учун Асад режимига дов тиккан ва бу унга қанчага тушди?
2010-йиллар бошида Башар Асад режими мухолифатчилар билан қуролли тўқнашувларга киришганида, Теҳрон аввалига воқеаларга аралашишга шошилмайди. Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий эҳтимолий хавфлар ва унинг мамлакати кўтара олмаслиги мумкин бўлган харажатлардан чўчиб, ишни пайсалга солгани айтилади. Аммо 2012 йилда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг хориждаги амалиётлар билан шуғулланувчи «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний ҳамда Ливандаги дўстона гуруҳ «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳ уни Асад ҳокимиятда қолиши нафақат «Ҳизбуллоҳ», балки Ислом Республикасининг минтақадаги барча иттифоқчилари келажаги учун ўта муҳим эканига ишонтиришади. Тақдир ҳазилини қарангки, Сулаймоний ҳам, Насруллоҳ ўз стратегияси ниҳоясигача яшай олмади.
Шу билан бирга, можарога аралашув нархи — харажатлар нуқтайи назаридан Теҳрон доимо етарлича мўътадил ҳаракатланган. Асад режимини қўллаш давридаги барча йиллар учун сарфланган шартли 30 миллиард доллар (яъни йилига уч миллиард доллардан камроқ) — каттагина маблағ, аммо Эрон бюджетини қуритиб қўядиган даражадаги пуллар эмас. Қолаверса, бу ёрдамнинг сезиларли қисмини Сурия энергетика секторини қўллаб-қувватлаш ташкил этган. Алоҳида босқичларда, Барак Обама ва Доналд Трампнинг санкцияларидан кейин, бу ҳатто Эронга тўлиб-тошган омборлар ва ортиқча нефт муаммосига қарши курашишда ҳам қўл келган. Яъни доим ҳам углеводородлар Сурияга текинга юбориш учун юракдан юлиб берилмаган — баъзида шунчаки уларни сақлаб туриш учун жойнинг ўзи қолмасди.
Эроннинг йўқотишлари ҳисобланганда янада камтарроқ рақамлар чиқади. Суриядаги урушнинг ўн йилида ҳалок бўлган «зиёратгоҳлар ҳимоячилари» сони икки мингга яқинни ташкил этади. Бу миқдорнинг асосий қисми — «Фотимиюн» ташкилоти сафига ёлланган афғонлардир. Бу Теҳрон Суриядаги фуқаролик урушига жалб этиш учун афғон шиалари орасидан йиғилган шиалар махсус тузилмасидир.
Таққослаш учун: 2024 йил бошига келиб Суриядаги фуқаролик урушида ҳалок бўлганларнинг жами сони 600 мингдан ошган, шундан 90 мингдан ортиғи Асад армияси ҳарбийларидир. «Ҳизбуллоҳ» ва Дамашқни қўлловчи бошқа хорижликлар (гап биринчи навбатда, афғонлар ва ироқликлар тўғрисида кетади) қурбонлар сони 10 мингга яқин бўлган. Эрон таъсиридаги кучлар сафида ўн минглаб сурияликлар ҳам жанг қилган ва қурбонлар орасида улар ҳам бўлган.
Бу ҳисоб-китобларнинг барчаси шартли бўлиб, турли манбаларда сезиларли фарқларни кўриш мумкин. Аммо улар Теҳроннинг Суриядаги урушга ёндашуви бўйича тахминий тасаввурни беради, блогосферада буни истеҳзо билан «охирги араб қолгунича жанг қилиш» деб аташади. Яъни Эрон доимо ўз ресурсларини, биринчи навбатда инсоний ресурсларни ўта эҳтиётлаган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг вазифаси — мувофиқлаштириш ва техник ёрдам кўрсатиш орқали иттифоқчи бўлинмаларни тузишдир. Урушда эса эронликлар эмас, бошқа кимлардир ҳалок бўлиши керак эди.
Бу мулоҳаза ҳам Теҳрон нима учун керак паллада Асадни қутқармаганини кўп жиҳатдан тушунтиради.
- «Ҳизбуллоҳ» кучлари Исроил билан тўқнашувнинг олдинги ойларида сезиларли даражада ҳолдан тойганди. Эрон таъсиридаги манбаларга кўра, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» юришини бошлаганида, ливанликлар гуруҳи Асадни қутқариш учун икки минг атрофида жангчи юбориши кутилганди. Аммо амалда икки баробар камроқ жангчи юборилган. Қолаверса, «Ҳизбуллоҳ» вазиятни баҳолаб кўргач, жанг қилмасликка қарор қилган ва ўз кучларини Суриядан қайтариб олиб кетган.
- Ироқ томони сиёсати янада ошкора кўринишда бўлган: ушбу мамлакат ҳукумати Сурияга қўшин юборилишига қаршилик қилиб, Ироқдаги шиалар лашкари вакилларига фуқаролик уруши — қўшни давлатнинг ички иши эканини тушунтирган.
- Эроннинг ўзидан Сурияга қўшин олиб ўтилишига эса Эрон самолётларини уриб туширишга киришиши мумкин бўлган Исроил тўсқинлик қилган. Албатта, шундай сценарийда ҳам уриниб кўриш мумкин эди, аммо Эрон раҳбарияти ўз ҳарбийлари ҳаётини хавф остига қўймасликка қарор қилди.
Шу тариқа, керакли паллада Асадни ҳимоя қилишга тайёр «эронлик бўлмаганлар» етарлича топилмади. Эрон юзлаб аскарлари ҳаёти эвазига иттифоқчини қутқаришга ҳеч қачон тайёр бўлмаган: кўп йиллик уруш мобайнида ҳам, ҳозир ҳам.
Эрон «қаршилик ўқи»ни нега қурганди ва энди у нега йўқ?
«Асимметрик урушлар» стратегияси — Эрон мудофаасининг базавий принципи бўлиб, рақибни узоқ масофада ушлаб туришни назарда тутади. Рақиблар сифатида биринчи навбатда АҚШ ва Исроил белгилаб олинган. Вазифа мудофаанинг олдинги чизиғини имкон қадар ўз чегарасидан узоқлаштириш ва рақиб кучларига максимал даражада яқинлаштириш. Бу парадигмага кўра, Эрон таъсиридаги тузилмалар Исроил чегараларида ва америкаликларнинг минтақадаги базалари яқинида жойлашиб, тўғридан тўғри зарба бериш таҳдиди билан Ислом Республикаси душманларини тийиб туриши керак.
Ироқда Саддам Ҳусайн ағдарилгач, кейин Суриядаги фуқаролик уруши Теҳронга минтақадаги таъсирини оширишга имкон берди. Ироқда ушбу мамлакат ҳукуматига таъсир кўрсатишга қодир бўлган эронпараст кучлар пайдо бўлди. Фуқаролик урушигача Эронга дўстона давлат бўлган Сурия эса Эронга қарам ўйинчига айланди.
Ислом Республикасининг Эрондан Ўрта Ер денгизига қадар чўзилган иттифоқчиларининг ягона камари шундай яратилганди. Бу минтақада Теҳрон билан биргаликда АҚШ ва Исроилга қарши курашувчи тузилмалар бирлашмаси — «қаршилик ўқи» асосига айланади. Ироқдаги шиа айирмачилар, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Суриядаги Асад режимидан ташқари унга фаластинликларнинг Ҳамас, яманликларнинг ҳусийчилар гуруҳи ва бошқа қатор нисбатан майда гуруҳлар ҳам кирган. «Ўқ»нинг мувофиқликда ҳаракатланиш қобилияти 2023 йил 7 октябридан кейин, Исроил бўйлаб ва Американинг минтақадаги базаларига Ғазо, Ливан, Сурия, Ироқ, Яман, кейинроқ эса Эроннинг ўзидан ракеталар учиб келганида намоён бўлди.
Аммо Суриядаги «12 кунлик инқилоб» оқибати бу конструкциядаги бир бўғин йўқолиши билан чекланмайди. Амалда ушбу «қаршилик ўқи» энди ягона боғланган механизм сифатида ишлай олмайди. Муаммо биринчи навбатда логистика билан боғлиқ. Эрондан Сурия орқали Ливан ва Ироққа маршрутлар эронпараст кучларга оператив таъминот етказиб бериш ва зарур бўлганда бўлинмалар ва ресурсларни ташиб ўтказиш имконини берарди. Эрон бутун Яқин Шарқ бўйлаб дронларини тарқатган, учувчисиз учар қурилмаларининг янги моделларини ва ҳарбий ҳаракат олиб боришнинг турлича услубларини синовдан ўтказган. Энди мамлакат Сурияда бўлган иттифоқчиларининг каттагина қисмидан ҳамда «Ҳизбуллоҳ»га қуруқлик орқали йўлдан айрилди. Қолаверса, Исроил билан тўқнашувлардан кейин Ливандаги шиалар гуруҳи мустақил равишда ўзига кела олмайди.
Бундан ташқари, Асаднинг қулаши яна бир муаммони юзага чиқарди: Ливан ва Ироқдаги эронпараст кучлар муҳим паллада Теҳроннинг топшириқларини бажара олмади. Эрон уларни Дамашққа ёрдам беришга чақирди, аммо сигнал етиб бормади. «Ҳизбуллоҳ» вакиллари Сурия армияси қочиши фонида очиқчасига ўз жангчиларини Сурияга олиб ўтишга ҳеч қандай зарурат йўқлигини маълум қилди.
Буларнинг барчаси «қаршилик ўқи» сафлари 2023–2024 йиллар мобайнида Исроил билан курашда анча сийраклашган вазиятда рўй берди. Ҳамас амалда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қобилиятини йўқотган. «Ҳизбуллоҳ» пейжерлар портлатилиши билан амалга оширилган амалиёт, бир неча ҳафталик бомбардимонлар ва Исроилнинг Ливан жанубидаги қуруқлик амалиёти туфайли ҳолсизланган. Гуруҳ ноябр ойи охирида бежиз Исроил билан сулҳ тузмади. Бугунги кунда гуруҳда Ливан чегараларидан ташқарида уруш олиб бориш учун шунчаки ресурслар йўқ.
Лекин бу эронпараст кучлар Яқин Шарқдан ғойиб бўлганини англатмайди. Ислом Республикасининг Ироқдаги иттифоқчиларининг ресурслари деярли бутун турибди, Ямандаги ҳусийчилар АҚШ ва Исроилнинг зарбаларига дош бермоқда, «Ҳизбуллоҳ» ва Ҳамас ҳам ҳали тўлиқ яксон этилмаган — ва бундай бўлиши даргумон. Шу туфайли алоҳида нуқталарда улар барибир АҚШ ёки Исроилга муаммо туғдира олади. Аммо энди бу фронт ягона уюшган куч сифатида ҳаракатлана олмайди. «Қаршилик ўқи» кенг кўламли ҳарбий-сиёсий бирлик сифатида ортиқ мавжуд эмас.
Эрон энди қандай стратегия танлайди ва ядровий уруш хавфидан қўрқиш керакми?
2024 йил давомида Эрон узоқ йиллар давомида қурилган ва уни рақибларининг эҳтимолий ҳужумларидан ҳимоя қилиши керак бўлган нарсасини йўқотди. Бундай вазиятда Эрон элитасидаги шусиз ҳам Исроил томонидан икки зарбадан кейин кучайган экзистенциал қўрқув бир неча бор ортади. Мамлакат мудофаа учун зудлик билан янги ёндашувларни қидириши керак.
Теҳрон биринчи навбатда прокси-стратегиядан тўғридан тўғри тийиб туриш вариантларига ўтади. Яъни Исроил чегарасидаги ҳарбий иттифоқчилар эмас, дронлар ва ракета салоҳияти марказий ролни ўйнаши керак. Аммо бу етарли эмас. Эрон назарида омон қолишни кафолатлайдиган деярли ягона йўл — ядровий қуролдир. Сўнгги ойларда бу мавзудаги муҳокамалар, мамлакат тарихида илк бор, ҳукуматга яқин сиёсатчилар ва экспертларнинг давлатнинг ядровий доктринасини қайта кўриб чиқишга чақириқларига айланиб кетди. Суриядаги ҳокимият алмашуви ўзгаришлар учун янги, янада кучли туртки бўлиши мумкин. Асад ағдарилиши билан Эрон парламенти аъзолари ўртасида ядровий қуролни синаб кўришга очиқдан очиқ даъватлар янгради. Афтидан, якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, аммо бугунги кунда Теҳроннинг хавфли эскалация томон танлов қилиши имконияти ҳар қачонгидан юқори.
Бу фонда, бир неча ой олдин Эроннинг ўзи ядровий қурол мамлакатни душман зарбаларидан ҳимоя қилиши ҳақидаги тезисни шубҳа остига қўйгани кулгили киноят бўлиб кўринади. 2024 йилда Ислом Республикаси икки ядровий давлатга тўғридан тўғри зарбалар йўллаган тарихдаги илк давлат бўлганди: Покистон ва Исроилга (иккинчисига — икки марта). Ва бундан кейин ҳеч ким Теҳронни «радиоактив кул»га айлантиргани йўқ.
Аммо Эрон ҳукумати учун асосий хавф мамлакат ичкарисида. Ислом Республикаси камида 2022 йил кузидан буён, мамлакатни оммавий намойишлар қамраб олганидан кейин доимий легитимлик инқирозида қолмоқда. «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»нинг Суриядаги ҳукуматни ағдаришдаги муваффақиятлари Теҳроннинг мухолифларининг бир қисмини илҳомлантириши турган гап. Бу дарҳол намойишлар бошланиб кетади дегани эмас. Аммо улар исталган вақтда бошланиши мумкинлигини англатади.
Шу муносабат билан, Эрон ҳукуматида иккита асосий вариант бор: қатағон ёки ислоҳотлар. Ислом Республикаси мавжудлиги давомида аҳоли билан муносабатларда Асадга қараганда анча мослашувчанлик намойиш этиб, репрессив ҳаракатлар баробарида муайян ислоҳотлар ҳам амалга оширган. Эронда доимий равишда рақобат муҳитидаги сайловлар ўтказилади ва давлатда олий раҳнамодан кейинги иккинчи нуфузли шахс — президент алмашади. Катта эҳтимол билан, шунинг учун, мунтазам намойишларга қарамай, Суриядагидан фарқли ўлароқ, Эронда фуқаролик уруши юзага келмайди. Айрим босқичларда эса ҳукумат Эрон жамиятида ислоҳотчи Ҳасан Руҳоний президентликка келган ва 2015 йилда ядровий келишув имзолаганида бўлгани каби янги умид уйғота олгандек тасаввур пайдо бўлганди.
Аммо бугунги кунда аҳолининг катта қисми электорал жараёнга ишончини йўқотган. Афтидан, ҳатто бу йил кутилмаганда ислоҳотчи Маъсуд Пизишкиён президентлик сайловларида ғолиб чиқиши ҳам вазиятга таъсир кўрсата олмади. Шу билан бирга, яқин йилларда Теҳронни XXI асрда мамлакат учун асосий бифуркация нуқтасига айланадиган, содир бўлиши муқаррар воқеа кутмоқда — аллақачон 85 ёшда бўлган олий раҳнамонинг вафот этиши. Кўп йиллик минтақавий мудофаа тизимининг инқирози ва асосий дўстона режим қулаши «ворис» амалиётини силлиқ амалга ошириш имкониятни пасайтиради. Раҳнамонинг ўғли Мужтабо Хоминаий ва Эрон элитасининг бир қисми бундай сценарийга фақат умид қилиши мумкин.
Мавзуга оид
14:40
Сурия ғарбида Асад тарафдорларига қарши операция бошланди
14:21
ЖССТ вакили: 15 миллиондан ортиқ суриялик шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож
15:41 / 02.01.2025
ОАВ: Исроил Суриядаги ҳарбий марказга ҳужум қилганини тасдиқлади
12:49 / 02.01.2025