Жаҳон | 14:21 / 03.01.2025
1038
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ вакили: 15 миллиондан ортиқ суриялик шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож

Маргарет Харрис халқаро ҳамжамиятни сурияликларга оғир ўтиш даврини енгиб ўтишда ёрдам беришга чақирди.

Ҳозирда Сурияда 15 миллиондан ортиқ одам шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакили Маргарет Харрис «Анадолу» агентлиги билан суҳбатда маълум қилди.

Агентлик суҳбатдоши халқаро ҳамжамиятни сурияликларга ўз мамлакатлари учун оғир ўтиш даврини енгиб ўтишда ёрдам беришга чақирди.

«Суриядаги кўплаб соғлиқни сақлаш муассасалари зарар кўрган, тўлиб-тошган ёки етарлича молияга эга эмас. Улар сифатли хизмат кўрсатиш учун етарли ресурсларни олмаяпти. Шунинг учун биз асосий хизматларни сақлашга алоҳида эътибор қаратамиз», деди у.

Унинг сўзларига кўра, ЖССТ мамлакатга жарроҳлик тўпламларини етказиб бериш, шунингдек, бориш қийин бўлган ҳудудларга шифокорлар бригадаларини жўнатиш билан шуғулланган. «Биз кўчирилганлар кўп бўлган жойларда тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Суриядаги одамларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдамиз, чунки улар заиф ва оғир даврни бошдан кечирмоқда», - деди у.

Ҳаррис Сурияда соғлиқни сақлаш тизими жуда узоқ вақтдан бери таназзулга юз тутганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги кўплаб тиббиёт муассасалари ўртачадан паст даражада ишлайди.

ЖССТ вакилининг таъкидлашича, Сурия соғлиқни сақлаш тизимини тезда тиклаш кўп жиҳатдан ушбу соҳадаги юқори малакали мутахассисларни жараёнга жалб этишга боғлиқ.

Мавзуга оид