Ўзбекистон | 18:30 / 07.11.2022
20511
2 дақиқада ўқилади

Ҳазорасп тумани ҳокими ўринбосари 6 йилга қамалди 

Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари ер ажратиш масаласида 12 минг доллар пора олгани учун суд қарорига кўра 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Хоразм вилоят прокуратураси, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Шаҳзод Ваисов вилоят ҳудудида содир этилган коррупциявий жиноятларга алоқадор маълумотлар тўғрисида хабар берди. 

Жумладан, 2022 йилнинг март ойида 12 минг доллар пора билан ушланган Ҳазорасп тумани ҳокими ўринбосари У.А. жиноят ишига оид тафсилотларни маълум қилди. 

«Ҳазорасп тумани ҳокими ўринбосари туманнинг Қирқтепа маҳалласида ноқонуний қурилган турар-жой биноларини бузмаслик ва туман ҳокимлиги захирасидаги 1800 кв.м. ер майдонини турар-жой қуриш учун ажратиб, зарур ҳужжатларни туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимидаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 12 минг долларни пора тариқасида олганида ушланган. Суднинг ҳукми билан у 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди», деди Ваисов. 

Шунингдек, катта терговчи баёнотига кўра, Хоразм вилояти прокуратураси томонидан 2021 йилда турли даражадаги мансабдорларнинг 62 нафари, 2022 йилнинг 9 ойида 52 нафари коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Давлат ва фуқаролар манфаатига 30 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Тергов давомида 19 млрд сўм (ёки 63 фоизи) ундирилиши таъминланди. 

Шу билан бирга, 2021 йил ва 2022 йил 9 ойида прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширишларда 16 млрд сўмдан ортиқ талон-торожликлар аниқланган. 

Мавзуга оид