Ўзбекистон | 15:21
727
1 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон ва Хоразмда табиий газ учун иситиш мавсуми базавий меъёри 15 мартгача узайтирилди

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун табиий газ истеъмоли бўйича иситиш мавсумида амал қилувчи 500 куб метрлик базавий меъёр 2026 йилнинг 15 март санасига қадар узайтирилди.

Фото: Kun.uz

Энергетика соҳаси мутасаддилари маълум қилишича, ушбу қарор «Ўзгидромет» томонидан тақдим этилган об-ҳаво прогнозлари асосида қабул қилинган. Унга кўра, март ойининг дастлабки ўн беш кунида мазкур ҳудудларда ҳаво ҳароратининг меъёрдан паст бўлиши кутилаётгани қайд этилган.

Аҳолини қўллаб-қувватлаш, уй-жойларни барқарор иситиш имкониятини таъминлаш ҳамда қўшимча молиявий юкламани юмшатиш мақсадида президент топшириғига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли қарор қабул қилинган.

Маълумки, иситиш мавсуми даврида белгиланган базавий меъёр доирасида истеъмол қилинган табиий газ учун тўловлар амалдаги тарифлар бўйича ҳисобланади. Мазкур меъёрдан ортиқча сарфланган ҳажм эса белгиланган тартибда юқори тариф асосида тўланади. Шу боис, базавий меъёрнинг узайтирилиши аҳоли учун қўшимча енгиллик яратади.

Мутахассислар аҳолини хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, газ жиҳозларидан тўғри ва тежамкор фойдаланишга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид