Жаҳон | 09:49 / 15.05.2022
35182
7 дақиқада ўқилади

Британия Алина Кабаева ва Путиннинг жиянларига қарши санкция эълон қилди

Бадиий гимнастика бўйича 9 карра жаҳон чемпиони, 2004 йилги Сидней олимпиадаси чемпиони Алина Кабаева Британия санкцияларига учради. Британия ва АҚШ нашрларида Ўзбекистонда туғилган собиқ спортчининг Владимир Путин билан яқин алоқада экани айтилади.

Кабаева Путиннинг қабулида, 2014 йил. Фото: GETTY IMAGES

Британия ҳукуматининг Россияга қарши бу галги санкциялари Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Путинага ҳам қаратилган. Шунингдек, Путин билан яқин алоқада бўлгани айтилган яна 10 киши қироллик санкцияларига учраган. Wall Street Journal'нинг ёзишича, АҚШда ҳам Кабаевага қарши санкция қўллаш режаси бўлган, аммо Оқ уй Путиннинг «жиғига тегмаслик учун» бу санкциядан тийилган.

Айнан WSJ Алина Кабаева Путиндан уч нафар фарзанд кўргани ҳақида ёзган. Кабаеванинг Путин билан муносабатлари ҳақида бир неча йилдан буён гапиришади, аммо у илк марта санкцияга учради.

Кабаева 2014 йилдан буён расман «Миллий медиа гуруҳ» директорлар кенгаши раиси ҳисобланади. Бир неча машҳур телеканаллар эгаси бўлган бу ташкилот «Биринчи канал»нинг ҳам ҳиссадори. Британия ҳукумати Алина Кабаева Путин билан яқин муносабатда, деб ҳисоблайди. WSJ нашри эса Путин ва Кабаеванинг биргаликда камида уч нафар фарзанди борлиги ҳақида ёзганди.

Фото: GETTY IMAGES

Аммо Кабаева санкцияга учраганига тўғридан тўғри Путиннинг хотини экани сабаб қилиб кўрсатилмаган, расмий сабаб дипломатчасига силлиқланган: Кабаева расман «Россиянинг Украинага бостириб кирганини оқлашда фаол қатнашгани учун» санкцияга учраган. Ҳужжатга кўра Кабаева «Миллий медиа гуруҳ» орқали Украина мустақиллигига таҳдид солаётган сиёсатни олқишлаб келади.

WSJ'нинг ёзишича, АҚШ ҳам бошида Кабаевага қарши санкция қўллаш вариантини кўриб чиққан, аммо «Путиннинг жиғига тегмаслик учун» бу банд охирги дақиқаларда санкциялардан олиб ташланган. Европа иттифоқида ҳам Кабаевага қарши санкция ҳақида гапиришган, аммо нефть эмбаргоси борасида келишмовчилик сабаб иттифоқ ҳали санкцияларнинг олтинчи пакетини жорий қилгани йўқ.

Британия ТИВ маълумотига кўра, Алина Кабаеванинг бувиси ўлароқ санкциялар рўйхатига киритилган Анна Зацепилинага Путиннинг дўсти бўлмиш Геннедий Тимченко томонидан Москва шаҳрида қимматбаҳо квартира совға қилинган. Шунингдек, Путинга яқин бўлган миллиардерлардан бири Кабаеванинг бувисига Москва яқинида қимматбаҳо ҳовли совға қилгани айтилади. 45 сотих ҳовли майдонининг ўзи 102 миллион рублга баҳоланган.

Путиннинг собиқ ва расман ягона рафиқаси Людмила Путина ҳам санкцияга учраган. У ҳозирги эри шарафига фамилиясини Очеретная деб ўзгартирган. 2013 йил Путин билан ажрашган собиқ биринчи хоним кейинчалик Артур Очеретнойга турмушга чиққан. Британия ҳукумати маълумотига кўра, Людмила Очеретная Путин билан ажрашганидан кейин ҳукумат тузилмалари билан ҳамкорлик ортидан пул ишлаган. Санкциялар эълон қилинган ҳужжатда собиқ биринчи хонимга «Украинадаги ҳолатни издан чиқарган одамга алоқаси бор» дея таъриф берилган.

Путиннинг собиқ хотинидан икки нафар қизи бор. АҚШ Молия вазирлиги 6 апрел куни Катерина Тихонова ҳамда Мария Воронцовага қарши санкция қўллаганди. Айнан шу икки аёл Путиннинг қизлари экани айтилади. Расмий Москва бу маълумотларни тасдиқламагани каби инкор ҳам этмаган.

«Путиннинг дабдабали рўзғорини таъминлайдиган яширин тизим»

Британия эълон қилган санкция рўйхатида Алина Кабаеванинг бувиси Анна Зацепилина, Путиннинг собиқ хотини Людмила Путина (ҳозирда Очеретная), Россия президентининг амакиваччаси Игор Путин, унинг ўғли Роман Путин, Путиннинг яна бир жияни Михаил Путинни учратиш мумкин. Шунингдек, «Газфонд» пенсия фонди раҳбари Юрий Шамаловни ҳам. Британия ташқи ишлар вазири бу инсонни Путиннинг собиқ куёви Кирилл Шамаловнинг укаси деб атайди. Кирилл Шамалов 24 февралдаёқ Британия санкцияларига учраган.

«Юрий Шамалов Путинга яқин бўлган одамлар фарзандларининг янги элит даврасига қўшилгач, қисқа муддатда «Газфонд» раҳбари ва «Газпромбанк» директорлар кенгаши аъзолигигача чиқиб борди», дейилади санкциялар эълон қилинган ҳужжатда.

Санкциялар рўйхатида Владимир Колбин номини ҳам учратиш мумкин. У Путиннинг дўсти экани айтиладиган Пётр Колбиннинг ўғли ҳисобланади. Пётр Колбин эса Геленжикдаги денгиз порти эгаси. Санкцияга учраган Виктор Хмарин петербурглик ҳуқуқшунос ва тадбиркор. У хотини томондан Путиннинг қариндоши ҳисобланади. ОАВда Хмарин Путиннинг курсдоши экани ҳақида ҳам ёзишган.

Британия «қора рўйхати»даги Михаил Шеломов Путиннинг амакиваччаси. Санкциялар эълон қилинган ҳужжатда ёзилишича, Путинники экани айтиладиган Геленжикдаги саройнинг расмий эгаси «Бином» МЧЖда айнан Шеломовга тегишли «Акцент» МЧЖ ходимлари ишлаган. «Санкциялар Путиннинг шоҳона ҳаётини таъминлайдиган тизимга қаратилган», дейди Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.

«Путиннинг расмий бойликлари ҳаминқадар оддий. Унинг шоҳона ҳаёти яқин дўстлари, қариндошлари ва дўстлари томонидан молиялаштирилади. Путин болаликдаги дўстлари, яқин қариндошлари ва унинг ҳисобига бойиб, дабдабали ҳаётини таъминлайдиган махсус элит қатламдагиларга суянади. Эвазига бу одамлар давлатнинг мададига таянишади», дейилади Британия ТИВ баёнотида.

Путиннинг санкцияга учраган амакиваччаси Игор Путин «Халқаро «Печенга» денгиз порти» МЧЖ раҳбари бўлиб, транспорт соҳасида фаолият юритадиган бу корхона Россия ҳукумати учун стратегик аҳамиятга эгалиги айтилган. Игор Путиннинг ўғли Роман Путин «Путин Консалтинг» МЧЖга асос солган ва у Россия президенти билан алоқалари, бу муносабатлар унинг корхонаси Россиядаги хорижий инвесторларга ёрдам беришда қўл келишини яширмайди. Санкцияда айнан мана шу факт эътиборга олинган.

Рўйхатдаги Михаил Путин ҳам Россия президентининг жияни бўлиб, «Согаз» суғурта компанияси раҳбарининг ўринбосари ҳисобланади. Ҳужжатда у ҳам Россия учун стратегик аҳамиятдаги соҳада фаолият олиб бориши ва «Газпром»га алоқаси борлиги айтилган.

Мавзуга оид