Ўзбекистон | 08:27 / 22.07.2020
17946
4 дақиқада ўқилади

«Кадрлар масаласи ҳал қилинмаса, машиналарни кўпайтиришдан фойда йўқ» – тез ёрдам шифокори

Пандемия тиббиётга, хусусан тез ёрдам тизимига юкламани бир неча карра ошириб юборди. Соғлиқни сақлаш тизими мураккаб вазиятдан чиқиш учун турли чоралар кўрмоқда. Аммо шунга қарамай ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўпайиб боряпти.

Ҳар куни реал вазиятга бевосита дуч келувчи, эпидемиологик ташув хизмати шифокори Элмурод Темиров билан навбатдаги суҳбатимиз ана шундай муаммолар ҳақида кечди.

– Элмурод, охирги суҳбатимизда юкламанинг кескин ошгани, бригадалар етишмаётгани ҳақида фикр юритгандик. Ундан кейин қатор мутасаддилар тезкорлик оширилиши, хусусан махсус автомобиллар кўпайтирилиши ҳақида маълум қилдилар.

– Албатта, мутасаддиларимизнинг эътибори яхши. Махсус автомобиллар ҳам кела бошлади. Аммо қуруқ автомобиль ҳеч нарса қила олмайди, энг асосий муаммо бу – мутахассислар.

Ўзи азалдан асаббузарлик кўп бўлгани учун бу соҳага шифокорлар келишни исташмас, кадрлар танқислиги сезилиб турарди. Пандемия вазиятни баттар чуқурлаштириб юборди.

Статистикага қаранг – пойтахтда 300 нафардан ортиқ (рақамларда қисман адашишим мумкин) асосий ишчилар бўлса, 400 нафар ўриндош врачимиз ишлайди. Ўриндош врачлар кимлар – кўпчилиги клиник ординаторлар ва магистратура талабалари. Лекин уларнинг кўпчилиги ўз вилоятларига кетишган. Бу ҳам кадрлар етишмовчилигигига таъсир қиляпти. Кадрлар етишмовчилиги фақат тез ёрдамда эмас, ҳамма жойда кузатиляпти.

– Хўш, ундай бўлса қандай қилиб ишлаяпсизлар?

– Фельдшер алоҳида, шифокор алоҳида бўлиб ишлашга ҳам тўғри келяпти. Ходимлар камлигининг яна бир сабаби – кўпгина врач, фельдшерлар касалликка чалинган. Менинг фикримча, бу тахминан 30 фоизларни ташкил килади. Тўғри, ҳамманинг айнан коронавирусга чалингани расман тасдиқланмаган. Тест топшириш муаммолиги учун ҳамма ўзича уйида даволаниб юрибди. Олдин айтганимдай, тиббиёт ходими бўлишимизга, ҳар куни шу касаллик билан тўқнаш келаётганимизга қарамай пандемия бошлангандан буён фақат бир мартагина тест олишган.

– Яқинда тез тиббий ёрдам ходимларини алоҳида рағбатлантириш тизими ҳақида эълон қилинди. Энди маошларингиз яхши бўлса керак?

– Нолийвераркан, деманг-у, бу ерда ҳам саволлар кўп. Қайсидир маънода ана шу ойлик рағбатлантириш йўқлиги учун, баъзи ходимлар ўзининг ҳаётини хавфга қўймайман деб ишдан бўшаб кетган ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқиб кетган. Ўзим «эпидперевозка»да ишлайман. Бизга 6 фоизли рағбатлантириш апрель, май ойлари учун берилди холос, кейин бўлса йўқ. Янги режага кўра врачларига 2,5 млн, фельдшерларга 1,5 млн сўм тўланаркан. Энди шуни кутиб қоламиз, яна бу ҳам ўлда-жўлда бўлмаса...

Савол шуки, баъзи ходимлар бир ойда 6 марта, бошқалари эса 10 ва ундан кўпроқ марта навбатчилик қилишади. Энди кам ва кўп ишлаганга бир хил ҳақ тўланадими? Мана шу масалага ойдинлик киритилмаган.

– Чақириқларда сизларни яна қандай муаммолар қийнайди?

– Автомобилларнинг йўл бермасликлари, шифокорларга қўполликлар ҳақида кўп гапирилган. Аммо менимча тез тиббий ёрдамни энг асосий муаммолардан яна бири бу асоссиз чақириқлар. Кимдир тишим оғрияпти деб, яна кимдир битта укол қилиб қўйинг, деб чақиради.

Ўзим дуч келмаганман-у, лекин ёши катта ҳамкасбларимизнинг айтишича, эр-хотин уришганда ҳам тез ёрдамни чақириб олганлар бўлган. Ана шу пайтда қайсидир бемор вужуди ҳаёт учун курашаётганини, арзимас сабаб билан банд бўлиб қолган бригада у жойга етиб бора олмай қолиши мумкинлигини эса ҳисобга олмайди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид