Ўзбекистонлик 17 ёшли қиз дунёнинг топ олийгоҳи олимлари билан тадқиқот олиб бормоқда
11-синфни тугатаётган Озода Мўминова Стэнфорд университетида ўқимоқчи. Орзуси эса дунёдаги топ олимлар сафидан жой олиш, шу билан бирга фанни IT билан бирлаштириб янгиликлар қилиш, Ўзбекистон байроғини кўкка кўтаришни мақсад қилган.
Озода Мўминова ҳозир 17 ёшда. Эндигина 11-синфни тамомлаётганига қарамай ўқувчи аллақачон фаолиятини IT соҳаси билан боғлаган. Хусусан, ҳозирда у “Swift Launch” бизнес дастурида лойиҳа раҳбари ҳисобланади. Соҳага қизиқиш эса Озодада 15 ёшидан бошлаган, турли дастурларда волонтёрлик қилган.
“Фронтенд йўналишида 1 йил ўқиб, лойиҳаларда масофадан ишлашни бошладим. Бундан ташқари Agile ва Scrum бўйича таълим олдим. Бу билимларим менга чет элдаги 2 та компанияда масофадан туриб 2 йил мобайнида ишлаб кўришда ёрдам берди. Бугун IT ҳаёт тарзимга айланган. Бугун йўлини топишда қийналаётган қизларга ҳеч иккиланмай шу соҳада ўқишни маслаҳат бераман. Сабаби IT айнан қизлар учун кенг имкониятларга эга соҳа”, — дейди Озоданинг ўзи.
Озода 2022 йилда халқаро “The New York Academy of Sciences” хакатонида турли давлатлардан йиғилган жамоаси билан “Idea Creation” йўналишида биринчи ўринни олган ва ўзининг доллардаги илк инвестицияси — 5000 долларни қўлга киритган. Кейинроқ эса Мисрдаги глобал адолат саммити учун 100 фоиз грант — 7000 доллар соҳибаси ҳам бўлган.
Озода бу инвестициянинг бир қисмини жамоаси билан бирга экология муҳофазаси бўйича яратган лойиҳаси учун сарфлаганини айтади. Лойиҳани эса Ҳиндистондаги лабораторияда синашга муваффақ бўлган. Инвестициянинг бир қисмини бўлса Massachusetts Institute of Technology (МИТ) ва дунё бошқа топ-10 даги халқаро университетлари олимларидан дарслар олишга ва лаборатория учун баъзи керакли нарсаларни харид қилишга сарф қилган. Ҳозирда у ўз изланишларининг шаффофлигини ошириш учун Кембриж университети олимлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Озода “Women in Nuclear” (атом энергияси соҳасидаги аёллар) нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги элчиси ҳам ҳисобланади.
17 ёшли қиз бир вақтнинг ўзида Google компаниясининг Google Community’си Google Developers Tashkent жамоаси аъзоси бўлиб, ўзи каби бошқа қизларнинг ITга кириб келишига ёрдам бермоқда.
Озода бу йил мактабни тамомлайди. Унинг галдаги мақсади дунёнинг топ олийгоҳларидан бири — Стэнфордга ўқишга кириш. У орзуси ҳақида гапирар экан, дунёдаги топ олимлар сафидан жой олиб, фанни IT билан бирлаштириб янгиликлар қилишни, Ўзбекистон байроғини эса кўкларга кўтаришни мақсад қилганини таъкидлади.
Мавзуга оид
19:30 / 12.11.2024
Ёнғоқлар орттирилган ақлий заифликка чалиниш хавфини камайтиради — тадқиқот
10:56 / 07.11.2024
Помидордан қулупнайгача. Марсда яшай оладиган 8 та ўсимлик маълум қилинди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
15:55 / 05.11.2024