Ўзбекистон | 11:35 / 27.03.2024
55848
2 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги Россияга бораётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди

Россияда бўлиб турган ўзбекистонликлар ҳам огоҳликка чақирилган.

Фото: Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган, ушбу мамлакатда бўлиб турган ёки чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди.

«Россия Федерациясининг Москва вилоятида 22 март куни юз берган теракт сабабли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шу муносабат билан, Россияга бораётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетаётган юртдошларимиздан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраймиз.

Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади.

Юртдошларимиз бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мамлакатимизнинг консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин», дейилади хабарда.

  • Сўнгги расмий маълумотларга кўра, 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида содир этилган теракт туфайли 139 киши ҳалок бўлиб, яна 182 киши жароҳатланган. «Крокус»га ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг «Хуросон вилояти» номли бўлими ўз зиммасига олган. Америкалик расмийлар террорчиларнинг баёноти ҳақиқийлигини тасдиқлаган.
  • Бундан олдинроқ, Қирғизистон ТИВ мамлакат фуқароларини, хусусан Россияда аввал бир неча марта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган қирғизистонликларни РФдаги қўшимча хавфсизлик чоралари ва чегарадан ўтказишнинг кучайтирилган режими бекор қилинмагунча бу мамлакатга бормай туришга чақирганди. Россиядаги қирғизистонликлардан одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик сўралган.

Мавзуга оид