Ўзбекистон | 14:24 / 06.11.2024
21306
6 дақиқада ўқилади

“Нега устимиздан кулишяпти?” – физика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан норози

Педагоглар октябр охирида ўтган аттестация тестидан жуда паст балл олган. Саволлар мураккаб тузилгани ва улар тасдиқланган адабиётлардан эмас, балки бошқа манбалардан таржима қилингани айтилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса буни рад этмоқда.

Бир гуруҳ физика фани ўқитувчилари 31 октябрда ўтказилган аттестация имтиҳонида тушган саволлардан норози бўлиб, Kun.uz'га мурожаат қилди. Турли ҳудудлардан таҳририятга ёзган педагоглар бу йилги саволлар жуда мураккаб бўлганини, кўрсатилган адабиётлардан тузилмаганини айтмоқда.

31 октабр куни ҳамма вилоятларда физика фанидан аттестация имтиҳони бўлиб ўтди. Республика физика гурухлар каналида деярли ҳамма физика фан ўкитувчилари Мактаб вазирлигидан норози. Бизга кўрсатилган адабиётлардан саволлар тузиб, аттестация жарайонини кайта ўтказиб берилишини сўраймиз”,– дейди шахсини очиқлашни истамаган ўқитувчилардан бири.

Навоий вилояти Хатирчи туманидан мурожаат қилган яна бир ўқитувчи имтиҳондан 80 балл олганини, берилган масалаларда илдиздан чиқариб бўлмайдиган иррационал сонлар тушганини айтмоқда.

Биз шунча нарсани ўқиганимиз учун қийналиб олган бўлсак, оддий ўқитувчилар қандай олишсин? Қани адабиётлар рўйхатидан фойдаланилгани, қани мактаб дарсликлари типидаги масалалар, қани Ўлмасова, қани Ғаниев китоблари типидаги масалалар?

Масалаларни ҳисоблашга анча вақт кетиб қолди. Устига-устак ноқулай, илдиздан чиқмайдиган иррационал сонлар. Кейин жуда кўп масалада илдиздан чиқмайдиган сонлар танланган. Экранда турган калкуляторда эса илдиз чиқариш функцияси йўқ. Илдиз чиқариш қоидаси ҳам бор. Аммо бу усул анча вақт олиб қўяди.

Мен очиғи бугунги аттестация саволларидан қониқмадим, баҳорда топширганимда бугунгидек қийналмаган эдим. Кейин саволлар нега чиқиб кетган? Нега коррупция урчиган? Нега устозларнинг устидан кулишяпти? Нега уларни йиқитиб мазах қилишяпти? Уларни айби нима? Нега уларни фанидан совутяпсизлар?

Ахир, улар тестдан ўтолмаса раҳбарияти, ўқувчиларининг олдида қанчалик мулзам бўлишини, қўли ишга бормаслигини ўйлаб кўрдингларми?” – деди у.

Ўқитувчнинг қўшимча қилишича, педагоглар бундай ҳолат юзасидан аввал ҳам аттестация саволларини тузувчиларга сўров юборишган, аммо жавоб хати келмаган.

Фарғона вилояти Бешариқ туманидан ёзган яна бир физика, математика ўқитувчиси эса аттестация саволлари Эрон адабиётларидан тўғридан-тўғри таржима қилинганини билдирди.

Манба сифатида Эрон адабиётларидан фойдаланилган ва илмий хатолар қилинган. Бу нафақат мени, балки бутун физика фани ўқитувчиларининг муоммоси. Шундай манбалардан савол тузилар экан, нима учун бизга шу адабиётлар рўйхати берилмади? Ностандарт саволлар тузилган. Спецификацияда бундай адабиётлар рўйхати мавжуд эмас. Биз қаерга мурожаат қилишни билмай қолдик. Ишонч рақамларига боғлансак, бошқа рақам беришяпти. У рақамга богланиб бўлмаяпти. Сизлардан шу бўйича бизга аттестация жараёнини қайта олинишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз”,– дейди у.

Педагог далил сифатида таҳририятга бир қанча скринларни тақдим қилди. Суратларда инглиз тилидаги савол ўзбек тилидагисида ҳам такрорланганини кўриш мумкин. Мактаб ходими худди шу савол аттестацияда имтиҳонида берилганини маълум қилди.

 

 

Баъзи саволларда мазмун кўчирилиб, рақамлар ўзгартирилгани ҳам айтилмоқда.

5-расм

Физика фанидан малака тестлари эълон қилинган спецификация асосида тузилган” – марказ

Kun.uz вазият юзасидан изоҳ олиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан боғланди. Вазирликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази саволлар Эрон адабиётларидан олинганини рад этиб, физика фанидан малака тестлари эълон қилинган спецификация асосида тузилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, таклиф этилган адабиётлар спецификациядаги мазмун соҳасини қамраб олган бўлиб, ушбу мавзуларнинг назарий қисмини ўрганиш учун тавсия этилган.

Тест топшириқлари адабиётлардан олинмайди, шу мавзулар юзасидан тузилади. Барча фанлар бўйича берилган тестлар белгиланган вақт давомида ишлашга мўлжалланган, бир неча бор фан мутахассислари томонидан вақтни белгилаш мақсадида апробациядан ўтказилган.

Бунда баъзи бир тест саволларини ечишга кўпроқ вақт талаб қилиниб (максимум 5-6 дақиқа) ва бундай турдаги саволлар 5 та ни ташкил этадиган бўлса, бошқа кўпгина саволларга жавоб бериш учун жуда қисқа вақтни (0,5-1 дақиқа) етарли бўлиши инобатга олинган.

Тестларда спецификация асосида когнитив даражаларни баҳолаш назарда тутилган: фан юзасидан билиш, қўллаш, мулоҳаза юритиш ва таҳлил қилиш кўникмаларини баҳолашга оид топшириқлар берилган. Уларнинг тақсимоти ҳам тестология қоидалари асосида ишлаб чиқилган.

Бунда билишга доир 5та, қўллашга 25та ва мулоҳазага 5та саволлар берилган бўлиб, агар номзод мулоҳазага доир саволларни мураккаб ёки кўп вақт талаб этилгани сабабли еча олмаган тақдирда ҳам қолган 30та саволга жавоб бериб, 60 балл тўплаш имкониятига эга. Мулоҳазага доир саволлар Блум таксаномиясининг юқори даражаларидаги кўникмаларни(21-аср кўникмалари) қамраб олган бўлиб, ҳозирги кунда ҳатто ўқувчиларда ҳам бу кўникмаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда”,– дейилади расмий изоҳда.

Шунингдек, марказ имтиҳондан норози бўлган ўқитувчиларнинг ўзи билан учрашиб, ҳар бири билан индивидуал масалани ҳал қилишини билдирди.

Мавзуга оид