Ўзбекистон | 11:24 / 11.12.2020
4821
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Туркия махсус хизматлари ҳамкорлиги: халқаро қидирувдаги фуқаролар экстрадиция қилиниши мумкин 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий-иқтисодий, ҳарбий, маданий алоқалар ривожланишнинг юқори босқичларида давом этмоқда, деб ёзади Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати. 

2019 йилнинг феврал ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан Туркия давлатида бўлиши, ўз навбатида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалий ташриф билан келиши икки мусулмон давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади.

Шундан сўнг томонларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳам бир неча бор ишчи учрашувлари ўтказиб, ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, биргаликда халқаро терроризм ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашишга келишиб олди.

Икки давлат ўртасида “Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида экстрадиция тўғрисидаги битим” имзоланиб, кучга кирди.

Мазкур битимга кўра, эндиликда томонлар ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни бир-бирларига ушлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига оладилар.

Таъкидланишича, ҳозирда махсус хизматлар ўртасида ишчан руҳдаги мулоқотлар давом этаётган бўлиб, келгусида Туркия ҳудудида бўлган кўплаб халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга экстрадиция қилиш режалаштирилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид