Жамият | 10:31 / 30.06.2024
20455
4 дақиқада ўқилади

“Исмларимиз рус тилига мослаштирилгани бизни ноқулай аҳволга солади” – Канададаги ўзбек

Маҳбуба Эргашева Канаданинг Ванкувер ороли давлат университетида академик ва иммиграция масалалари маслаҳатчиси бўлиб ишлайди. У фаолияти давомида ўзбек исмлари рус тилига мослаштириб ёзилгани учун кўп тушунмовчиликлар ва хато талаффузларга дуч келганини айтади.

Фото: Getty Images

Узоқ йиллардан буён Канадада истиқомат қиламан. Шу вақт давомида 30га яқин давлатларда бўлдим. Қаерга борсам, Ўзбекистон давлати, ўзбек миллати борлиги ва улар меҳнатсеварлиги билан азал-азалдан қўшни халқларнинг ҳурматига сазовор бўлиб келаётганини тарғиб қиламан.

Британия Колумбиясида юртдошларимиз ҳужжатларини лицензия асосида ёзма таржима қиламан ва шу жараёнда мени бир жиҳат жуда хафа қилади. Ўзбек тилидаги ҳужжатларни инглиз тилига таржима қилишда лотин алифбосида исмлар қўпол ва баъзан ҳужжат эгасининг исмини инглиз тилида айтишга истиҳола қилинадиган ҳолатларга дуч келаман. Фикримнинг исботи сифатида энг юмшоқ, аммо рус тилидан транслитерация қилингани сабаб, исм маъносининг бузилишига олиб келган бир нечта мисол келтираман.

Масалан, Воҳид – якка, ёлғиз, якка-ю ягона, одоб-ахлоқда барчага намуна маъносидаги исм. У паспортда Вакҳид деб ёзилиши бу исмнинг транслитерацияси рус тилидан қилинганининг исботидир. Чунки рус тилида ўзбек тилидаги ў, қ, ғ, ҳ ҳарфлари ва товушларининг эквиваленти йўқ. Шу сабаб ўзбек тилидаги юмшоқ ҳ ҳарфи ёки товуши рус тилида қаттиқ х ҳарфига алмашиб, лотин алифбосига ўгирилганда кҳ га айланади. Инглиз тилида эса Вакит каби талаффуз этилади. Худди шу исм ўзбек тилидан тўғридан-тўғри инглиз тилига транслитерация қилинса, Wohid бўлади ва унинг талаффузи деярли ўзбек тилидагидек чиқади.

Худди шундай исмлардан бири менинг исмим Маҳбуба. Маҳбуба – араб тилидан олинган бўлиб, суюкли, азиз дўст, дилбар қиз маъноларига эга. Лекин рус тилига Махбуба шаклида ўтгани учун уни паспортимда Макҳбуба деб ёзишган. Инглиз тилида сўзлашувчилар эса уни Макапуба, Маҳабубба, Мак ёки Буба каби ҳар хил талаффуз қилишади ва бу мени ноқулай вазиятга солади. Аслида, бу исмнинг тўғри ва аниқ ўзбек тилидан инглиз тилига транслитерацияси Mahbooba бўлади. 

Ўзбек тили туркий тиллар оиласига, инглиз тили эса герман тиллар (Индо-Европа тиллар гуруҳи) оиласига мансуб бўлиб, ҳар иккала тилда ҳам уч-тўртта оҳанг (тон) оралиғида сўзлашилади. Бу икки тил уч-тўртта оҳанг, товуш оралиғида сўзлашиш имкони билан бир-бирига яқиндир. Яъни исмлар транслитерациясида, лотин алифбосига ўгиришда аниқ мослашиштиришнинг имкони бор. Аммо ҳозиргача Ўзбекистон паспортларида исмлар рус тили орқали транслитерация қилинади. Бу нафақат ўзбек исмларининг қўпол ўгирилишига, балки уларнинг маъноси бузилишига ҳам сабаб бўлади ва афсуски, айрим ҳолларда инглиз тилида ҳақорат сўзларига айланиб қолади.

Ванкувер оролидаги давлат университетларининг бирида академик ва иммиграция масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб хизмат қилаётганимга ўн йилдан ошди. Бузилган исмлар транслитерациясини фақат собиқ иттифоқнинг айрим давлатларидан келувчи талаба ва ходимлар паспортларида кўрганман.

Ўз тилига эга мустақил давлат фуқароларининг исми ўз чиройини паспортларида намоён этиши муҳим. Ворвик университетининг қонуншунослик профессори Жейн Брайн ўз исмининг қайта-қайта нотўғри талаффуз этилиши инсонда бегоналик, бошқаларга нисбатан камроқ қадрлангандек бўлиш ҳиссиётига олиб келишини исботлаган. Ҳозир хорижга кетаётган ўзбеклар сони ошиб боряпти. Шундоқ ҳам юртидан узоқда бўлган одамларнинг исми ҳам хато янграса, бу уларни Ўзбекистондан яна ҳам узоқроқ ҳис қилишларига сабаб бўлиши мумкин.

Маҳбуба Эргашева,
Ванкувер ороли давлат университети академик ва иммиграция масалалари маслаҳатчиси

Мавзуга оид