14:49 / 14.06.2024
5909

«Док-1 Макс» иши бўйича делегация келади ва ҳамма саволларга жавоб беради — Ҳиндистон элчихонаси

Ўзбекистонда кўплаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» препарати ишлаб чиқарувчисига Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилиб, бир қанча шахслар терговга тортилган. Аммо у ерда олиб борилаётган тергов ёки суд жараёни ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Kun.uz мазкур масала бўйича маълумот олиш мақсадида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили билан суҳбатлашди.

Фото: REUTERS/Anushree Fadnavis

Ўзбекистон томонининг тергов ва суд материалларига кўра, Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» компанияси ишлаб чиқарган «Док-1 Макс» йўтал сиропини ичиш оқибатида Ўзбекистонда камида 68 нафар бола вафот этган ва 16 нафари ногирон бўлиб қолган.

Текширувлар ишлаб чиқарувчининг «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сироплари таркибида пропиленгликол ўрнига ёки у билан бирга диетиленгликол (ДEГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини кўрсатди.

Шундан кейин, Ҳиндистон полицияси мазкур фармацевтика компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича директори ва икки нафар кимёгарини ҳибсга олди. Қолган икки директор «мамлакатдан ташқарида экани ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ қамоққа олиниши» маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан «Marion Biotech Private Limited» (ишлаб чиқарувчи) ва «Maya Chemtech India Pvt.» (ишлаб чиқарувчига дорининг таркибий қисмини етказиб берган таъминотчи) раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Ҳиндистоннинг «Дори воситалари ва косметика тўғрисида»ги қонуни 17(а) ва 17(б) моддаларига асосан инсон хаётига хавфли ва жиддий зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз, сохта ва қалбаки деб топилган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича айблов эълон қилинган.

ОАВда тарқалган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 2023 йил март ойида Ўзбекистон тергов органлари Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ҳиндистон ҳукуматига тегишли сўровнома юборган. Аммо 2024 йил март ойи ҳолатига, юқоридаги сўровномага ҳеч қандай жавоб қайтарилмаган.

Kun.uz мазкур жиноят иши бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлди ва элчининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ариф Саид билан суҳбатлашди. 

Ариф Саиднинг суҳбат аввалидаги тушунтириши: Сизларда эълон қилинган мақолада келтирилган айрим маълумотлар биз учун ҳам янгилик бўлди. Шу масала бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукумати билан ўзаро алоқани тиклаш учун боғландик. Суриштирув натижалари билан танишиш учун Ўзбекистон ҳукумати билан доимий алоқада бўляпмиз. Бу масалага бошидан жиддий қараганмиз. Чунки дунё бўйлаб одамларда Ҳиндистон халқаро стандартдан паст даражадаги дориларни етказиб беради, деган тасаввур қолиб кетишини истамаймиз.

Элчихона «Marion Biotech» компаниясига нисбатан жуда ҳам жиддий чора-тадбирлар кўриляпти, деб ўйлаган. Ўзбек медиасида суд жараёнига оид маълумотлар чоп этила бошлагач, ундай бўлмаганини билдик. Шундан сўнг, Ҳиндистондан катта делегация келишини талаб қилдик. Унинг таркибида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлардан вакиллар бўлади. Мазкур делагация июл ойи охирги ҳафтасида келиши режалаштирилган. Барча масалаларга улар тушунтириш беради.

Мухбир: Ҳиндистонда олиб борилаётган суд жараёни ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай сукут сақланишининг сабаби нимада?

Ариф Саид: Судда ким қанақа жазо олганини билиш учун элчихона, Фармацевтика ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги биргаликда иш олиб боряпти. Якунда бу бўйича маълумот берилади.

Мухбир: Ўзбекистонда кўплаб болалар ўлимига сабаб бўлган жиноят ишида айбланаётганларга нисбатан жуда енгил жазони назарда тутувчи моддалар билан иш очилгани адолатданми? 

Ариф Саид: Жазонинг енгил дейилаётгани умумий маълумотлардан келиб чиқилган. Мазкур ҳолатнинг айнан ўша кейсга тўғри келиши ҳақида далилимиз йўқ. Ҳиндистон қонунчилигида одамлар ўлимига сабабчи бўлган ҳолатлар учун бошқа моддалар ҳам бор. Июл ойи охирида келадиган делегация ҳар бир жиҳатга алоҳида тўхталиб, тўлиқ маълумот беради.

Мухбир: Элчихона аниқ қайси муддатга қадар мазкур иш бўйича жамоатчиликка тўлиқ маълумот бера олади?

Ариф Саид: Бу борада аниқ муддатни айта олмайман. Элчихона мазкур масала бўйича жиддий шуғулланмоқда. Бугун ҳам бир нечта вазирлик билан қайта алоқа ўрнатилди. Ҳиндистонда фармацевтика жуда катта тармоқ бўлгани учун, бу билан бир қанча ташкилотлар шуғулланади. Уларнинг ҳаммасидан маълумотларни йиғиб, тўлиқ ишонч ҳосил қилганимиздан кейин якуний хулосани тақдим қиламиз. Ҳозир улар билан алоқадамиз ва жавобларни кутяпмиз. 

Мухбир: Делагация келгач, матбуот анжумани ўтказилиб, журналистлар саволларига жавоб бериалдими?

Ариф Саид: Дастур бўйича кун тартибида матбуот анжумани кўзда тутилган бўлса, бу борада матбуот анжумани ҳам ўтказилади.

Мухбир: Нима учун элчихона Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига жавоб қайтармаган?

Ариф Саид: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги суриштирув бўйича баёнотни тақдим қилиш юзасидан алоқага чиқди. Ҳиндистонга сўров юбордик, жавоб келмагани учун уларга маълумот тақдим қила олмадик. Шундан сўнг, Ўзбекистон ТИВ Ҳиндистондаги ўзларининг элчихонаси билан фаол тарзда ишлаяпти ва маълумот алмашяпти.

PS: Суҳбат 19-20 дақиқа давом этди. Элчихонанинг талаби билан фақат мантли тарзда қисқа мазмуни баён этилди.

Достон Аҳроров ва Нормуҳаммад Али суҳбатлашди

Top