Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кеча, 11 январ куни “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сироплари бўйича халқаро огоҳлантириш эълон қилди. “Док-1 Макс” препарати Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

ЖССТнинг билдиришича, ташкилот Ўзбекистондан тегишли хабарномани 22 декабр куни олган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтказган текширувлар ҳар иккала дори воситаси таркибида мумкин бўлмаган миқдордаги этиленгликол ва/ёки диэтиленгликол моддалари борлигини кўрсатган.

ЖССТ бу дорилар бошқа мамлакатларда ҳам расман сотилаётган ёки норасмий бозорлар орқали кириб борган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, дунё миқёсида соғлиқни сақлаш бўйича барча регуляторларни мазкур дорилар айланмасининг олдини олишга чақирган. Бу дорилар сотуви аниқланган мамлакатлардан бу ҳақда ЖССТга хабар бериш сўралмоқда.

Шунингдек, ташкилот дори ишлаб чиқарувчиларга ҳам мурожаат қилган: суюқ шаклдаги дори воситалари, айниқса пропиленгликол, полиэтиленглигол, сорбитол, глицерин/глицерол каби моддаларни ўз ичига олган сиропларни тарқатишдан олдин улар таркибида этиленгликол ва диэтиленгликол йўқлиги текширилиши керак.

Mint нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда “Док-1 Макс” таркибидаги этиленгликол моддаси меъёрдан 300 баробар кўп бўлган. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига Ўзбекистон Фармацевтика агентлиги хабар берган. Kun.uz бу маълумотни аниқлаштириш учун Фармацевтика агентлигига мурожаат қилди. Агентлик бу дори воситаси норматив ҳужжатлар талабига жавоб бермаганини маълум қилиб, таҳлил натижаларини Ҳиндистон элчихонасига жўнатганини тасдиқлади, лекин “Док-1 Макс” таркибида аниқланган этиленгликол бўйича лаборатория текшируви натижаси ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Заҳарли дорилар Ўзбекистонга қандай кириб келган?

“Док-1 Макс” ва “Амбронол” – йўталга қарши дорилар. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу дорилар таркибида пропиленгликол моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликол ва диэтиленгликол моддалари борлиги