Ўзбекистон | 19:59 / 25.10.2023
32683
2 дақиқада ўқилади

Одил Абдураҳмонов янги олий таълим вазири бўлади

У муқаддам ушбу вазирликда вазир ўринбосари бўлган, кейинроқ президент маслаҳатчисига айланган, сўнгги вақтларда президент администрациясидаги департамент раҳбари сифатида ишлаётганди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Одил Қаландарович Абдураҳмонов олий таълим, фан ва инновациялар вазири этиб тайинланади. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

У янги лавозимда Иброҳим Абдураҳмонов ўрнини эгалламоқда.

Одил Абдураҳмонов 1978 йилда туғилган, иқтисодиёт фанлари доктори илмий даражасига эга.

У муқаддам президент девони (ҳозирги президент администрацияси)да бош консултант лавозимида, кейинроқ девоннинг ижро аппарати раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Кейинроқ Республика бандлик, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш илмий маркази раҳбари бўлган. 2018 йил 31 июлда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

2019 йил апрел ойида президент администрациясига қайтиб, президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси (Абдужаббор Абдувоҳидов)га ўринбосар бўлган, 2020 йил июлида Транспорт университети ректори лавозимига ўтказилганди.

2022 йил августида Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган, 2023 йил августида президент администрациясидаги ислоҳотлар доирасида тузилган Ижтимоий ривожланиш департаменти директори сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид