Жаҳон | 11:29 / 08.05.2026
9903
5 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон ўртасида зарбалар алмашинуви рўй берди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг учта кемаси Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётганда, Эрон кучлари уларга зарба берган. Бунга жавобан АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳарбий объектларини ўққа тутган.

Фото: AP /Asghar Besharati

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Кешм оролидаги порт ва Бандар-Аббос шаҳрига зарба берди, деб ёзди Fox News журналисти Женнифер Гриффин манбага таяниб. 

Эронлик ҳарбийлар АҚШ Ҳўрмуз бўғозига кираётган иккита кемага, шунингдек, Эрон ҳудудига зарбалар йўллаганини маълум қилди. Америкалик ҳарбийлар эса Эрон ҳужумига жавобан ўт очганини айтмоқда.

Бу эскалация Эрон ТИВ АҚШнинг урушни тўхтатиш бўйича таклифи кўриб чиқилаётганини маълум қилиши ортидан рўй берди.

АҚШ президенти Доналд Трамп журналистларга сулҳ амал қилиши давом этаётганини билдирган.

«Улар бугун биз билан ўйнашмоқчи бўлди. Биз уларни яксон этдик», – деган у Вашингтондаги Линколн ёдгорлиги ёнидаги кўзгусимон ҳовуз реконструкциясини кўздан кечириш чоғида.

Эрон олий бирлашган ҳарбий қўмондонлиги АҚШни ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда ҳамда Эрон нефт танкери ва яна бир кемага зарба беришда, шунингдек, Ҳўрмуз бўғозидаги Кешм оролида жойлашган тинч аҳоли пунктларига ва Эроннинг материкдаги қисмининг соҳил ҳудудларига ҳаво ҳужумлари уюштиришда айблади.

Эронлик ҳарбийлар бунга жавобан Американинг бўғоздан шарқда ва Чобаҳор портидан жанубда турган кемаларига ҳужум қилганини билдирган.

Эрон марказий штаби вакили душманга «сезиларли зарар» етказилганини айтган. АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги эса ўз объектларига зарба берилмаганини қайд этмоқда.

АҚШ томони Эрон ҳужум вақтида ракеталар, дронлар ва пилотсиз катерлардан фойдалангани, АҚШ флотининг учта эсминеци ушбу ҳужумлар нишони бўлганини маълум қилган. АҚШдагилар бу ҳужумга жавобан Эроннинг ракета ва дронлар базаларига, шунингдек, бошқа ҳарбий иншоотларига зарбалар йўллаганини таъкидлаган.

«Марказий қўмондонлик эскалацияга интилмайди, аммо позицияда туради ва Америка кучларини ҳимоя қилишга тайёр», – дейилади баёнотда.

Эрон ҳам ҳужум рўй берган тақдирда, жавоб беришга шай туришини маълум қилган.

«АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эрон ҳар қандай тажовузга қатъий ва иккиланмасдан жавоб беришини билишлари керак», – деган ҳарбий идора вакили.

Кейинроқ Эрондаги Press TV телеканали отишмалардан бир неча соат ўтиб «Эрон ороллари ва Ҳўрмуз бўғозининг соҳил ҳудудларида вазият нормаллашгани» ҳақида хабар тарқатди.

7 апрел куни ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан буён томонлар вақти-вақти билан ўзаро зарбалар алмашинувини амалга ошириб келмоқда.

Душанба куни америкалик ҳарбийлар Теҳрон АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Ҳўрмуз бўғозини очишга уринишини тўхтатишга уринганида, Эроннинг олтита кичик кемаси йўқ қилингани ва эронликларнинг қанотли ракеталари ҳамда дронларини қўлга киритганини маълум қилди.

Трамп журналистлар билан мулоқотда пайшанба кунги ҳарбий ҳаракатларга қарамай Теҳрон билан музокаралар давом эттирилаётганини маълум қилди.

Сўнгги зарбалар сериясидан олдин Вашингтон Теҳронга можарони расман тугатадиган таклиф юборди, аммо бу таклифдан АҚШнинг Эрон ядровий дастурини тўхтатиш ва бўғозни қайта очиш ҳақидаги асосий талаблари тушиб қолганди.

Теҳрон бу режа бўйича ҳали бир тўхтамга келмаганини маълум қилган.

Шу билан бирга, Трамп Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслик талабини қабул қилгани ҳақида айтган. «Имконият йўқ. Улар буни билишади ва бунга рози бўлишди. Кўрамиз, улар уни имзолашни хоҳлашармикин», – деди Америка президенти.

Бирор келишувга қачон эришиш мумкинлиги ҳақидаги саволга Трамп шундай жавоб берди: «Бу содир бўлмаслиги мумкин, лекин исталган куни содир бўлиши ҳам мумкин. Менимча, келишувни улар мендан кўра кўпроқ хоҳлашади».

Пайшанба кунги ҳарбий ҳаракатлардан кейин жума куни Осиёдаги савдолар бошланишида Америка нефти учун фючерслар шартномалари нархи 3 фоизга ошди.

Америка автомобил ассоциацияси маълумотларига кўра, АҚШда бензин нархи феврал ойи охиридан бери 40 фоиздан кўпроққа ошган.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид