Ўзбекистон | 00:28 / 23.07.2020
10344
2 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат ҳамма функцияларни ўз зиммасига олса, энг муҳимларини бажаролмай қолади» – Беҳзод Ҳошимов хусусийлаштириш ҳақида

MFaktor лойиҳасида иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат бўлиб ўтди. Унда пандемия давридаги Ўзбекистон иқтисодиёти, инқироздан чиқиш йўллари хусусида сўз борди.

Видеодан кадр

Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон ҳукумати пандемиядан оладиган муҳим сабоқлар хусусида тўхталиб ўтди.

«Ҳукумат пандемиядан оладиган энг муҳим сабоқларидан бири – давлатнинг барча соҳаларни назорат қилиши нотўғрилигини англаб етишидир.

Собиқ иттифоқ давридан қолиб кетган бошқарув усулига кўра, ҳукумат ҳамма жабҳаларни қўлига олган. Инқироз пайтида бу ёндашув ўзини оқламаслиги исботини топади, яъни соҳаларни бошқарадиган менежерлар танқислиги юзага келади.

Бундан ҳукумат олиши керак бўлган сабоқ шундаки, давлат функциялари иложи борича камайтирилиши керак. Масалан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни хусусий секторга бериш керак, яна давлат бошқа юзлаб вазифалардан воз кечиш пайти келди, деб ўйлайман. Агар ҳукуматга барча вазифалар юкланса, энг кераклисини ҳам бажара олмайди», – дейди у.

Иқтисодчи давлатнинг энг асосий функциялари сифатида хавфсизлик, адолат ва мулк дахлсизлигини таъминлаш эканини қайд этди.

Шунингдек, Беҳзод Ҳошимов давлат монополиялари қарамоғида нопрофиль активлар кўплигига эътибор қаратди.

«Бу ҳолат менежерларнинг фикрини чалғитади. Натижада улар асосий вазифасини унутиб қўяди», – деди Ҳошимов.

У хусусийлаштириш заруратини таъкидлар экан, Uzbekistan Airways ва «Ўзавтосаноат»ни мисол қилиб келтирди.

«Масалан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» қиммат нархга авиаташувларни амалга оширяпти, лекин солиқ тўламаяпти. Хусусий компания келса, ҳам йўловчи ташийди, ҳам давлатга солиқ тўлайди», – таъкидлади иқтисодчи.

Мавзуга оид