АҚШ президенти дунёнинг деярли барча давлатлари товарларига бож жорий қилишини “Американинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш” деб атамоқда. Корпоратив молия бўйича халқаро мутахассис Хондамир Нусратхўжаев бу сиёсатнинг АҚШ ва глобал дунёга таъсири ҳақида Ню Йорк университетининг иқтисодиёт профессори Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.
Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, 1945 йилда кейин халқаро савдо эркинлашиб, мамлакатларнинг ўзаро интеграцияси кенгайиб бораётганди. Агар Трампнинг бож сиёсати бекор қилинмайдиган бўлса, бу АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам, дунё учун ҳам жуда катта иқтисодий зарар ва йўқотишларга сабаб бўлади.
“Оддий битта қаламдан тортиб, iPhone каби маҳсулотгача бўлган товарлар юзлаб чегараларни босиб ўтади. Ишлаб чиқариш занжирларида ихтисослашув кучаяётганди. Мисол учун, микрочипларнинг катта қисми Нидерландияда, резина Малайзияда ишлаб чиқариларди. Яъни ҳар хил товарлар турли жойларда ишлаб чиқарилгани сабабли мамлакатлар ўзаро чуқур боғланган. Қизиқ томони, АҚШ дунёдаги энг катта иқтисодиёт ва истеъмол бозори бўлса-да, савдодаги улуши у қадар катта эмасди. Кўп нарсалар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариларди. Қўшма Штатларда нефт ҳам, металлар ҳам, сув ва тахта кабилар ҳам бор. Жуда ҳам катта иқтисодиёт ташқарига у қадар чуқур боғланмаган. Аммо мамлакатдаги энг самарадор секторлар, жумладан, самолёт ишлаб чиқариш Европа ва Осиёдаги ишлаб чиқарувчилар билан жуда ҳам боғлиқ.
Иккинчи томондан, АҚШ нархлар тушиши орқали халқаро савдодан манфаат кўрарди. Чунки нархлар арзонлиги сабаб маиший маҳсулотларнинг жуда катта қисмини ривожланаётган дунёдан импорт қиларди. Бир пайтлар Америкада ҳам кўйлак ёки пайпоқ ишлаб чиқариларди, аммо кейинчалик одамлар IT, архитектура каби юқори иқтисодий қиймат яратадиган соҳаларга ўтиб кетишни бошлашди. Бу табиий жараён.
Трампнинг божлари сабаб нархлар қимматлайди. Масалан, АҚШга қаҳва тўлиқ импорт қилинади. Тухум билан боғлиқ ҳолат ҳам шундай, паррандаларга озуқа четдан олиб келинади. Бу америкалик истеъмолчиларга жуда ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Агар тарифлар сақланиб қоладиган бўлса, АҚШ билан катта савдо айланмасига эга мамлакатлар қийналади. Агар кейинги 4 йил давомида тариф уруши давом этадиган бўлса, бу АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам, дунё учун ҳам жуда катта иқтисодий зарар ва йўқотишларга сабаб бўлади”, дейди Беҳзод Ҳошимов.
Хондамир Нусратхўжаев Трамп савдо дефицитини АҚШни эксплуатация қилиш деб баҳолаётганига тўхталиб, импортнинг экспортдан кўплиги Америка учун ҳақиқатан ҳам салбий жиҳатми, деган саволни ўртага ташлади.








