Ўзбекистон | 15:00 / 25.10.2025
2445
6 дақиқада ўқилади
Реклама

3-Мис бойитиш фабрикаси — янги индустриал тараққиёт сари қадам

ОКМК ахборот хизмати томонидан “3-Мис бойитиш фабрикаси — янги индустриал тараққиёт сари қадам” мавзусида пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда марказий нашрлар, телеканаллар, радио ва веб-сайтлар ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди.

Пресс-тур мақсади иштирокчиларини президентимиз ислоҳотлари натижасида қад ростлаган янги 3-Мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат эди. ОАВ вакилларига дастлаб фабрикани қурилиш жараёни хақидаги филм намойиш этилди. Сўнг Марказий диспетчерлик бошқарув пункти фаолияти билан яқиндан танишишди.

Фабрика директорининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Одил Файзуллаев таъкидлаганидек, янги фабриканинг ўзига хос хусусиятларидан бири - тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизими татбиқ этилганидир. Энг замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни қўллаган ҳолда тизим корхонанинг бутун технологик циклини - рудани циклли-оқимли ташиш ва уни майдалашдан тортиб, бойитиш, сув таъминоти ва чиқиндиларни чиқиндихоналарга олиб кетиш жараёнларигача қамраб олади.

Марказий диспетчерлик бошқарув пунктидан бутун технологик цикл кўриниб туради. Энергия ҳисоби, руда сарфи, сув таъминоти ва ёрдамчи участкалар иши бўйича маълумотлар битта экранга чиқаради, шунингдек, асосий кўрсаткичларни - энергия сарфи ҳажмидан тортиб двигател подшипникларининг ҳароратигача кўриш мумкин. Бундай назорат хавфларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради, тўхтаб қолиш эҳтимолини камайтиради ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади. Тизим ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини автоматик режимда бошқаради ва минтақадаги ягона шундай лойиҳа ҳисобланади.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили йирик майдаланган маъдан омбори бўлди. Мазкур обморнинг сиғими 320 минг тонна бўлиб, бу ерга ҳар бири соатига 6,5 минг тонна руда майдалаш қувватига эга учта майдалаш ва юклаш узел (ДПУ)ларида биринчи босқич — йирик майдалаш жараёнидан ўтган 300–350 мм гача майдаланган маъданлар иккита циклик-оқимли технологияли (ЦПТ) конвейерлар орқали етказиб берилади.

ОАВ вакиллари пресс-тур давомида фабриканинг 3-босқич майин майдалаш корпуси (HGPR) ва маъданни тайёрлаш корпусида бўлди.

Фабриканинг устун жиҳати – нафақат ишлаб чиқариш қувватида, балки технологик даражаси ва автоматлаштириш тизимларининг юқорилигида ҳам яққол намоён бўлади. Мажмуада дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчи компаниялари маҳсулотлари ва технологиялари жорий этилган. Масалан, юқори босимли HPGR майдалагичлари энергия сарфини 30 фоизгача камайтириб, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади.

Пресс-турнинг сўнгги манзили фабриканинг филтрлаш корпуси бўлди. Ушбу ишлаб чиқариш бўлинмасида журналистлар мис бойитмасини сувсизлантириш ва тайёр бойитмани олиш жараёнини кузатишди.

3-Мис бойитиш фабрикаси қурилиш лойиҳаси жаҳоннинг энг илғор технологиялари ва юқори сифат стандартларини қўллаган ҳолда амалга оширилди. У соҳадаги энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга саноат объектларидан бири ҳисобланади.

Фабрика ишга туширилиши жаҳон бозоридаги мис нархининг ўсиш тенденцияларидан самарали фойдаланишга, Ўзбекистоннинг экспорт даромадларини кўпайтиришга, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилишга ҳамда миллий иқтисодиётда “мис кластери”ни тизимли ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 3-МБФ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуа бўлиши кутилмоқда. Фабрика йилига 900 минг тонна яқин мис концентрати ишлаб чиқаради. 

2025 йил 30 март куни фабрикада илк мис концентрати муваффақиятли ишлаб чиқарилиши лойиҳанинг босқичма-босқич ва юқори сифат билан амалга оширилаётганининг ёрқин исботидир.

Бугунги Ёшлик-I конидан қазиб олинган 1,3 миллион тоннадан ортиқ маъдан дастлаб кон ҳудудида майдалаш жараёнидан ўтказилиб, фабрикага етказилди. Натижада 17 минг тоннадан зиёд мис концентрати ишлаб чиқарилиб, мис эритиш заводига юборилди.

3-МБФнинг ютуғи фақат ишлаб чиқариш ҳажмида эмас, балки жаҳоннинг етакчи саноат компаниялари технологиялари, автоматлаштириш тизимлари ва рақамли бошқарув ечимларининг ягона занжирда мужассамлашганида намоён бўлади. Бу фабрика дунё тоғ-кон саноатининг энг илғор техника ва инновацияларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Ўзбекистонни глобал саноат харитасида янги босқичга олиб чиқмоқда.

Фабрика тўлиқ қувватга чиққач, 3 670 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда 1 250 нафар ходим фаолият юритмоқда.

Умумий майдони 196 гектар бўлган 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилишида 23 мингдан зиёд қурувчи ва мингдан ортиқ махсус техника иштирок этди. Қурилиш жараёнида 788 минг м³ бетон қуйилди, 109 минг тонна арматура, 69 минг тонна технологик ускуна ва 65 минг тонна металл конструкция монтаж қилинди. Шунингдек, 279 минг метр технологик қувурлар ўрнатилиб, 1,36 миллион метр электр ва 714 минг метр автоматлаштириш кабеллари ётқизилди.

3-МБФ қурилишига сарфланган металл конструкцияларга ўнта Эйфел минорасини, темир бетон сарфига қарийб 2,5 та Бурж Ҳалифа қуриш мумкин. Бу ўз ўзидан 3-МБФ улкан мегалойиҳа эканини яна бир бор исботлайди.

Хитой Халқ Республикасининг Гонконг Махсус маъмурий ҳудудига қарашли Invest Hong Kong ҳукумат департаменти бош директори Алфа Лау: "Янги фабрика ва унда қўлланган технологиялар мени ҳайратлантирди. Йилдан йилга ривожланиб бораётган Ўзбекистон иқтисодиётида мазкур фабрика муҳим аҳамият касб этади. Комбинатда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар бизда катта қизиқиш уйғотди".

Шунингдек, пресс тур иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида фабрика ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганининг гувоҳи бўлишди. Томчилатиб суғориш тизимлари, эко-дизайн ечимлари саноат ва табиат мувозанатини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, 3-Мис бойитиш фабрикаси замонавий технологиялар, рақамли бошқарув ва инсон капитали уйғунлигининг амалий намунасидир. Бу лойиҳа нафақат “Олмалиқ КМК” АЖ, балки бутун Ўзбекистон саноати учун янги босқич ва миллий ифтихор тимсоли ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид