Таъкидлаш жоизки, объектни қуриш ишлари, жумладан ускуналарни ўрнатиш ва монтаж қилиш комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ҳамда Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда. Германиянинг Metso-Outotec компанияси эса EPS шартномаси асосида технологик ускуналар ва жиҳозларни етказиб бермоқда.

Бунда ишлаб чиқариладиган кислотанинг сифати юқори даражада тоза бўлишига ҳамда цехнинг зилзилабардош ва сейсмик хавфсизлик меъёрларига тўлиқ жавоб беришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, экологик хавфсизлик чоралари сифатида Даниянинг FLSmidth компаниясининг газларни чангдан тозаловчи замонавий 4 секцияли фильтрлари ўрнатилмоқда. Бу рух металлининг қайтариб бўлмас йўқотишларининг олдини олиб, бойитмадан рух металини ажратиб олиш даражасини оширади. Шунингдек, қўшимча газдан рений ва селен каби ноёб металларни ажратиб олиш имкони ҳам яратилади.

Газларни тозалаш бўлимидаги барча асосий жиҳозлар узоқ йиллар хизмат қилувчи композицион материаллардан ясалган бўлиб, уларни ўрнатиш ва таъмир ишларига кўп вақт ва маблағ сарфланмайди.
Қуритиш ва абсорбциялаш бўлимидаги барча кислота қувурлари, иссиқлик алмаштиргичлари зангламас SX материалидан ясалиб, ўрнатилмоқда. Бу материал кислотага юқори бардошлиги билан ажралиб туради.

Мазкур цех фойдаланишга топширилганидан сўнг, соатига 79 минг куб метргача ҳажмдаги технологик газлар атмосферага чиқарилмасдан ушлаб қолинади.
Бу ўз навбатида ҳудуднинг экологик ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиш билан биргаликда йилига 180 минг тонна сульфат кислотасини, яъни қўшимча товар маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини беради.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида жорий йилда 690 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилиб, мамлакатимизнинг ички бозорига йўналтирилади. Жумладан, сульфат кислотасидан қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган минерал ўғитлар, автомобиллар учун кислотали аккумуляторларни ишлаб чиқаришда ҳамда уран қазиб олишда кенг фойдаланилади.

















