Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонга бож солган Трамп, Россияда ўзини отиб ўлдирган вазир ва “ҲТШ”ни террорчилар рўйхатидан чиқарган АҚШ – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп — Япония, Корея ва Қозоғистонга 25% бож солди
АҚШ Президенти Доналд Трамп душанба куни Япония ва Жанубий Корея каби кучли таъминотчилардан тортиб, кичик савдо ҳамкорлари бўлган давлатларгача бўлган мамлакатларга, 1 августдан бошлаб АҚШ томонидан кескин оширилган бож ставкалари кучга киришини маълум қилди. Reutersʼнинг ёзишича, бу — Трамп жорий йил бошида бошлаган савдо урушининг янги босқичини англатади.
Япония ва Жанубий Корея каби асосий иттифоқчилардан импорт қилинадиган барча товарларга АҚШ импортчилари учун 25 фоизли бож жорий этилиши Wall-street’ни ларзага солди, лекин Осиё бозорларида бу хабар нисбатан хотиржам қабул қилинди.
Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ томонидан 14 та мамлакатга юборилган мактубларни эълон қилди. Хусусан, Трамп хат юборилган давлатларга қуйидаги бож ставкаларини жорий қилмоқчи эканлигини маълум қилди:
• Тунис, Малайзия ва Қозоғистон: 25%
• Жанубий Африка, Босния ва Герцеговина: 30%
• Индонезия: 32%
• Сербия ва Бангладеш: 35%
• Камбоджа ва Таиланд: 36%
• Лаос ва Мянма: 40%
Бу мактубларда қўшимча музокаралар учун имкониятлар назарда тутилган бўлса-да, акс жавоб чоралари кўрилса, бунга ҳам шундай жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилган. Янги божлар 1 августдан кучга киради ва илгари эълон қилинган автомобиль, пўлат ёки алюминий каби секторал божлар билан бирлаштирилмайди.
Марказий Осиёдаги қўшнимиз Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаевга йўлланган хатда “бу хат – АҚШ сизнинг буюк мамлакатингиз билан сезиларли савдо дефицитига қарамай, ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини кўрсатади», — дейилади.
Трамп музокаралар натижаси борасида кўп давлатларни ноаниқликда қолдириб келмоқда. Ҳозиргача АҚШ фақат икки давлат — Буюк Британия ва Вьетнам билан тўлиқ келишувга эришган. Хитой билан эса июнь ойида тариф ставкалари бўйича умумий келишув бўлган.
Eвроиттифоққа эса хат юборилмайди. Бу борада ЕИ Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен ва Трамп ўртасида «яхши мулоқот» ўтган. Комиссия баёнотида айтилишича, улар чоршанбагача савдо битими тузишга умид қилмоқда.
Аввалроқ, Бразилия, Хитой, Россия ва Ҳиндистон етакчилари қатнашган БРИКС саммитида «бир томонлама тариф ва нотариф чораларининг кучайиб бораётганидан жиддий хавотир» билдирилганди. Бу – АҚШ маъмуриятининг савдо сиёсатига қарши ёпиқ танқид сифатида талқин қилинди. Натижада, Доналд Трамп «анти-америка» сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ҳар қандай давлатга 10 фоизлик қўшимча тарифлар жорий қилиш билан таҳдид қилди.
Путин лавозимидан бўшатган вазир ўзини отиб ўлдирди
Душанба куни Россия президенти Владимир Путин Роман Старовойтни Россия Транспорт вазирлиги раҳбари лавозимидан истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда амалдорнинг ишдан бўшатилиши сабаблари ҳақида формулировка йўқ эди.
Шундан сўнг, 53 ёшли Старовойтнинг ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар бўлган жасади душанба куни Одинсово шаҳар округи ҳудудида топилди. «Тергов органлари воқеа жойида ишламоқда, ҳодиса тафсилотлари аниқланмоқда. Асосий версия – ўз жонига қасд қилиш», – дейилади расмий баёнотда.
Старовойт ҳалок бўлган жойда унга мукофот сифатида берилган тўппонча топилган. У айнан Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан олган мукофот қуролидан ўзини отиб ўлдиргани тахмин қилинмоқда.
Старовойт бир йилдан сал кўпроқ вақт – 2024 йил май ойидан бери вазир лавозимида ишлаган, бунгача у беш йилдан ортиқ вақт давомида Курск области губернатори бўлган.
Старовойтдан кейин губернатор вазифасида ишлаган Алексей Смирнов эса тезда истеъфога чиққан ҳамда 2025 йил апрелда Украина билан чегарада мудофаа иншоотлари қурилиши учун ажратилган маблағлардан 1 млрд рублни ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинди.
Рус ОАВларига кўра, Старовойтга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилган бўлиши мумкин. Хусусан, Смирнов гўёки собиқ вазирга қарши кўрсатма бергани ҳақида ёзилмоқда.
АҚШ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳидан террорчи ташкилот мақомини олиб ташлади
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияда ҳокимият тепасига келган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳидан чет эл террорчилик ташкилоти мақомини олиб ташлади.
Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио томонидан имзоланган ҳужжатда қайд этилишича, ушбу қарор «бош прокурор ва молия вазири билан маслаҳатлашувлардан кейин» қабул қилинган.
Рубионинг қарори Доналд Трамп 1 июлдан бошлаб Сурияга қарши санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан бир ҳафта ўтиб қабул қилинди. Ўшанда Трамп «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» мақомини кўриб чиқишни топширган эди.
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»га 2011 йилда асос солинган. Ўшанда у «Жабҳат ан-Нусра» деб аталган ва «Ал-Қоида»нинг тўғридан-тўғри ҳамкори бўлган. 2016 йилда эса гуруҳ раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўланий террорчи ташкилот тамғасидан халос бўлиш учун ошкора тарзда «Ал-Қоида»дан ажралиб чиқиб, янги ташкилот тузган, орадан бир йил ўтиб ўзи каби кичик гуруҳлар билан бирлашган ҳолда «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» номини олган.
Ташкилот етакчиларидан бири — Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги қуролли гуруҳлар 2024 йил охири Сурияда Асад диктатурасини ағдарди. Доналд Трамп 2025 йил май ойида Яқин Шарққа ташрифи давомида Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа билан учрашган эди
Исроил Ғазодаги тиббий марказга ҳаво ҳужуми уюштирди
Исроилнинг Ғазо секторидаги тиббиёт марказига берган зарбаси оқибатида олти фаластинлик, жумладан, бир бола ҳалок бўлди.
Фаластиннинг WAFA расмий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, зарба Ғазо марказидаги Ал-Ваҳда кўчасида жойлашган «Ар-Римал» клиникасига қарата берилган. Ҳужум натижасида 15 киши турли даражада тан жароҳати олди.
Тинч аҳоли қурбон бўлишда давом этаётган можаро фонида Исроил эксклавнинг турли ҳудудларига ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда.
Исроил 2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ғазо секторига ҳарбий ҳужумлар оқибатида жами 57 минг 523 нафар фаластинликни ўлдирган ва 136 минг 617 кишини яралаган.
Техасдаги тошқин қурбонлари сони 91 кишига етди
АҚШнинг Техас штатида юз берган кучли ёмғирлар туфайли юзага келган сув тошқинларида ҳалок бўлганлар сони 91 нафарга етди. Бу ҳақда душанба куни Оқ уй маълум қилди.
«Яқинда ички хавфсизлик вазирлиги 91 бегуноҳ инсоннинг ҳаёти узилганини тасдиқлади», — деди Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт журналистларга. Оқ уй расмийси, шунингдек, Миллий об-ҳаво хизмати тошқин хавфи ҳақида етарли ва ўз вақтида огоҳлантириш бермагани ҳақидаги танқидларни инкор этди.
«Улар ўз вақтида огоҳлантиришлар берди. Бу фалокат олдидан рекорд даражадаги муддатли огоҳлантиришлар берилган. Ҳозир ҳам тошқин ҳолатини мониторинг қилиш давом этмоқда. Барча тегишли идоралар етарли даражада жиҳозланган ва ходимларга эга эди», — деди у.
Аввалроқ New York Times нашри Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан бери бюджетни қисқартиргани боис Миллий об-ҳаво хизматида бир нечта муҳим лавозимлар бўш қолаётганини ёзган ва бу ҳолат фавқулодда вазиятга жавоб бериш жараёнини секинлаштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди.
АҚШ Президенти Доналд Трамп Керр округи учун йирик офат ҳолатини эълон қилганидан сўнг, ҳафтанинг охирида Техасга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Левиттга кўра, Трампнинг ташрифи «энг тўғри вақтга» режалаштирилмоқда. «Қайта тиклаш ишларига халал бермоқчи эмасмиз», деган Оқ уй сўзчиси.
Техасдаги тошқинлар ўтган пайшанба кечаси бошланиб, жума тонгига қадар давом этди. Кучли ёмғирлар Гуадалупе дарёсининг даражасини кўтариб юборди. Дарё суви 11,8 метр баландликка кўтарилди — бу 1987 йилдаги минтақанинг энг йирик сув тошқинидан кейинги иккинчи энг йирик кўтарилишдир.
Россия Украинадаги ҳарбий комиссариатларга ҳужум қилмоқда
Россия ҳарбийлари 7 июл куни Харкив ва Запорижжя шаҳарларидаги ҳудудий тўлдириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари (Украинада бу военкомат муқобили) биноларига дронлар билан зарба берди.
Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлигининг маълум қилишича, Запорижжядаги ҳарбий комиссариат биносига берилган зарба натижасида бир аскар яраланган, Харкивда уч киши жароҳатланган. Маҳаллий расмийлар Запорижжя 20 киши, жумладан, икки ҳарбий, Харкивда эса 33 киши яралангани ҳақида хабар берган.
Расмийларга кўра, Харкивда Холоднигор районига зарба берилган: маъмурий бинолар, беш қаватли турар жой биноси шикастланган, иккита автомобил ва яна бир турар жой биноси ёниб кетган. 7 июлга ўтар кечаси ҳам шаҳарга дронлар ҳужуми уюштирилди. Жами 66 киши, жумладан, олти нафар бола жабрланган. Саккиз нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган. Бир киши ҳалок бўлган.
Запорижжяда таълим муассасасининг ётоқхоналари, кўп қаватли ва хусусий уйлар, нотурар бинолар шикастланган. Россия мудофаа вазирлиги ҳужумни тан олиб, Россия дронлари Украина қуролли кучларининг ҳарбий комиссариатларини «аниқ нишонга олгани» ҳақида маълум қилган.
Украина қуролли кучлари Россия Федерациясининг Украинадаги ҳарбий комиссариатлар биноларини нишонга олаётганини сафарбарликни бузишга уриниш билан боғлади. «Душман армиямизга ҳарбий хизматчиларнинг оқиб келишидан жуда қўрқади», – деди 6 июл куни Украина қуролли кучлари сўзчиси Виталий Саранцев.
Мавзуга оид
14:50
Трампнинг эронлик намойишчиларга «ёрдами», собиқ президентга ўлим жазосини сўраган Корея ва Ғазодаги оғир ҳуманитар вазият – кун дайжести
13:54 / 13.01.2026
Дания ҳимоясига тайёр Европа, Трампнинг Эронга қарши санкциялари ва Испанияда ушланган 10 тонна кокаин – кун дайжести
15:48 / 12.01.2026
АҚШни огоҳлантирган Эрон, Австралияда кучли ёнғинлар ва Кубага босим бошлаган Трамп – кун дайжести
14:05 / 10.01.2026