Жаҳон | 18:23 / 22.04.2026
9081
7 дақиқада ўқилади

Соловёв Италия бош вазирини ҳақоратлади

Жоржиа Мелони унга ижтимоий тармоқ орқали жавоб қайтарди. Россия элчиси Италия ТИВга чақирилган.

Фото: Getty Images

Италия ташқи ишлар вазирлиги пропагандачи Владимир Соловёвнинг мамлакат бош вазири Жоржиа Мелони ҳақидаги ҳақоратли баёнотлари туфайли Россия элчиси Алексей Парамоновни чақиртирди.

Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таянининг X ижтимоий тармоғидаги постида айтилишича, Парамоновга Соловёвнинг «ўта жиддий ва ҳақоратли баёнотлари» муносабати билан расмий протест билдирилади. Вазир бош вазирни қўллаб-қувватлаган ва у билан «тўла бирдамлиги»ни билдирган.

Соловёв «Соловьев Live» ютуб-каналидаги шоусида Мелони манзилига аввалига италянчада ҳақоратли сўзлар айтган, кейин эса русчасига уни «ўз сайловчиларига хиёнат қилган фашист махлуқи» ва «инсоният учун иснод» деб атаган. «Хиёнат – унинг иккинчи исми: у ўзи садоқат изҳор этган Трампга хиёнат қилди», – деган у.

Италия президенти Сержио Маттарелла ҳам Мелони билан бирдамлигини айтган ва россиялик телебошловчининг сўзларини «қўполлик» деб баҳолаган.

Жоржиа Мелонининг ўзи эса Соловёвнинг сўзларига ижтимоий тармоқдаги саҳифасида жавоб қайтариб, «режимнинг ашаддий тарғиботчиси на изчиллик, на эркинлик борасида сабоқ беришга ҳақли» эканини қайд этган.

«Бошқалардан фарқли ўлароқ, ҳеч ким бизнинг ипимиздан тортмайди, хўжайинимиз йўқ, бизга буйруқ ҳам беришмайди. Бизда фақат битта мўлжал бор: Италия манфаатлари», – деган Мелони.

Россиянинг Италиядаги элчиси Алексей Парамонов ўзининг ТИВга чақирилишини «устунга зарба» деб атаган. У Россия раҳбарияти вакилларидан ҳеч ким Мелони хоним манзилига ҳам, Италия манзилига ҳам ҳақоратли сўзлар айтмаганини қайд этган.

«Ташқи ишлар вазирлигига чақириш учун ҳозирги сабабни – таниқли россиялик журналист, гарчи жуда истеъдодли ва халқ орасида машҳур бўлса-да, ўзининг шахсий онлайн каналида айтган сўзларни – 
дипломатик амалиётда қабул қилинган деб ҳисоблаш қийин», – деган элчи.

Соловёвнинг бош вазир ҳақидаги сўзларини Италия нашрлари ҳам эътиборсиз қолдирмади. Хусусан, La Repubblica ва Domani нашрлари, ANSA агентлиги Мелонига қилинган ҳақорат ҳақида ёзди.

Италия собиқ бош вазири Жузеппе Конте ва мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Элли Шлейн ҳам Мелонини қўллаб-қувватлаган.

Пропагандачи Владимир Соловёвнинг тажовузкор услуби ва телебошловчининг аёлларга нисбатан беписанд, кўпинча ҳақоратли сўзлари ўтган ҳафтада ҳам эътибор марказида бўлганди.

Декабр ойида Соловёв III даражали «Ватанга хизматлари учун» ордени билан тақдирланганди.
Mikhail Sinitsyn/TASS

Виктория Боня манзилига ҳақорат

Ўтган ҳафта бошида машҳур блогер Виктория Боня Россия президенти Владимир Путинга фуқаролар билан тўғридан тўғри алоқа каналини йўлга қўйиш ва россияликларни ташвишга солаётган муаммоларга ўз вақтида реакция кўрсатишга чақириб, видеомурожаат йўллаганидан кейин Соловёвнинг танқиди ва ҳақоратли сўзлари нишонига айланганди.

Блогер Россияда интернет блокланиши, Доғистондаги сув тошқини, Анападаги мазут тўкилиши, Новосибирск областидаги чорва моллари нобуд бўлиши ҳамда иқтисодий қийинчиликлар каби муаммоларни тилга олганди. Ўтган бир ҳафтадан ортиқроқ вақт ичида унинг видеоси 30 миллион мартадан ортиқ кўрилган.

Бонянинг мурожаати катта шов-шувга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик уни қўллаб-қувватлади, бироқ ҳукуматга хайрихоҳ манбалар уни кескин танқид қилди.

Соловёв шунчаки танқид билан чекланмади. 62 ёшли телебошловчи телевизион эфирда 46 ёшли Боняни «қари аёл» ва «сийқаси чиққан фоҳиша» деб атади. Унинг ортидан Давлат думасининг оила, оналик, оталик ва болалик масалалари бўйича қўмитаси раисининг 52 ёшли ўринбосари Виталий Милонов уни «саводсиз блогер» ва «дубайлик эскорт» деб ҳақоратлади.

«Бу фуқаронинг шу тарзда тақдим этаётган барча мавзулари Кремлга яхши маълум. Биринчи дақиқаданоқ шуғулланишади. Ва бу ярамас фоҳиша ўзининг ифлос оғзини очиб, ҳаммаёқни ифлослантирмаслиги керак!» – деганди бошловчи «Россия-1» канали эфирида.

Виктория Боня ўшанда Соловёв ва Милонов, шунингдек, «Натальная карта» шоуси бошловчиси Олеся Иванченкони жонли эфир чоғида ҳақоратлаган дизайнер Артемий Лебедевга қарши коллектив даъво қўзғатмоқчи эмаслигини айтганди.

«Мен аёлларимизга савол бермоқчи эдим. Қачондан федерал каналда аёлларни ҳақорат қилиш чегарасини босиб ўтишни эътибордан четда қолдирдик? Милонов [...] барча интервюларида Россия аёлларини ҳақорат қилади, уларни фоҳишалар, эскортлар ва ҳоказо деб атайди», – деганди блогер.

У Милоновнинг сўзларига изоҳ бераркан, «оммавий ҳақоратлар, таниқли аёлларга қаратилган „фоҳиша“ ва „эскорт“ ёрлиқлари қайта-қайта янграётгани»ни таъкидлади. «Ҳокимият тепасида турган ва фуқароларни заҳарлаш эмас, балки ҳимоя қилишга мажбур бўлган одам бундай қилиши мумкин эмас», – деди у.

Бонянинг аёлларга қарши ҳақоратлар тўғрисидаги видеоси ҳам дастлабки соатларда 10 млн мартадан кўп кўрилди.

Бонянинг видеомурожаатларига Ғарб нашрлари, хусусан, Британиянинг Guardian газетаси, Американинг CNN телеканали ва Испаниядаги El Pais нашри ҳам эътибор қаратган.

Соловёв Бонянинг мурожаатига жавобан «Россия 1» телеканали эфирида Адлия вазирлигини уни «чет эл агенти» деб топишга чақирган. Телебошловчи Россия тергоқ қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиндан Бонянинг «фаолиятини текшириш»ни ҳам сўраган.

Унинг фикрича, блогер «Россиядаги вазиятни силкитмоқда».

Блогер эса телебошловчининг навбатдаги ҳамласига жавобан, унинг даъволари асоссиз эканини таъкидлади.

«Сиз бирорта ҳам далил келтирмасдан, мени душманга чиқармоқчисиз. Чунки сиз шундай қарорга келгансиз, персонаж Соловёв», – дея қайд этган Боня.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид