Жаҳон | 14:36
13027
4 дақиқада ўқилади

«Халқ сиздан қўрқади». Машҳур блогер Путинга мурожаат қилди

У Россиядаги «бирорта губернатор айтмайдиган» бешта муаммони санаган, жумладан, интернет блокланишини ҳам тилга олган.

Фотоколлаж

Россиялик таниқли блогер, инстаграмда 13 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган Виктория Боня ўз саҳифасида «халқ номидан» РФ президенти Владимир Путинга мурожаат йўллади. 18 дақиқалик видеода Боня жумладан шундай деган:

Владимир Владимирович, сиздан қўрқишади. Халқ сиздан қўрқади, блогерлар, санъаткорлар қўрқади, губернаторлар қўрқади. Сиз эса мамлакатимиз президентисиз. Менимча, қўрқмаслигимиз керак.

Боня ўзи Путиндан қўрқмаслиги, чунки «қалбдан» яшашини билдирган. Блогер Путинни кучли сиёсатчи деб билишини, аммо у «кўп нарсадан бехабарлиги»ни айтган. У «губернаторларнинг ҳеч бири айтмайдиган» бешта долзарб муаммони санаб ўтган:

1. Доғистондаги сув тошқини ва биринчи кунларда одамларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани;

2. Анапада пляж ва денгиз мазут билан ифлослангани ва шу вақтга қадар ҳодиса оқибатлари тўлиқ бартараф этилмагани;

3. Қизил китобга киритилган жониворларни ўлдиришга имкон берувчи қоидалар;

4. Новосибирск областида қорамоллар мусодара қилиниши ва йўқ қилиниши;

5. Интернет блокланиши.

Боня россияликлар тўқнаш келаётган бошқа муаммоларни, жумладан, нархлар кескин ошаётгани ҳамда кичик тадбиркорликдаги муаммоларни қайд этган. «Ҳозир одамлар бор кучи билан дод солмоқда. Уларнинг охирги нарсаси тортиб олинган ва тортиб олишда давом этишмоқда. Бизнес ўлмоқда», – деган у. «Одамлар Google’да Россиядан қандай қилиб кетишни қидиришмоқда. Бу ҳозирда энг кўп берилаётган савол», – дея қайд этади Боня.

Боня Валерия (блогер Лерчек) ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Артём Чекалинга қарши суд ишларига эътибор қаратишга уринган, шунингдек, «Единая Россия» партиясидан Давлат думаси депутатлигига сайланган Виталий Милоновнинг аёлларга нисбатан ҳақоратлари устидан шикоят қилиб, уни «жирканч персонаж» деб атаган.

Блогер Путинни масалан Max мессенжерида «одамлар ўзларида нималар бўлаётгани, қандай муаммолари борлиги тўғрисида унга тўғридан тўғри ёзиши мумкин бўлган қандайдир платформа яратиш»га чақирган. «Бугун халқ нимани ўйлаётганини кўриш керак. Бу жуда муҳим», – деган блогер. «Умид қиламанки, бу хабар алоқа ўрнатиш ва барча масалаларни ҳал қилиш имконини беради. Чунки ҳокимият халққа хизмат қилиши лозим. Акси эмас», – деган у.

Ўтган вақт мобайнида 22 миллион мартадан ортиқ кўрилган, унга 1,1 миллиондан ортиқ киши лайк босиб, 65 мингдан ортиқ изоҳ ёзилган.

Айни вақтда Монакода яшовчи Виктория Боня бунгача ҳам бир неча бор шов-шувли воқеалар юзасидан мурожаат ёзган. Хусусан, у қўшиқчи Лариса Долинанинг квартираси бўйича суд ишига муносабат билдирган, Новосибирск областида аҳолининг чорва моллари олиб қўйилишига эътироз қилган, шунингдек, 13 апрел куни солиқдан бўйин товлаш, ҳужжатларни сохталаштириш орқали катта миқдордаги маблағларни хорижга олиб чиқишда айбланиб, 7 йилга қамалган Артём Чекалинни озод қилишга чақирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид