Ўзбекистон | 11:50
2711
13 дақиқада ўқилади

Женевадаги пуллар, ҳакерлар таҳдиди ва матбуот эркида пасайиш — ҳафта дайжести

Тошкентдан Хивага энди 15 соат эмас, 7,5 соат юрилади: “Жалолиддин Мангуберди” поезди қатнови бошланди. Киберхавфсизлик ходимларининг маълумотлари ўғирланди: ҳакерлар расмийларга очиқ таҳдид билан чиқмоқда. Швейцарияда Гулнора Каримова устидан суд вақтинча тўхтатилди: 350 миллион долларни ўзбек халқига қайтариш масаласи сўроқ остида.

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим муҳим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

“Жалолиддин Мангуберди” йўлга чиқди

Тошкент ва Хива ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатнови йўлга қўйилди. Бугун, 3 май куни тонгда “Жалолиддин Мангуберди” поезди илк рейсини бошлаб, Тошкент марказий вокзалидан Хивага қараб йўл олди. Кореядан харид қилинган пўлат карвон 260 км/соатгача тезликда ҳаракатланиб, ўз манзилига 7 соат-у 31 дақиқада етиб боради. Таққослаш учун, бу йўналишда анъанавий поездлардаги сафар вақти 14-15 соатни ташкил этади.

Янги поезд ҳафтасига уч марта қатнайди. Чипта нархи келсак, уни арзон деб бўлмайди. Юқорида айтганимиз 14-15 соат йўл юрадиган поездлар чиптаси ҳозирда вагон турига қараб 245 минг сўмдан 349 минг сўмгача туради. “Жалолиддин Мангуберди” чиптаси эса – 780 минг сўм. Буни авиачипта нархи билан солиштирадиган бўлсак, UzAirways'нинг Тошкент–Урганч рейси чипталари багажсиз тарифда 770 минг сўмдан бошланади. Багажга эга, чиптани қайтариш ёки санасини ўзгартириш имкониятини берадиган парвозда эса йўлкира 840 минг сўм.

Фарғона водийсида ҳам темирйўл қатновига оид янгилик бор: Марғилон, Қўқон, Наманган ва Андижон шаҳарларини боғлайдиган ҳалқа электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Душанба куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи доирасида бу йўналишдаги илк рейсда Қўқондан Марғилонга келди. 324 километрлик темирйўл ҳалқасида Тошкентда ишлаб чиқарилган янги электропоездлар қатнайди. Поездларда кондиционер, бепул WiFi ва USB-портлар бор. Чипта нархи – 15 минг сўм, яъни таксидан ҳам арзонроқ.

Шу ҳафта маълум бўлишича, Чехиянинг Škoda компаниясидан электропоездлар сотиб олиш масаласи яна кун тартибига қайтган. Пайшанба куни Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Škoda билан 10 та электропоезд хариди бўйича шартнома имзоланди. 2023 йилда имзоланган аввалги битим доирасида 320 млн евро қийматда 30 та электропоезд етказиб беришга келишилган, лекин бу амалга ошмай қолганди. Янги келишувни Чехия давлат суғурта компанияси ва Европа инвестиция банки қўллаб-қувватлаяпти.

Шавкат Мирзиёев Чехия бош вазирининг ташрифини “ўзаро муносабатлар тарихида янги босқичнинг бошланиши” дея таърифлади. Визит доирасида ўзаро савдони 1 млрд долларга етказиш, чех компаниялари билан технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш каби масалалар асосий кун тартибида бўлди. Тошкент ва Прага ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш режалаштириляпти.

Матбуот эркинлиги индекси: бир поғона кўтарилдик, лекин...

Бугун, 3 май – Халқаро матбуот эркинлиги куни. Сана арафасида Парижда асосланган “Чегарасиз мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг ҳар йилги Матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият “жуда жиддий”лигича қоляпти.

Халқаро кузатувчилар Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятга 100 баллдан 35 балл берди, бу ўтган йилгидан бироз пастроқ кўрсаткич. Яъни абсолют кўрсаткичлар бўйича, мамлакатимизда журналистик фаолият эркинлиги торайишда давом этяпти. Бошқа давлатларга нисбатан олганда эса, улардаги салбий тенденция биздагидан тезроқлиги ҳисобига, умумий рейтингда бир поғонага кўтарилиб, 147-ўринни банд этдик.

“Чегарасиз мухбирлар” 40 баллдан паст рейтингга эга давлатларни матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият “жуда оғир” деб таснифлайди. Ўзбекистон бу категориядан 2019 йилда чиқиб кетишга муваффақ бўлган эди, лекин 2024 йилга келиб, мамлакатимиз яна тўқ зарғалдоқ рангда белгиланадиган давлатлар қаторига қўшилиб қолди. Янгиланган индексда Ўзбекистондаги матбуот эркинлигининг иқтисодий ва хавфсизлик индикаторлари яхшиланган бўлса, сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий мезонларга кўра вазият ёмонлашгани кўрсатилган.

Ўзбекистон расмийлари Матбуот эркинлиги индексини ўзи учун энг устувор 15 та халқаро рейтингдан бири деб ҳисоблайди. Сенатнинг 2024 йилги қарори билан, 2026 йилда бу индексда Ўзбекистон 39 балл тўплашига эришиш вазифаси қўйилган эди. Амалда эса бунинг акси бўлиб чиқди: рейтинг баллимиз ўша пайтдаги даражадан ҳам пасайиб кетди.

Шу фонда, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов жамоатчилик фаоли Отабек Бакиров устидан яна ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қилгани маълум бўлди. Бакировнинг сўзларига кўра, вазир унинг Telegram-каналдаги ва X тармоғидаги постлари юзасидан қайта-қайта – жами 4 марта шикоят қилган. Ушбу шикоятлар битта ишга жамланиб, ҳукумат аъзосининг даъволари ички ишлар ва прокуратура идоралари воситасида судга оширилган. Жума кунига белгиланган суд мажлиси ўтказилмади. Адвокатнинг маълум қилишича, судя иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, бошқа куни чақиришини маълум қилган.

Швейцарияда Гулнора Каримова устидан суд тўхтатилди

Ўзбекистон халқига тегишли экани айтиладиган юзлаб миллион доллар пулларни Швейцария банкларидан қайтариб олиб келиш янада қийинлашиши мумкин. Шу ҳафта бошида Швейцария Федерал жиноий суди Гулнора Каримованинг ўзи процессда шахсан қатнаша олмаётгани сабабли, жиноят ишининг унга нисбатан қисмини иш юритувдан тўхтатишга қарор қилди.

Судялар изоҳига кўра, Каримованинг судловда бевосита қатнашишини таъминлаш учун имкон доирасидаги ҳамма чоралар кўрилган. Хусусан, Федерал жиноий суд ўз тарихида биринчи марта судланувчидан кўрсатма олиш учун Швейцариядан ташқарига ўз вакилини юборган. Суд расмийлари аввалига 2024 йилда, кейин 2026 йил январ ойида Тошкентга келган, иккинчи ташрифда Ўзбекистон томони Каримовани кўрсатма бериш учун Швейцарияга юбориш сўровига узил-кесил рад жавобини берган. Натижада суд коррупцион ишнинг унга оид қисмини тўхтатишга қарор қилган.

Швейцария матбуотига кўра, судялар Гулнора Каримовага нисбатан сиртдан маҳкама олиб бориш вариантини ҳам кўриб чиққан, лекин бу маъқулланмаган. Чунки ҳимоя томони судланувчи судда қатнашишни истаётгани, аммо бундай имкониятга эга эмаслигини таъкидлаб, маҳкамани тўхтатишни сўраган. Адвокат Грегуар Манжа ва Каримованинг яқинлари суд қарорини “амалда оқловга тенг” дея талқин қилмоқда. Швейцариядан яна бир неча юз миллион долларни қайтаришга уринаётган Ўзбекистон томони эса, суд қарорига муносабат билдирмади.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария томони Гулнора Каримовага дохил бошқа жиноят ишлари доирасида 313 млн доллар миқдоридаги маблағларни аллақачон мусодара қилиб бўлган. Бу пулларни қайтариш бўйича икки давлат ўртасида реституция битими ҳам тузилган бўлиб, 2025 йил апрел ойи ҳолатига 87 млн доллар маблағ қайтарилган ва таълим ҳамда тиббиёт соҳаларига сарфланган. Узил-кесил мусодара қилиб бўлинган 313 миллиондан ташқари, яна 350 млн доллар маблағ жиноят ишлари доирасида музлатилган ҳолатда қоляпти. Бу пулларни қайтариш масаласи кейинги ҳуқуқий жараёнларда ҳал этилади.

Табибимнинг ўзи ҳам бемор...

Ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари яна ҳакерлар қўлида. Қизиғи, бу сафар Киберхавфсизлик маркази ходимларининг ўзлари жабрланувчига айланиб қолди. Kun.uz'нинг аниқлашича, 27 апрел куни кибержиноятчилар ва ҳакерларнинг маълумотлар савдосига ихтисослашган платформасида Ўзбекистон Киберхавфсизлик маркази ходимларининг шахсий маълумотлари сотувга қўйилган.

Маълумотларни сотаётган ҳакер ўзи жойлаган эълонда “Киберхавфсизлик марказининг ички тизимларига муваффақиятли кириб боргани”, “Давлат хавфсизлик хизмати ва разведка ходимлари маълумотлар базаларига кириш ҳуқуқини қўлга киритгани”ни иддао қилган. У ўз сўзларига исбот тариқасида Киберхавфсизлик марказида ишлайдиган 100 нафар ходимнинг шахсий маълумотларини очиқ эълон қилган. Улар қаторида ходимларнинг исм-фамилияси, компаниядаги лавозими ва ЖШШИР рақамлари мавжуд.

Ҳакернинг даъво қилишича, унинг ихтиёридаги маълумотлар, хусусан Киберхавфсизлик маркази ходимларининг тўлиқ рўйхати “анча катта”. Шунингдек, унда эълон қилинганидан кўра “анча махфийроқ” маълумотлар ҳам бор. Ҳакер Ўзбекистон расмийларига ўз таклифини ҳам очиқ ёзиб қолдирган: унга кўра, агар расмийлар маълумотлар “тўлиқ эълон қилинишини тўхтатмоқчи” бўлса, 200 минг доллар тўлаши керак. “Акс ҳолда, тез орада янги маълумотлар сиздирилади ва бу улар учун жуда ёмон оқибатларга олиб келади”, дейилади инглиз тилидаги эълонда.

Киберхавфсизлик маркази ҳолатга изоҳ бериб, бу иддаолар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди. “Таъкидлаш лозимки, Киберхавфсизлик маркази ички ахборот тизимлари бузилмаган ва бундай турдаги маълумотлар базасидан фойдаланилмайди”, дейилади марказ баёнотида.

Шу билан бирга, Kun.uz билан гаплашган марказ матбуот котиби Дилшод Тўраев ҳакер эълон қилган шахсий маълумотлар ҳақиқатда ҳам ходимларга тегишли эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, ходимларнинг исм-фамилияси ва ишлайдиган лавозими расмий сайтда ҳам бор. Аммо, ҳакер эълон қилган ходимларнинг ЖШШИР рақами Киберхавфсизлик марказидаги тизимларни бузиб кириш натижасида қўлга киритилмаган.

“Бу маълумотлар анча эски экани кўриниб турибди. Балки ходимларимизнинг бошқа сервердаги маълумотларига ҳужум бўлган бўлиши мумкин. Ҳозир эҳтимолий сизиб чиқиш манбаларини бирма-бир текширишда давом этяпмиз. Аммо бу – Киберхавфсизлик маркази тизимларини бузиб кириш эмас”, деди Тўраев.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Миллий инвестиция жамғармаси Тошкент ва Лондонда IPO бошлади. Яъни, тарихда илк марта Ўзбекистондаги компаниянинг акциялари халқаро фонд бозорида эркин муомалага чиқариляпти. Харид учун буюртмалар 12 майгача қабул қилинади, иккиламчи савдолар 18 майдан бошланади. Тошкент фонд биржасида UzNIF акциялари 4,65 сўмдан жойлаштирилмоқда, бунда жисмоний шахслар учун 5 фоизлик чегирма бор. Эслатиб ўтамиз, Миллий инвестиция жамғармаси – давлатга қарашли 13 та йирик компаниянинг 25 фоиздан 40 фоизгача акцияларини ўзида жамлаган. IPO нархидан келиб чиқилса, жамғарманинг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларни ташкил этади.

Энергияни тежаш мақсадида газ ва свет истеъмолига чеклов киритиш тақиқланди. 29 апрел куни имзоланган президент фармони билан, электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди. Бунга сабаб – фармонда энергия самарадорлиги ва тежамкорлигини ошириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Натижада, айрим масъуллар ҳисобот ортидан қувиб, тежаймиз дея чеклов киритишининг олдини олиш учун ҳам шундай нормага зарурат туғилган бўлиши мумкин. Бу фармон имзоланиши билан бир вақтда, электр энергиясидаги йўқотишлар юқори бўлган 44 та туман ва шаҳарнинг электр корхонаси раҳбари ишдан олинди.

2026 йилги Ҳаж мавсуми учун бошланмоқда. Бу йил ҳам ушбу зиёратга Ўзбекистондан 15 минг зиёратчи боради. Сафар нархи – 77 млн сўм деб белгиланди. 2 майдан 18 майга қадар Ўзбекистоннинг 9 та шаҳридан Мадинага тўғридан тўғри авиақатновлар амалга оширилади. Ўзбекистондан Мадинага парвозларни Саудия лоукостери Flyadeal амалга оширади, ҳожиларни қайтариб олиб келиш эса Uzbekistan Airways томонидан амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз, талабгорлар келаси йилги Ҳаж зиёратига бориш учун MyGov портали орқали олдиндан электрон навбатга ёзилиши мумкин.

Далаҳовлиларни солиққа тортиш бўйича янги механизм таклиф этиляпти. Солиқ қўмитаси тегишли ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, туризм соҳасида фаолият юритаётган барча жойлаштириш воситаларини, шу жумладан далаҳовлиларнинг ягона электрон базасини яратиш кўзда тутилган. Уларга 2027 йил 1 январдан бошлаб ўзлари кўрсатадиган хизматларнинг нархини ягона платформага доимий киритиб бориш мажбурияти юклатилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили қабул қилинган президент қарорига асосан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб далаҳовлилар ижарасини “Soliq” иловаси орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилиши керак.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид