Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энергетика вазири блогерга қарши: томонлар нима дейди?
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов блогер Отабек Бакиров устидан киритган ариза судга етиб келди. 1 май куни бўлиши кутилган суд тарафларнинг 3 соатлик кутишидан кейин, кейинроққа қолдирилди. Томонларнинг нуқтайи назари –Kun.uz репортажида.
1 май куни Яшнобод туман судида иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ҳамда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасидаги иш кўриб чиқилиши кутилган эди. Ишга 2024 йилда Бакиров томонидан давлат маблағларига яратилган Auto24 иловаси фаолияти юзасидан билдирилган танқидий фикрлар ҳамда унинг Telegram-каналида энергетика муаммолари ҳақида ёзган постлари асос бўлган.
Аввалроқ ички ишлар идоралари ушбу мурожаатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этган. Бироқ прокуратура эътирози билан иш маъмурий тартибда қайта тикланган ва судга оширилган. Блогерга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси – ёлғон ахборот тарқатиш аломатлари кўриб чиқиляпти.
1 май куни томонлар суд мажлисига соат 11:00 га чақирилган. Жараённи ёритиш учун журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари ҳам етиб келган. Бироқ уч соатга яқин кутишдан сўнг, суд мажлиси қолдирилгани маълум қилинди.
Томонлар низо юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Вазирлик: “Ҳамкорликка тайёрмиз, лекин маълумотлар текширилган бўлиши керак”
Энергетика вазирлиги юридик бўлими бошлиғи Ойбек Қўчқоровнинг айтишича, вазирлик жамоатчилик билан ишлашда очиқлик тарафдори ва танқидни инкор этмайди. Бироқ у ҳар қандай эълон қилинаётган маълумот текширилган бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, у Auto24 иловаси давлат томонидан катта маблағ сарфлаб яратилгани ҳақидаги фикрларни рад этди.
“Бу илова олдиндан мавжуд платформа бўлган, унга ҳамкорлик асосида қўшимча функциялар киритилган. Уни “миллиардлаб маблағ совурилган лойиҳа” сифатида талқин қилиш нотўғри”, – деди у.
Вазирлик вакили блогер постларида ишлатилган айрим иборалар, хусусан “Мирзамаҳмудов иловаси” деган ифода аниқ шахсга нисбатан нотўғри тасаввур уйғотишини билдирди.
“Шартнома таклиф қилинган”
Қўчқоровнинг айтишича, вазирлик блогер билан очиқ мулоқот қилишга уриниб кўрган.
“Лолазор” подкастида вазиримиз томонидан таклиф ҳам берилган: агар тизимни ривожлантириш бўйича таклифларингиз бўлса, бирга ишлайлик, шартнома тузайлик, деган гаплар бўлган. Бу кимнингдир “оғзини мойлаш” эмас, балки тизимни ривожлантириш учун ҳамкорлик таклифи”, – дейди у.
Вазирлик юристига кўра, вазирлик ҳеч кимнинг танқид қилишига қарши эмас, бироқ танқид асосли ва текширилган бўлиши керак.
Бакиров: “Мирзамаҳмудовнинг мен билан судлашишдан бошқа иши йўқми?”
Отабек Бакиров судга келишидан олдин ҳам уйида чироқ ўчганини айтди.
“Бугун суд бўлади деб чақирилганига келгандик. Абсурд, абсурд нарса ҳаммаси. Мана, нимани айтишим мумкин. Мисол учун, бугун эрталаб ҳам свет йўқ эди. Ёздим свет йўқлигини. Энди мана шу свет йўқлигини ёзганим ҳам бундан буёғига энергетика вазирини обрўсизлантириш бўладими, мисол учун? Ҳар куни свет йўқ, ҳар куни ўчади. Бугун эрталабдан ҳам свет йўқ эди. Бу ҳақда ёзса, ҳурматли Мирзамаҳмудов, қаёққа қараяпсиз, деса, Мирзамаҳмудовни обрўсизлантираётган бўляпмизми? Ёки Мирзамаҳмудовнинг ўрнига бошқа шахс вазир бўлиб қолса, у ҳам обрўсизланган бўладими?
Кун тартибига чиқарилаётган масала менга тушунарсиз. Умуман тушунарсиз ва буни пайдар-пай, яъни худдики ҳалиги энергетика вазирининг – шундай катта одамнинг қиладиган иши йўқдек, кетма-кет ариза бериши тушунарсиз менга”.
У, шунингдек, бу иш ортида катта ресурслар сарфланаётганини айтди:
“Тасаввур қилинг, Энергетика вазирлигининг инсон ресурсларини, маъмурий ресурсларини, ҳуқуқий ресурсларини сарфлаяпти. Мана, овозимни ўчириш учун-да. Гапирмасин, ёзмасин, муаммони кўтармасин деб. Энди тасаввур қилинг, шунча ИИБ ходимлари овора, шунча прокуратура овора, суд овора, экспертиза овора. Тўрт марта экспертиза қилинган-да. Бир йил-у тўрт ойдан бери давом этяпти, бешинчи ойга кетяпти, бир йил-у беш ойдан бери арава айланяпти”.
Адвокат: “Муддат ўтган бўлиши мумкин”
Бакировнинг адвокати Файзулла Арслановнинг айтишича, иш материаллари судга тақдим этилган, бироқ мажлис санаси ҳали аниқ белгиланмаган. У маъмурий жавобгарликка тортиш муддати масаласига эътибор қаратди.
“Қонунчиликка кўра, маъмурий жавобгарликка тортиш муддати бир йилни ташкил қилади. Бу ҳолатда эса орадан 15 ой ўтган. Шу сабабли ишни кўриб чиқишнинг ўзи савол остида”, – деди адвокат.
Суд санаси номаълум
Ҳозирча суд мажлисининг қачон давом этиши номаълум. Томонларга қўшимча равишда хабар берилиши айтилган.
Мазкур иш ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унда сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати ва давлат органлари билан очиқ мулоқот масалалари яна бир бор кун тартибига чиқди.
Мавзуга оид
11:50
Женевадаги пуллар, ҳакерлар таҳдиди ва матбуот эркида пасайиш — ҳафта дайжести
10:03 / 01.05.2026
Электрдаги йўқотишлари юқори бўлган 44 та ҳудуднинг электр корхонаси раҳбари ишдан олинди
14:02 / 30.04.2026
Энергияни тежаш мақсадида газ ва свет истеъмолига чеклов киритиш тақиқланди
11:18 / 30.04.2026