Ўзбекистон | 19:59 / 08.07.2020
9975
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда «Одобнома» ва «Ватан туйғуси» каби фанлар ўрнига «Тарбия» фани жорий этилади — Ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Ҳукумат қарорида қайд этилишича, умумий ўрта таълим муассасаларида «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ҳолда ягона «Тарбия» фани:

1–9-синфларда — 2020/21 ўқув йилидан;

10–11-синфларда — 2021/22 ўқув йилидан бошлаб фанларга ажратилган умумий соатлар доирасида босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Халқ таълими вазирлиги:

– 2020 йил 10 июлга қадар 2020/21 ўқув йилига умумий ўрта таълим муассасаларининг 1–9-синфлари учун ҳамда 1 декабрга қадар 2021/22 ўқув йилига 10–11-синфлар учун мўлжалланган «Тарбия» фани буйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга буюртмаларни шакллантиради;

– 15 июлга кадар 1–9-синфлар ҳамда 2021 йил 1 майга қадар 10–11-синфлар учун мўлжалланган «Тарбия» фани бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш бўйича истисно тариқасида декларация қилинган нархлар асосида давлат ва хусусий нашриёт-матбаа ташкилотлари билан шартномалар тузади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Халқ таълими вазирлиги 2020–202З йилларда республика олий таълим муассасаларининг «Бошланғич таълим», «Тарих» (мамлакатлар ва минтақалар бўйича), «Тарих ўқитиш методикаси», «Филология ва тилларни ўқитиш: Ўзбек тили», «Ўзбек тили ва адабиёти», «Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими», «Педагогика ва психология», «Диншунослик» ва «Исломшунослик (Ислом тарихи ва манбашунослиги)», «Психология (Дин социопсихологияси)» таълим йўналишлари битирувчиларига умумий ўрта таълим мактабларида «Тарбия» фанини ўқитиш ҳуқуқи берилиши юзасидан зарур чораларни кўриши ва мазкур таълим йўналишлари ўқув режаларига 2020/21 ўқув йилидан бошлаб тегишли ўзгартиришлар киритиши белгилаб қўйилди.

Мавзуга оид