Ўзбекистон | 17:00 / 21.02.2026
2038
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда «Ona Uyi» ресурс маркази ўз фаолиятини бошлади

Нукус шаҳрида “Mother’s Home International Foundation” халқаро жамғармасининг Ўзбекистондаги филиали – “Ona uyi” янги ресурс марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказнинг очилиши Қорақалпоғистон Республикаси учун муҳим воқеа ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини ривожлантириш йўлидаги салмоқли қадам бўлди. Янги “Ona uyi” мамлакатдаги саккизинчи ресурс марказига айланиб, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш географиясини кенгайтирди.

 

Жамғарманинг мақсади – янги туғилган чақалоқлардан воз кечилишининг олдини олиш ва болаларни ўз оилаларида сақлаб қолишдан иборат. “Ona uyi” марказлари вақтинчалик хавфсиз бошпана, озиқ-овқат ва зарурий яшаш шароитлари, шунингдек, комплекс психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам билан таъминлайди. Бу ерда аёлларга ҳужжатларини тиклаш, мутахассислар маслаҳатини олиш, таълимни давом эттириш ва ишга жойлашишда ёрдам кўрсатилади. Бундай ёндашув нафақат қисқа муддатли инқирозни ҳал қилиш, балки оиланинг барқарор келажаги учун пойдевор яратиш имконини ҳам беради.

Жамғарма филиали Ўзбекистонда 2024 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда ресурс марказлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Қувасой, Чирчиқ ва эндиликда Нукус шаҳрида ҳам фаолият юритади. Шу вақт мобайнида 200 дан ортиқ аёлга ёрдам кўрсатилди.

Тадбир Нукус шаҳридаги “Inson” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда “Ona uyi” халқаро жамғармаси филиали ташаббуси билан ташкил этилди. Марказ очилишини молиялаштирган ҳомийлар — “International Beverages Tashkent” компанияси асосчиси Шуҳрат Эргашев ҳамда Филиал Васийлик кенгаши раиси Айдин Раҳимбоев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Нукусдаги ушбу лойиҳа ижтимоий масъулиятни ўз фаолиятининг ажралмас қисми деб билган бизнес вакилларининг фаол ҳаракатлари туфайли ҳаётга татбиқ этилди. Кўрсатилган кўмак марказнинг ишга туширилиши ва дастлабки босқичда барқарор фаолият юритишини таъминлади. Молиялаштириш биноларни ижарага олиш ва сақлаш, қулай маиший шароитлар яратиш, марказни зарур мебель ва техника билан жиҳозлаш, шунингдек, ҳомийликка олинганларни таъминлашга йўналтирилди. Бу нафақат молиявий иштирок, балки минтақанинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга қўшилган стратегик ҳиссадир.

Очилиш маросимида “PepsiCo”нинг расмий боттлери – “International Beverages Tashkent” компанияси директорлар кенгаши раиси Шуҳрат Эргашев сўзга чиқиб, қуйидагиларни таъкидлади:

Нукусда янги “Ona uyi” ресурс марказининг очилишида иштирок этаётганимиз биз учун катта шараф. Ижтимоий масъулият – бу шунчаки баёнотлар эмас, балки аниқ амалий ҳаракатлардир. “Марказий Осиё етимларсиз” лойиҳасини қўллаб-қувватлаш — оилаларни сақлаб қолишга ҳисса қўшиш йўлидаги қатъий қароримиз бўлди. Ишончимиз комилки, ҳар бир бола меҳр ва ғамхўрликда улғайиши, ҳар бир аёл эса ўз вақтида ёрдам олиши лозим. Мамлакатимизни етимларсиз ҳаёт сари яқинлаштираётган ташаббуснинг бир қисми эканимиздан фахрланамиз”.

Маросимда давлат органлари вакиллари ва жамоат арбоблари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Нукус шаҳар ҳокими Абатбай Данияров, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Нукусда “Ona uyi” марказининг очилиши давлат, жамоат ташкилотлари ва бизнес саъй-ҳаракатларининг бирлашуви инсонлар тақдирини ўзгартиришга ҳамда ҳар бир бола оилада ўсиш ҳуқуқига эга бўлган жамиятни шакллантиришга қодир эканининг яна бир тасдиғи бўлди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид