1917 йилда содир бўлган Октябр тўнтариши Евросиёнинг жуда катта минтақасида бозор қонуниятларини ўзгартириб юборди. Россия империяси тугатилиб, ўрнига «советлар мамлакати» пайдо бўлар экан, янги тузум хусусий мулк эгаларига қарши аёвсиз кураш бошлайди.

Аввалига завод ва фабрикалар тортиб олинади. Кейин дўкондорларга ҳужум бошланади. 1920-йиллар охирига келиб коллективлаштириш баҳонасида бутун мамлакат бўйлаб одамларнинг ер ва мулклари охиригача тортиб олинади. Шу тариқа асрлар давомида шаклланиб келган хусусий мулк муносабатлари тўлиқ маҳв этилади.

1930-йилларда мамлакатда жуда катта қурилишлар бошлаб юборилади. Аммо керакли мутахассислар етишмасди. Ана шу пайтда СССРга дунёнинг турли давлатларидан кўплаб компаниялар ўз мутахассислари билан келиб ишлайди. Улар орасида АҚШликлар ҳам бор эди.

1937 йилда Сталин қатағонлари бошлангач, хорижий мутахассисларнинг бир қисми қочиб қутулади. Бошқалари эса айғоқчиликда айбланиб, жазоланади. Шундан сўнг узоқ йиллар давомида СССРнинг Ғарб давлатлари билан иқтисодий алоқалари энг ёмон кўринишга келади.

Сталин вафотидан кейин бир муддат СССР ва АҚШ муносабатлари юмшагандай бўлади. Мамлакат раҳбари Никита Хрушчев АҚШга ташриф буюради.

Фото: alamy.com

Бунга жавобан 1959 йилда Москвада АҚШ миллий саноат кўргазмаси ташкил этилади ва унга вице-президент Ричард Никсон ташриф буюради. Аммо 1960-йиллар бошида содир бўлган Кариб инқирози даврида СССРнинг Ғарб билан алоқалари яна ёмонлашади.

1964 йил 14 октябрда СССР раҳбари ўзгаради. Хрушчев ўрнига Леонид Брежнев КПСС марказий қўмитаси бош котиби бўлади. Ўша пайтда Вьетнам уруши давом этаётган ва унда АҚШ армияси жанубликларга, СССР ҳарбийлари шимолликларга ёрдам бераётган эди. Шу сабабли ҳар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар совуқлигича қолади.

Совет-АҚШ алоқаларининг илиқлашиши

1969 йилда АҚШда ўтказилган сайловларда Ричард Никсон ғалаба қозонади ва мамлакат президенти бўлади. Никсон урушда муваффақиятсизликка учраётган АҚШ ҳарбийларини Вьетнамдан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилади. Шу билан бирга Совет иттифоқи билан иқтисодий алоқаларни тиклашга киришади. Шундан сўнг СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлайди.

1972 йилда Ричард Никсон Брежнев таклифига кўра СССРга давлат ташрифи билан келади. Унгача АҚШ президентлари орасида фақат Франклин Рузвелт 1945 йилда СССРга келганди. Рузвелтнинг ташрифидан кейин орада ўтган 27 йил мобайнида АҚШнинг бирорта президенти совет иттифоқига келмаган.