Ўзбекистон | 17:11 / 06.05.2021
53122
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларга ЯТТ сифатида таксичилик қилишга рухсат берилди

Президент Шавкат Мирзиёев aвтомобилда йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солишга оид қарор имзолади.

Қарор билан, 2022 йил 31 декабргача муддатга эксперимент тариқасида якка тартибдаги тадбиркорларга 4 та ўриндиқли енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бунда қуйидаги асосий талаблар қўйилган:

  • ҳайдовчи 21 ёшга тўлган, автомобил эса ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган бўлиши;
  • автомобил техник хизмат кўрсатиш станцияларида ҳар 6 ойда камида бир маротаба техник кўрикдан ўтказилиши;
  • ҳайдовчи хусусий клиникаларда ёки оилавий поликлиникаларда ойлик тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга такси фаолияти билан шуғулланиш учун бошланғич тўлов 5 баробарга камайтирилиб, 690 минг сўмни, ойлик тўлов 1,5 баробарга камайиб, 425 минг сўмни ташкил қилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб, ЯТТ сифатида такси фаолияти билан шуғулланиш фақатгина мижозларни излаш бўйича интерактив хизмат кўрсатувчи компаниялар (агрегаторлар) хизмати орқали амалга оширилади (масалан, Yandex Taxi).

  • Якка тартибдаги тадбиркор – тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек, мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахсдир.

Жисмоний шахсларнинг таксичилик қилишига рухсат бериш ҳақида 2017 йилдан бери айтиб келинаётган, амалда эса бажарилмаётганди. Орада президентнинг шу масаладаги бир нечта ҳужжатлари ва оғзаки топшириқлари ижросиз қолиб кетди.

Мазкур президент қарори билан, такси автомобилларига қўйилган талаблар тасдиқланди: сариқ рангда ёнувчи «TAXI» белгиси ва салонга махсус девайслар ўрнатиш барча таксичилар учун мажбурий бўлади. Юридик шахс мақомидаги таксичиларга берилган имтиёзлардан жисмоний шахслар фойдалана олмайди. Бу ҳақда батафсил ушбу ҳаволада танишинг.

Мавзуга оид