Жаҳон | 10:37 / 27.01.2019
57964
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Хуррам султоннинг рус миллатига мансублиги ҳақидаги маълумотлар ўзгартирилди   

Фото: Wikipedia

Туркия ҳукумати Украина элчихонаси мурожаатига кўра турк султони Буюк Сулаймоннинг рафиқаси Хуррам султоннинг Истанбулдаги мақбараси олдидаги стенддан унинг рус миллатига мансублиги ҳақидаги маълумотларни олиб ташлади. Бу ҳақда Украинанинг Туркиядаги элчихонаси маълум қилди.

“Секин-аста тарихий ҳақиқатни тикламоқдамиз: Украина элчихонасининг мурожаатидан кейин турк томони Султон I рафиқаси Роксолананинг Истанбулдаги Сулаймония масжиди ёнидаги мақбарасидан унинг гўёки россиялик эканлиги ҳақидаги матнни ўчириб ташлади”, дейилган Украина элчихонасининг твиттердаги хабарида.

Таъкидланишича, эндиликда мақбарада “Султон Сулаймон рафиқаси Хуррам султон (Роксолана), украиналик ва султон Салим [II]нинг онаси” деган ёзувни кўриш мумкин.

Хуррам султон (1502/1505 - 1558) Усмонийлар империяси султони Буюк Сулаймоннинг рафиқаси бўлган. Унинг ҳақиқий исми ва келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Баъзи манбаларда у рус илдизларига эгалиги, бошқаларда эса Рогатинадан (ҳозирда Украинанинг Ивано-Франковск вилояти) эканлиги айтилади. Хуррам султон султонликнинг сиёсий ишларида муҳим роль ўйнаган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид