Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франция Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасига қарши тергов бошлади
Журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича Париж апелляция суди қарори билан суд тергови бошланди. Аввалроқ, Муҳаммад бин Салмон бу қотилликда масъулиятни ўз зиммасига олган эди.
Фото: AFP
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга нисбатан Истанбулда The Washington Post журналисти Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича Париж апелляция суди қарори билан суд тергови бошланди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
«Миллий аксилтеррор бошқармаси томонидан тергов қилинаётган қийноқлар ва мажбурий бедарак йўқолишлар ҳақидаги шикоят юзасидан текширув ўтказилиши лозим», дейилади хабарда.
Илгари Франция прокуратураси таъқибнинг мақбуллиги асосида иш қўзғатишга қарши чиққан эди.
The Washington Post газетаси шарҳловчиси Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда бедарак йўқолди. Шу куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кирди ва қайтиб чиқмади. Унинг жасади ҳам топилмади. Туркия прокуратураси маълумотларига кўра, журналист ўлдирилган, унинг жасади майдаланган ва йўқ қилинган.
Журналист узоқ вақт давомида Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилиб келган эди. Журналистни ўлдиришга Саудия Арабистони ҳукумати буйруқ берганини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, шунингдек, АҚШ Миллий разведкаси маълум қилди.
«Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Туркиянинг Истанбул шаҳрида саудиялик журналист Жамол Қошиқчини қўлга олиш ёки ўлдириш операциясини маъқуллаган деб ҳисоблаймиз», дейилади Америка разведкаси ҳисоботида.
Журналистнинг ғойиб бўлиши ва бунга Ар-Риёднинг алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Шу пайтда ХВЖ раҳбари бўлган Кристин Лагард, шунингдек, Google ва Ford каби бир қатор Америка компанияларининг топ-менежерлари Саудия Арабистонига режалаштирилган саёҳатидан воз кечишди.
Муҳаммад бин Салмон биринчи марта 2019 йил сентябрь ойида Қошиқчининг ўлдирилиши ҳақида очиқ фикр билдирди.
«Мен барча масъулиятни ўз зиммамга оламан, чунки бу мен хизмат вазифамни бажараётганимда содир бўлган», деди у. Шу билан бирга, шаҳзода номи ошкор этилмаган амалдорлар унинг рухсатисиз ҳаракат қилганини таъкидлади.
Мавзуга оид
09:00 / 13.05.2026
Саудия Арабистони Эрон ҳужумларига жавоб қайтарган
13:58 / 06.05.2026
Эрон уруши: БАА ва Саудия ўртасидаги яширин зиддиятлар юзага чиқди
12:05 / 20.04.2026
Бедарак йўқолган мовий олмос – таиландлик хизматчи Саудия қироллик оиласининг бойликларни қандай ўғирлаганди?
07:33 / 17.04.2026