Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бедарак йўқолган мовий олмос – таиландлик хизматчи Саудия қироллик оиласининг бойликларни қандай ўғирлаганди?
1990 йилда Саудия Арабистони ва Таиланд ўртасига совуқлик тушади. Саудлар Бангкок билан дипломатик алоқаларни узади. Бу жараён 32 йил давом этади ва 2022 йилга келиб ҳар икки давлат ўзаро муносабатларни қайта тиклайди. Ўшанда Саудия ва Таиланд ўртасига совуқлик тушишига йирик бир ўғирлик сабаб бўлганди.
1989 йилда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Файсал ибн Фахднинг хонадонидан кўплаб қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар йўқолади. Ўша пайтда уларнинг нархи бир неча млн доллар бўлган.
Йўқолган нарсалар орасида қироллик оиласи учун қадрли бўлган, Ер юзида анча-мунча одамда топилмайдиган 50 каратли мовий олмос ҳам бор эди.
Қимматбаҳо тақинчоқларни ким ўғирлагани дарҳол аниқ бўлади: у қироллик оиласининг таиландлик хизматчиси Криангкрай Текамонг деган йигит эди.

Ўғри хизматкор
Криангкрай Текамонг қироллик оиласи ишончига кирган ва саройда ишларди. У хизмат қилган Саудлар хонадонида қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар очиқда турар, ўрни келганда хизматкорлар уларни йиғиштириб қўярди.
Ана шундай шароитда ишлаган йигит кунларнинг бирида қимматбаҳо тошларнинг бирини яширинча олиб чиқади ва Таиландга жўнатиб юборади.
Йигитнинг яқинлари тошни яхши пулга пуллайди. Шундан сўнг йигит қироллик оиласида сақланаётган бошқа қимматбаҳо тошларни ҳам бирин-кетин ўғирлаб, уйга жўнатиб туради.
Шу тариқа хизматкор йигит бир муддат Саудлар оиласига тегишли бўлган қимматбаҳо тошлар ва тилла тақинчоқларни ўғирлаб келади.
Криангкрай Текамонг ўғирлаган тошларини Саудлар хонадонидан асосан чангюткич қопчасига яшириб олиб чиқади.
У ўғирлаган тошлар орасида Саудлар оиласи учун қадрли бўлган, ўлчами товуқ тухуми катталигидек келадиган мовий олмос ҳам бор эди.

Ўшанда йигит ўғирлаган қимматбаҳо тошлар ва тилла тақинчоқларнинг умумий сони 91 дона бўлган. Айрим маълумотларда уларнинг оғирлиги 91 кг бўлгани айтилади. Бироқ ўғирланган тош ва тақинчоқларнинг 91 дона экани ҳақиқатга яқинроқ.
Хизматкор томонидан ўғирланган деб ҳисобланган нарсалар хомчўт қилиб кўрилганда, ўша пайтда уларнинг қиймати 20 млн долларга етади.
Бироқ Криангкрай Текамонгнинг оиласи, кейинроқ унинг ўзи қимматбаҳо тошларни Бангкокдаги Санти Ситанакан исм-шарифли заргарга ярим баҳосига ҳам етказмасдан сотиб юборади.
Суриштирув
Ўшанда таиландлик хизматкор йигитнинг ўғирлиги қандай фош бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Фақат шуниси аниқ: Саудлар ўғирлик содир бўлганини Криангкрай Текамонг Таиландга кетиб қолганидан сўнг сезади.
Саудия Арабистони ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Таиландга ўғирлик ҳақидаги маълумотларни юборганда Криангкрай Текамонг ўзидаги барча қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқларни сотиб юборган эди.
Таиланд полицияси дарҳол йигитни қўлга олади. У орқали қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқларни сотган заргар ҳам топилади. Заргар сотиб олган барча нарсаларини қайтаради.

Шундан сўнг коллекция Саудияга юборилади. Криангкрай Текамонг эса суд қилинади ва етти йил қамоқ жазоси олади. Саудларга коллекцияни Тайланд полициясининг юқори лавозимли мулозими, генерал Чалор Кердтес бошчилигидаги делегация олиб боради.
Бироқ бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Чунки Саудияда ортга қайтарилган қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар экспертиза қилинганда барчаси сохта бўлиб чиқади. Қолаверса, улар орасида мовий олмос йўқ эди.
Ўшанда Саудлар оиласи Таиланддан қимматбаҳо тошлар ҳамда тақинчоқларнинг аслини ва мовий олмосни топиб беришни талаб қилади. Бангкокда қўшимча суриштирув бошланади.
Ўша пайтда Таиланддаги айрим ОАВлар Бангкокда ўтказилган тантанали кечада туширилган суратларни эълон қилади ва ўз шубҳаларини билдиради.
Суратларда айрим ҳукумат аъзоларининг хотинлари Саудияда йўқолгани айтилган қимматбаҳо тақинчоқларни тақиб олганди.
Шундан Саудия томони қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар заргар томонидан эмас, балки полиция ва ҳукумат мулозимлари томонидан ўзлаштирилганини айтиб чиқади. Бироқ Таиланд томони буни инкор қилади.
Дипломатик алоқаларнинг узилиши
1990 йил январда Саудлар оиласи илтимоси билан саудиялик тадбиркор Муҳаммад ар-Рувайли Бангкокка боради. У Саудиянинг Таиланддаги элчихонаси ходимлари билан бирга йўқолган коллекция юзасидан суриштирув ўтказа бошлайди.

Бу гуруҳ ўз суриштирувларини февралгача давом эттиради ва шундан сўнг ишлар тўхтаб қолади. Чунки ўша пайтда номаълум шахслар аввал Саудиянинг Таиланддаги элчисини ўлдиради.
Кўп ўтмай элчихонанинг Муҳаммад ар-Рувайлига ёрдам бераётган икки нафар ходими ҳам ўлдирилади. Ар-Рувайлининг ўзи бедарак йўқолади ва ҳанузгача унинг на тириги, на ўлиги топилмаган.
Содир бўлган ишларда Саудия томони Таиланд ҳукуматини айблаб чиқади ва Бангкокдаги элчихона ходимларини Саудияга чақириб олади. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар узилади.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгач, Саудия ҳукумати мамлакатда ишлаб турган 300 мингдан ошиқ таиландлик ишчиларнинг асосий қисмини мамлакатдан чиқариб юборади.
Бунга жавобан Таиланд Саудия фуқаролари фойдаланиб келган визасиз кириб-чиқишни бекор қилади.
Гарчи Саудия Таиланд билан барча алоқаларни узган бўлса-да, бу давлатдан Ҳаж ва Умра зиёратини амалга ошириш учун келадиган инсонларга виза беришда давом этади.
Таиланднинг кейинги чоралари
300 мингдан ошиқ меҳнат муҳожирининг Саудиядан чиқариб юборилиши ўша пайтда Таиланд иқтисодиётига сезиларли зарар етказади.
1994 йилда Таиланд Саудиядан ўғирланган коллекция бўйича суриштирувларни қайта бошлайди. Генерал Чалор Кертдес яна бош ролга чиқади. У асосий гумондор сифатида заргар Ситанаканни кўради.
Бироқ заргар қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқларни аслини қайтарганини айтиб туриб олади. Генералнинг одамлари тергов давомида заргарнинг хотини ва ўғлини ўлдиради. Бироқ у айтганида туриб олади.
Шундан сўнг кўп ўтмай генерал Чалор Кертдеснинг ўзи шубҳа остига тушади. Чунки заргардан коллекция у қабул қилиб олган ва Саудияга олиб борганди. Генерал айбини тан олмайди.
Бироқ Таиланд суди уни айбдор деб топади ва аввалига ўлим жазосига ҳукм қилади. Сўнг олий жазо 50 йил қамоқ жазосига алмаштирилади.
Шунингдек, Таиландда олти нафар полициячи Саудия дипломатларини ўлдирганликда айбланиб, турли муддатга қамоқ жазоси олади. Бироқ бу Саудия томонини қониқтирмайди.
Генерал Чалор Кертдес ҳибсга олинган кезларда Таиланд томони барчага саудиялик дипломатлар ўз одамлари томонидан ўлдирилганини, мовий олмос эса умуман бўлмаганини уқтиришга уринади.
Бироқ уларнинг бу гапларига ҳеч ким, ҳатто таиландликларнинг ўзи ҳам ишонмайди. Шундан кейин ҳам Саудия ўз даъвосидан воз кечмайди ва икки давлат ўртасидаги совуқ муносабатлар давом этади.

2010 йилга келиб Саудлар ташаббуси билан Саудия ва Таиланд ўртасидаги дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича музокаралар ўтказилади.
Чунки мамлакатга миллионлаб меҳнат муҳожирлари керак ва энг тартибли ишчилар эса таиландликлар эди. Бироқ келишув амалга ошмайди ва муносабатлар ёмонлигича қолаверади. Коллекция ҳам қайтарилмайди. Мовий олмос топилмайди.
Ўғри ва генералнинг кейинги тақдири
Аввалроқ сохта тақинчоқларни Саудияга олиб борган генерал Чалор Кердтес 50 йилга, уларни қироллик оиласи хонадонидан ўғирлаб чиққан йигит 7 йилга қамалганини айтгандик.
2013 йилда 70 ёшга кирган генерал Чалор Кердтес афв этилади. Унинг кейинги тақдири номаълум. Ўғри йигит Криангкрай Текамонг уч йил қамоқда ўтиргач полицияга терговда ёрдам бергани учун муддатидан аввал озод қилинади.
2016 йилда 65 ёшга кирган Криангкрай Текамонг ўғирланган коллекция юзасидан матбуот анжумани ўтказади. Ўшанда у йўқолган мовий олмос лаънатланганига ишонишини, тошни ўғирлаш ўзига ва оиласига бахтсизлик келтирганини, қолган умрини роҳиб сифатида ўтказишини айтиб чиқади.
Криангкрай Текамонг ва унинг яқинларидан қимматбаҳо тошларни сотиб олган, сўнг уларни полицияга топширган заргарнинг кейинги тақдири номаълум.
Дипломатик алоқаларнинг тикланиши
2020 йилда Таиланд Суадияга дипломатик алоқаларни тиклаш бўйича таклиф юборади. Мамлакат ташқи ишлар вазири саудиялик ҳамкасби билан музокаралар ўтказади.
Саудия таклифга ижобий муносабат билдиради. Бироқ дипломатик муносабатлар ўрнатиш турли сабабларга кўра яна икки йилга кечикади.
2022 йилга келиб Саудия ва Таиланд дипломатик алоқаларни тиклаш бўйича музокараларни бошлайди. Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Таиланд раҳбарини ўз давлатига таклиф этади.

Ўша йили январда 32 йил давом этган келишмовчиликдан сўнг Таиланд бош вазири Прают Чан-Оча илк бор Саудияга ташриф буюради.
Ташриф давомида томонлар ҳар икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклаш бўйича келишувга эришади. Кўп ўтмай Саудияда Таиланд, Бангкокда Саудия элчихоналари қайта очилади.
Шундан сўнг ҳар икки давлат ўртасида тўғридан тўғри қатновлар йўлга қўйилади. Саудия яна таиландлик меҳнат муҳожирларини ишга қабул қилади.
Шунингдек, Саудия ўз фуқароларига Таиландга боришга рухсат беради. Таиланд ҳам саудияликлар учун виза чекловини бекор қилади.
Охир-оқибат икки давлат ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлган қимматбаҳо тошлар ва тақинчоқлар ҳамда мовий олмос тақдири номаълумлигича қолади.
Мавзуга оид
07:33 / 17.04.2026
Саудиянинг бир километрлик минораси қурилиши 100-қаватга етди
22:30 / 16.04.2026
Саудия, БАА, Миср. Эрон урушига уч хил ёндашув
23:09 / 15.04.2026
Саудия Арабистонида Ҳаж мавсумига тайёргарлик бошланди. Нималарни билиш керак?
15:25 / 14.04.2026