Ўзбекистон | 08:55 / 05.07.2019
9624
3 дақиқада ўқилади

Давлат бошқаруви академияси қошидаги институтга қабул тартиби либераллаштирилади

Фото: Norma.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилиши режалаштирилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар:

13-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:

“Институтга ўқишга тавсия этишда номзодларнинг ўзига ва уларнинг ҳужжатларига нисбатан қўйилган талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги бўйича масъулият тавсия этаётган ташкилот раҳбарлари ва Ёшлар иттифоқининг Ҳудудий Кенгашлари раислари зиммасига юкланади.”.

19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“19. Тест синови саволлари Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанларидан Давлат тест маркази томонидан белгиланган талаблар асосида Институт томонидан тузилади.

Ҳар бир фан бўйича 20 тадан савол тузилади. Бунда, Ўзбекистон тарихи фанидан 1,5 балл, иқтисодиёт назарияси фанидан 1,6 балл ва ҳуқуқшунослик фанидан 1,4 баллардан ҳар бир саволнинг тўғри жавоби учун белгиланади.

Тест синови учун 90 дақиқа вақт ажратилади.

Тест синови натижалари бўйича 49,5 (55 фоиз) балл ва ундан юқори балл олган номзодлар суҳбатдан ўтишга тавсия этилади.

Тест синовидан ўтганлар сони квота бўйича ажратилган тингловчилар сонига тенг ёки ундан кам бўлганда суҳбат ўтказилмайди.”.

23-бандда:

а) “Суҳбатда энг юқори балл — 60 балл этиб белгиланади.” сўзлари “Суҳбатда энг юқори балл — 110 балл этиб белгиланади.” сўзлари билан алмаштирилади;

б) тўртинчи хатбоши чиқариб ташланади.

Бешинчи ва олтинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисобланади.

Мавзуга оид