Жаҳон | 20:05 / 06.05.2026
5491
6 дақиқада ўқилади

Ҳатто Зеленский ҳам келди: Еревандаги саммитлар нимадан дарак?

Россиядан узоқлашиш, Европага яқинлашиш, Озарбайжон ва Туркия билан нормаллашиш – бугун Арманистон ташқи сиёсатини белгилаб бераётган асосий тенденциялар. 3–5 май кунлари мамлакат пойтахти Ереван дунё сиёсатининг марказига айланди. У ерда бир вақтнинг ўзида учта катта тадбир: Европа Иттифоқи – Арманистон саммити, Европа сиёсий ҳамжамияти йиғилиши ва Арманистон-Франция саммити бўлиб ўтди.

Европа сиёсий ҳамжамияти саммити 4-май куни бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқининг 27 аъзоси ва яна 21 давлат раҳбарлари иштирок этди. Буюк Британия бош вазири, Украина президенти ҳамда масофадан иштирок этган Озарбойжон ва Туркия етакчилари шулар жумласидан.

Арманистон–Европа Иттифоқи саммити – бу тарихда шу форматдаги ва даражадаги биринчи учрашув ҳисобланади. Европа Иттифоқини Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамда Еврокенгаш раиси Антониу Кошта тамсил қилишди, Арманистонни эса бош вазир Никол Пашинян.

Шунингдек, Арманистон–Франция ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам бир кун ажратилди, бу икки давлат ўртасида алоҳида саммит бўлиб ўтти. Унда Франция президенти Макрон Арманистоннинг геосиёсий мустақиллигига алоҳида тўхталиб, Россиянинг ишончсиз ва хавотирли хамкор эканини урғулаб ўтди.

Хўш, Еревандаги бу тадбирлар Кавказ минтақаси учун, глобал геосиёсий вазият учун, жумладан, Ўзбекистон ва туркий дунё муносабатлари учун қандайдир аҳамиятга эгами, агар эга бўлса, қандай аҳамият касб этади?

Еревандаги бу тадбирларни, бир сўз билан “глобал ўзгаришлар давридаги катта ва муҳим воқеа” деб аташ мумкин.

Пост-совет ҳудудидаги геосиёсий вазият кескин ўзгармоқда. Биринчидан, Арманистон – ҳалига қадар расман Евросиё Иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти аъзоси. Бу иккала ташкилот ҳам Россия Федерациясининг стратегик лойиҳалари ҳисобланади. Қолаверса, ҳалига қадар Кавказ мамлакатларидан фақат Арманистонда РФнинг йирик ҳарбий базаси мавжуд (Гумри шаҳрида). Арманистон КХШТдаги фаолиятини тўхтатган, лекин расман бу ташкилотдан чиққани йўқ. Қолаверса, Евросиё Иттифоқининг аъзоси сифатида Россиядан арзон газ ва нефт олади, РФ Арманистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда, расмий Москва учун, бугунги ЕИ – энг асосий душман сифатида кўрилади. АҚШ ҳокимиятига Трамп келгач, Россия билан урушаётган Украинага ёрдам бериш миссиясини ЕИ ўзига олди. ЕИ бугун ўзи учун энг биринчи таҳдид деб РФни кўради. Мана шу фонда, КХШТ ва Евросиё Иттифоқи аъзоси ҳисобланмиш Арманистонда Европа Иттифоқининг йирик саммити ўтаётгани – Ереваннинг Россиядан узоқлашаётганини ифодалайди.

Қолаверса, бу саммитга Украина президенти Зеленский ҳам таклиф қилинди. 2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кирганидан кейинги даврда биринчи марта Украина президенти КХШТ ва Евросиё Иттифоқи аъзоси бўлмиш давлатга келди. Бу билан Арманистон ўзининг геосиёсий муносабатларини жиддий кўриб чиқаётганини РФга ҳам билдирмоқда.

ЕИ–Арманистон саммитида 44 банддан иборат декларация имзоланди. Декларацияга кўра, Арманистоннинг Озарбайжон билан тинчлик муносабатлари қўлланган, Туркия билан нормаллашув олқишланган, Украина урушига ҳам муносабат билдирилган.

Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида Озарбайжон ҳам иштирок этди, бироқ онлайн қатнашди. Бу билан, Озарбайжон ҳали Арманистон билан тўлақонли тинчлик келишуви имзоланмаганига ишора қилмоқда, лекин муносабатлар ижобий томон кетаётганини ифодалаб, онлайн шаклда иштирок этди. 2028 йилда Европа Иттифоқининг саммити Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиши кутилмоқда.

Туркия ҳам Арманистон билан муносабатларни ижобийлаштирмоқда. Кўп йиллар йиллар давомида Арманистон Туркияни 20-аср бошида арманларга қарши геноцидда айблаб келди. Бироқ, кейинги 5-6 йил ичида Арманистон ўзининг минтақавий ва глобал геосиёсий қарашларини кескин қўриб чиқмоқда.

Ереванга, шунингдек, Канада бош вазири Карни ҳам келди. Бугун Коллектив Ғарб маънавий жиҳатдан парчаланган, АҚШ ҳокимиятига Трамп келгач, Европа Иттифоқи, Канада ва Ғарбнинг бошқа вакиллари муқобил ҳамкорлик ва хавфсизлик формуласини излашмоқда. Шу фонда Европа Иттифоқи мустақил глобал куч, қудрат ва қутб бўлиш ниятида. АҚШдан ташқари бўлган геосиёсий қутб шакллантириш интилишида, ва бу қутбда Канада ҳам иштирокчи сифатида кўрилади.

Бугунги Россия–Украина ва АҚШ–Эрон урушлари фонида, дунёдаги тартибот жиддий ўзгармоқда. ЕИ, Туркия, Хитой каби мамлакатлар учун муқобил транспорт-логистика коридорлари масаласи ҳар доимгидан ҳам долзарб. Россия ва Украина ҳудудлари уруш сабаб блокланди. Эрон уруши сабаб Ҳўрмуз бўғози блокланди. Шунинг учун ҳам Осиёни Европа билан боғловчи ўрта коридор, яъни Жанубий Кавказ, жумладан Арманистон, Озарбойжон ва Грузия ҳудудига эътибор яна ҳам ортди.

Украина уруши сабаб Россия заифлашди, ва бу Кавказдаги давлатларни том маънодаги геосиёсий мустақиллиги учун имкониятни кучайтирди. Қорабоғ масаласидан сўнг, Арманистонни РФга боғлаб турувчи омил қолмади ва бугун Арманистон шаҳдам қадамлар билан Европа томон юзланган давлатга айланиб улгурди.

Бироқ Арманистон геосиёсий зиддиятлардан ҳали ҳамон қутула олмади, у КХШТ ва Евросиё Иттифоқи аъзоси. Бироқ Европа томон интилмоқда, ва бу Кремлга қаттиқ ёқмайди…

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид