Спорт | 16:42 / 08.10.2024
5712
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон футзал жамоаси бош мураббийи билан тузилган шартнома якунланди

Ўзбекистонда ўтган футзал бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоага мураббийлик қилган Хосе Венансио Лопес билан тузилган шартнома якунланди. ЎФА жамоанинг мусобақадаги иштирокини танқид қилди. Ўзбекистондаги иқтидорли ёш футзалчиларга кўпроқ ўйин амалиёти бериш, турнирларга жалб этиш тавсия қилинди.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес мамлакатдаги мураббийлик фаолиятини якунлади. У билан тузилган шартнома Жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланганди.

7 октябрь куни ЎФА раҳбарияти ҳамда бош мураббий қатнашган йиғилишда жамоанинг Ўзбекистонда ўтган мусобақадаги иштироки танқидий кўриб чиқилди. Равшан Ирматов испаниялик мутахассисга терма жамоадаги фаолияти учун миннатдорчилик билдириб, унга омад тилади.

Йиғилишда терма жамоа ўйинидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш, терма жамоага номзод футболчиларни етказиб бериш йўлида турли ёш тоифасида футзал терма жамоаларини ташкил этиш, клублар ўртасидаги турнирларни кўпайтириш бўйича таклифлар берилди. Ўзбекистондаги иқтидорли ёш футзалчиларга кўпроқ ўйин амалиёти бериб, турнирларга жалб этиш орқали уларга яхши натижаларга эришиш мумкинлиги айтилди.

Хосе Венансио ЎФА раҳбариятига терма жамоа бош мураббийи сифатида ишлаш имконият берилгани учун миннатдорчилик билдирди. Ўтган мусобақалар давомида ЎФА томонидан барча шароитлар тақдим этилганини қайд этди. Испаниялик мутахассис Ўзбекистондаги фаолияти давомида завқ билан ишлагани, барча мутахассислар унга кўмаклашганини айтиб, келгусида дўстона алоқаларни сақлаб қолиб, ҳар қандай ёрдамга тайёр эканини маълум қилди.

Испаниялик мутахассис билан тузилган шартнома якунланди.

Хосе Венансио Лопес 1965 йил 27 июнда туғилган. 2007 йилда Лопес Испания терма жамоасини бошқара бошлаганидан икки ой ўтгач, 2007 йилги Европа чемпионатида жамоа билан ғалабага эришган. 2008 йилги жаҳон чемпионатида у бошқарган испанлар 2-ўринни олган бўлса, 2010 йилги Европа чемпионатида яна чемпион бўлган.

Унинг бошқарувида Ўзбекистон футзал жамоаси сентябр-октябр ойларида Андижон, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган жаҳон чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этди. Мезбонлар Нидерландия билан дуранг ўйнаб, Панама ва Коста-Рика вакилларига ютқазиб, гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетди.

2021 йили Литва мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этганди — жамоа гуруҳдан кейинги босқичга чиққан, аммо нимчорак финалда Эронга ютқазганди.

Мавзуга оид