Ўзбекистон | 22:10 / 30.09.2019
172003
2 дақиқада ўқилади

Президент Шавкат Мирзиёев: «Ўзбекистонда рўмол ўрашга ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқда рўмол масаласидаги муҳокамалар юзасидан муносабат билдирди. 

30 сентябрь куни Кўксаройда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндорларига давлат мукофотларни топшириш маросими вақтида президент Ўзбекистонда рўмолга ҳеч ким ҳеч қачон тақиқ қўймаслигини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда турли масалалар кўтариляпти.

Қандай ярашади ўзбекона рўмоллар. Қандай ярашади ўзбекона кийинишларимиз. Шу туришингиз муқаддас ўзбек онаси тимсоли. Меҳрли онамиз, сингилларимиз мана шундай юришига ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди Ўзбекистонда. 

Мана ҳаммамизнинг бувиларимиз ўтган, ҳаёт оналаримиз бор, уларнинг кийинишига қараб ҳаммамиз ҳавас қиламиз, мен ҳам сиз билан мана шундай ўғил тарбиялаганингиз учун, сиз билан самимий кўришганимдан бахтиёрман. Сиз бахтиёр онасиз, мен бахтиёр президентман сиз орқали», деган президент маросим вақтида боксчи Миразиз Мирзахалиловнинг онасини кузатар экан.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг мажлис вақтида рўмол ва соқол масаласидаги гаплари аудиоси кенг муҳокама қилинаётганди.

Фарғона вилояти ҳокими селектор давомида турк инсвесторининг соқолини олишни буюрган, вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса, ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини айтгани, шунингдек, олдида ким бўлишидан қатъи назар рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Бугун, 30 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг масаласи кўриб чиқилди. Йиғилишда Шуҳрат Ғаниев айбини тан олди, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилди.

Мавзуга оид