Ўзбекистон | 23:14 / 22.12.2020
14952
2 дақиқада ўқилади

Турдимов қурилишлар бўйича йиғилиш ўтказди. Булунғур ҳокими ўринбосари ишдан олинади

22 декабр куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қурилиш соҳасига алоқадор бир нечта масъул раҳбарлар огоҳлантирилди.

Йиғилишда Жомбой туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Ҳусан Ҳамраевга ҳайфсан берилиши, Булунғур тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Раббимқул Халжигитов вазифасидан озод этилиши маълум қилинган.

Kun.uz Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан олган маълумотда Раббимқул Халжигитов нима учун вазифасидан озод этилишига аниқлик киритилмаган.

Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳоким ўринбосари ҳозирча расман ишдан бўшатилмаган.

Вилоят ҳокимлиги ахборотига кўра, 2020 йилда Самарқанд вилоятида «Қишлоқ қурилиш инвест» ҳамда «Ўзшаҳарқурилиш инвест» корхоналари томонидан вилоят бўйича жами 2414 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи ушбу уй жойларни фойдаланишга топшириш ҳолатини ўрганганида жойларда қурилиш меъёрлари ва сифат талабларининг бузилиши, уйларнинг фойдаланишга қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилмагани аниқланган.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги учта 5 қаватли (90 хонадонли) турар жой қурилиш ишлари якунланмаган. Оқова сувларнинг чиқиш йўли мавжуд эмас, уйлар табиий газ тармоғига уланмаган.

Жомбой туманида эса уйларнинг қурилишида меъёрдан ортиқ миқдорда синиқ ғиштлардан фойдаланилган. Паст Дарғом туманида уйларнинг ташқи электр таъминоти бўйича лойиҳалар мавжуд эмас, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини барпо этишда қурилиш меъёрларига амал қилинмаган. Қувурлар оддий симлар, арматура ва қувур бўлаклари билан мустаҳкамланган.

Нарпай туманида кўп қаватли уйларга кириш эшиклари сифатсиз тарзда ўрнатилган, ичимлик суви тармоғига уланмаган, айрим хонадонларда пол қопламалари аллақачон қўпорилган. Қўшработда эса қурилиш монтаж ишлари кўнгилдагидек олиб борилмаган. Иситиш тизими ҳам номига ўрнатилган, дейилади ҳокимлик маълумотида.

Мавзуга оид